1

“Тангем” 3 млн долларлик сериални Ўзбекистон халқига ҳадя этди

МАДАНИЯТ 21.04.2020, 15:40
“Тангем” 3 млн долларлик сериални Ўзбекистон халқига ҳадя этди

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги туристик бренд элчиси, машҳур “Сарой жавоҳири” телесериалидаги Тангем роли ижрочиси Ли Ён Э ўзи иштирокидаги янги сериални Ўзбекистонга ҳадя қилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар бермоқда.

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонасида Ўзбекистоннинг Кореядаги туристик бренд элчиси, таниқли актриса Ли Ён Э ҳамда “GroupEight” компанияси раиси Бьёнг Жун Сонг билан учрашув бўлиб ўтган.  Учрашувда актриса бутун дунёдаги коронавирус билан боғлиқ пандемия сабаб апрель ойида Ўзбекистонга кела олмаслигини афсус билан қайд этиб, COVID-19 билан боғлиқ вазият нормаллашганидан сўнг продюсер Бьёнг Жун Сонг билан албатта мамлакатимизга ташриф буюришини маълум қилган. 

Актриса Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва диққатга сазовор масканлари билан яқиндан танишишни мақсад қилгани, шунингдек мамлакатимиз туристик брендини тарғиб қилишда давом этишини алоҳида таъкидлаган. 

Учрашув давомида Ли Ён Э Ўзбекистон халқига ўзи бош ролни ижро этган “Саимдан, ранг-баранг хотиралар” номли телесериалини беминнат асосда ҳадя қилган. Актриса ушбу сериал айни дамда аксарият вақтини  уйда ўтказаётган Ўзбекистон аҳолисига вақтни мазмунли ўтказишига ёрдам беради дея умид билдирган.  

 “Давлат раҳбари ташаббуси билан хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг туризм элчиси лавозимига чет эллик машҳур сиёсий, маданий, спорт ва ишбилармон доиралари вакиллари тайинланиб келинмоқда. Бундай шахсларнинг туризм тарғиботига жалб қилиниши юртимизга келадиган хорижий сайёҳлар оқимини ошириш йўлида хизмат қилади. Хорижий мамлакатлардаги туристик бренд элчиларининг ҳозирги пандемия шароитида Ўзбекистон ва унинг халқига бундай эътиборни намоён этиши, албатта, таҳсинга сазовордир”, - дейди Азиз Абдуҳакимов. 

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргарликда фильмни таржима ва дубляж қилишга доир ишлар олиб борилмоқда.  Ушбу жараёнлар ўз якунига етганидан сўнг сериал томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.   

Маълумот учун: “Саимдан, ранг-баранг хотиралар”  Жанубий Кореянинг 30 серияли драмаси бўлиб, кореялик машҳур мусаввир, хаттот ва шоира Шин Саимдан (1504-1551) ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Корея Республикасининг 50 000 вон номиналли энг йирик банкнотасида унинг тасвири акс эттирилган. Мазкур сериал 2017 йилда Жанубий Кореянинг “SBS” телеканалида эфирга узатилган. Шундан сўнг Хитой, Япония, Сингапур, Малайзия, Таиланд ва бошқа мамлакатлар телекомпаниялари уни (ўртача 3 млн АҚШ доллари эвазига) трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1