1

Санитария-эпидемиология хизматининг қарийб 11 мингга яқин ходимларининг иш ҳақи 2,5 бараварга оширилди — Президент

СИЁСАТ 29.04.2020, 21:29
Санитария-эпидемиология хизматининг қарийб 11 мингга яқин ходимларининг иш ҳақи 2,5 бараварга оширилди — Президент

Бугун, 29 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. 

Йиғилишда давлат раҳбари эпидемиологик вазият ва пандемияга қарши кураш бўйича ишларга тўхталди. 

"Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича ушбу касалликка чалинган 1066 нафар ёки 55 фоиз бемор тўлиқ соғайганини алоҳида қайд этмоқчиман. Охирги 5 кунда – 505 нафар.

Қолган 894 нафар беморни ҳам даволаш юзасидан, ўзимизда амалий ёрдам бераётган 18 нафар хитойлик, германиялик, кореялик врачлар ҳамда телемедицина орқали бошқа етакчи хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик қилган ҳолда, барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Мамлакатимиз тиббиёт ходимларининг бугунги кунда касалликка қарши олиб бораётган машаққатли ва ўта масъулиятли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш учун куни кеча яна бир муҳим қарорни имзоладим.

Унга кўра, санитария-эпидемиология хизматининг қарийб 11 мингга яқин барча тоифадаги тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 2,5 бараварга оширилди.

Умуман, карантин қоидаларини ўз вақтида жорий этганимиз ва халқимиз унга сабр-тоқат билан амал қилаётгани туфайли кўплаб туман ва шаҳарларда инфекция тарқалишига йўл қўймадик", деди Шавкат Мирзиёев.

Президент фурсатдан фойдаланиб, пандемияга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатаётган барча шифокорларга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига, ҳарбийларга, вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг раҳбарлари ва хизматчиларига, нуронийлар ва маҳалла фаолларига, тадбиркорларга, олимлар, ўқитувчи ва домлалар, ижодкор зиёлилар, имом-хатибларга, оммавий ахборот воситалари вакилларига, волонтёрларга миннатдорлик билдирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1