"У юртимизни босиб олиш чоғида ҳалок бўлган 24 нафар рус аскари шарафига қурилган..." Тошкентда таъмирдан чиққан ёдгорлик тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди

МАДАНИЯТ 27.04.2020, 21:40
"У юртимизни босиб олиш чоғида ҳалок бўлган 24 нафар рус аскари шарафига қурилган..." Тошкентда таъмирдан чиққан ёдгорлик тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди

Ўтган ҳафта Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Камолон” маҳалласида жойлашган тарихий “Часовня” ёдгорлиги (Георгий Победоносец бутхонаси) таъмирдан чиқарилгани ҳақида хабар ва фотосуратлар пойтахт ҳокимлиги  томонидан тарқатилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг телеграм каналидан скриншот

Аммо бу хабар жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлди. Бу ҳақда "Zamon.uz" сайти ёзади. 

Журналист Рустам Жабборов фейсбук саҳифасига мазкур ёдгорликнинг таъмирланиши ҳақида пост қолдирган.  Унда жумладан, шундай дейилади:

“Яқинда Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан юртимизни босиб олиш чоғида ҳалок бўлган 24 нафар рус аскари шарафига бунёд этилган Авлиё Георгий бутхонасининг қайта таъмирланиши ҳақида турли фикрлар пайдо бўлди.
Тасаввур қилинг, бу босқин халқимиз бошига не-не кунларни солмади. Наҳотки, озодлик учун жон берган ўн минглаб аждодларимизни, кули кўкка соврилган шаҳару қишлоқларимизни, ёндирилган, йўқ қилинган маданий бойликларимизни, топталган динимиз, қадриятларимиз, тарихий меросимини эсдан чиқариш шу қадар осон бўлди?
Ватан деб, иймон деб, ор-номус деб жон берган шаҳид кетган боболаримизга муносиб кўрилмаган бундай шараф не ажабки, уларни беаёв қирган, отган, осган, бадарға қилган золимларга насиб қилган бўлса? Албатта, биз рус халқининг Пушкин, Толстой, Чехов, Гоголь, Грибоедов, Есенин сингари буюк даҳолари олдида ҳамиша таъзимдамиз. Уларнинг хотирасини қанча ардоқласак арзийди. Аммо Ватанимизни поймол қилган босқинчиларни эмас…
Аввало, бутун дунё, жумладан бизнинг халқимиз ҳам пандемиядан азият чекиб, коронавирусга чалинганлар ортиб бораётган, юз минглаб оилалар карантин туфайли даромад манбаидан айрилган, давлат иқтиисодиёти хавф остида турган бир пайтда, миллиардлаб маблағ эвазига бу ёдгорликни тиклаш шунчалик зарурмиди? (Гарчи бу ташаббус анча олдинроқ бошланган бўлса-да) Шундай вазиятда ҳам бунёдкорликни унутмаган эканмиз, обод қилиниши, тикланиши, таъмирланиши лозим бўлган бошқа муассасалар, таълим-тарбия масканлари йўқмиди? Бу маблағ эвазига танг аҳволда қолган минглаб оилаларга ёрдам кўрсатиш мумкин эди-ку?” деб ёзади журналист.

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров эса бу қабрни таъмирланганлигида фойда бор деб ҳисоблайди. 

“Бу ерга фарзандларингизни олиб боринг. Кўрсатинг ва эсланг! Қачонлардир бизни босиб олишган ва ғуруримизни, юртимизни топташган. Тартиб билан тизиб қўйилган замбаракларнинг ўқини қўл билан ушлаб кўришсин. Арзимас чақага тайёрланган қўрғошин қуймаси ва замбаракларни душманлардан каррасига кўпроқ сотиб олиш учун тилласи бўлиб туриб белкурак ва найза билан химояланган озодлик… 

Бугун хатоларни такрорламаслик учун кечани таҳлил қилиш, хулосаларни тўғри чиқариш керак. Олимларимиз ихтиро қилишсин, талабаларимиз илм олишсин, тадбиркорларимиз серҳаракат бўлишсин, давлат хизматчилари фидоий ва ҳалол бўлсинлар. Оилаларимиз мустаҳкам бўлсин, фарзандларимиз соғлом ва ғурурли тарбия кўрсинлар. Ҳар биримиз ишимизни масьул ва маромида бажарайлик. Шунда биз ҳам Амир Темурни Олтин Ўрдага якун ясаб, тарихни янги ўзанига асос солган майдонларига бориб эслатмалар тикамиз.

Мамлакат ва миллатни беҳуда ва бефойда шовқин билан эмас, қайноқ юрак ва совуқ тафаккур билан асрашни ўрганишимиз керак!” дейди депутат.

Фото: Юрий Корсунцев

Бугун Ўзбекистон маданият вазирлиги матбуот хизмати таъмирдан чиққан ушбу ёдгорлик ҳақида қуйидаги маълумотларни тақдим этди:

“Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 11 ноябрдаги “Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қуридиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича сайёр йиғилиш” тўғрисидаги 01-05/121-1-сонли баёнининг 18-бандида “Тошкент шаҳри, Самарқанд дарвоза, Офтоб кўчасида жойлашган Часовня Святого Георгия Победаносца” қадимий мерос объектини реконструкция қилиш ва ҳудудни ободонлаштириш  ишларини ташкил этиш белгиланган. 

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Камолон” маҳалласида жойлашган тарихий ёдгорлик “Часовня” ҳудудига 1886 йилда 24 нафар рус аскарлари дафн этилган. Бир қаватдан иборат бино йиллар давомида таъмирланмаган. 

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг Илмий-эксперт комиссияси лойиҳа ишларига хулоса берган ҳамда “Мерос чашмаси” ДУК лойиҳалаш ташкилоти томонидан лойиҳа ишлари амалга оширирилган.

Унинг таъмирлаш ишлари Тошкент шаҳар хокимлиги томонидан ёлланган “Ижод-ижод” хусусий корхонаси мутахассислари реконструкция  ишларини олиб борган. Объект таъмирланишига В.Л.Гальперин номидаги “Тошкент труба заводи” ҳомийлик қилган.

Мазкур объект Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарорининг 1-иловасига мувофиқ, Миллий рўйхатига киритилмаган. Навбатдаги моддий маданий мерос объектларини қайта хатловида “Часовня Святого Георгия Победаносца” қадимий объекти рўйхатига қайта киритилиши режалаштирилган”.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1