1

Талабаларимиз инсон ҳис-туйғуларини англовчи дастур яратдилар

HI-TECH 28.12.2019, 18:20
Теглар: талаба, дастур
Талабаларимиз инсон ҳис-туйғуларини англовчи дастур яратдилар

Тошкентдаги Инҳа университетининг тўртинчи курс талабалари Абдуллоҳ Асқаров, Шаҳобиддин Ўрмонов, Сардор Иброҳимов, Бедилбек Ҳамидов, Элдор Абдуҳамидов ва Шерзод Ниёзовлар профессор Frensis Tai No бошчилигида C-Vision ноёб сунъий кўриш тизимини яратдилар. Бу хусусда университет матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарга кўра, талабалар инсон ҳиссиётлари орқали у ҳақида маълумот олиниши, шунингдек қараш йўналишини аниқлайдиган ва одамнинг кейинги ҳатти-ҳаракатларини аниқлаб берадиган дастур намойиш этдилар.

«Дастур одамнинг қарашини аниқлайди, унинг ҳис-туйғуларини англайди ва ушбу маълумотларни, масалан, реал вақтда маърузачининг нутқи билан таққослайди. Ушбу хизмат маърузанинг ҳар сониясида тингловчилар томонидан идрок этилиши ёки сезмаслик даражасини белгилайди», – дейди талаба Абдуллоҳ Асқаров.

Ишлаб чиқувчиларнинг хабарига кўра, бу лойиҳа мобил дастур ҳисобланиб, у турли соҳаларда ишлатилиши мумкин: таълим, хавфсизлик, реклама ва шунга ўхшаш.

«Дастур катта тадбирларда хавфсизликни таъминлаш учун ишлатилиши ҳам кўзда тутилган. Масалан, бир неча сония ичида бу дастур ҳиссиётларни таний олади ва таҳлил қилади, натижада спорт стадионида, концерт залида минглаб одамларнинг ниятларини аниқлаб бера олади. Дастур салбий ҳис-туйғуларга эга одамларни аниқлайди ва уларни алоҳида кластерга жойлаштиради. Бу хавфсизлик ходимларининг ишини анча енгиллаштиради», – дейди ишлаб чиқувчилар.

Бундан ташқари, таълим соҳасида қўллаш мумкин бўлиб, у талабаларнинг маъруза/дарс жараёнида қанчалик қизиқиш билан иштирок этаётганини аниқлайди.

«Сунъий интеллект профессори, профессор Frensis Tai No ушбу дастурни яратишда бизни илҳомлантирди. Унинг сўзларига кўра, нафақат назарияни ўрганиш, балки уни ҳаётда қўллаш ҳам керак. Биз курс лойиҳасини олгач, дастлаб шаҳар кўчаларида видеокузатув хизматини яратишга қарор қилдик. Аммо ривожланиш жараёнида ушбу дастур жуда мобил бўлиб, турли соҳаларда осонликча қўлланила бошлади. Биз буни реклама агентликларига ҳам тавсия этамиз. Шунингдек, агар сиз кўчаларга камералар ўрнатадиган бўлсангиз, дастур орқали шаҳар аҳолисининг ҳис-туйғуларини кузатишингиз мумкин», – дея қўшимча қилди ишлаб чиқувчилар.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари ўзларининг ишланмалари билан Варшавада бўлиб ўтган Microsoft Thenext AIGuardians-2019 халқаро сунъий интеллект танловининг финал босқичида қатнашдилар. Ўзбекистонлик дастурчилар бундай танловда биринчи маротаба иштирок этиб, унинг ғолибига айланди. Бундан ташқари, худди шу лойиҳа билан талабалар Google TakeOff-2019 халқаро стартап танловида иштирок этиб, энг яхши элликталикдан жой эгалладилар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1