my5

«UzAutoMotors» депутат Расул Кушербаевнинг енгил автомобиллар нархларини ошириш бўйича айбловига муносабат билдирди

ЖАМИЯТ 07.08.2020, 13:30
1175
«UzAutoMotors» депутат Расул Кушербаевнинг енгил автомобиллар нархларини ошириш бўйича айбловига муносабат билдирди

Расул Кушербаевнинг енгил автомобиллар нархларини ошириш бўйича “UZAUTOMOTORS” АЖга айбловни ўзининг телеграм каналида эълон қилди.

"Куни кеча Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UZAUTOMOTORS” АЖда Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, шу жумладан, ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан ўтказилган текширув натижасида қўзғатилган иш “UZAUTO MOTORS” АЖ вакиллари иштирокида видеоконференц режимида кўриб чиқилди. 
Текшириш жараёнида қуйидаги қонунбузилиш аломатлари аниқланган. Хусусан, “UZAUTO MOTORS” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг амалдаги нархларини шакллантиришда айрим харажатларни ошириб киритганлиги сабабли монопол юқори нарх қўлланилиши аломатлари аниқланган. Бунда:
Биринчидан, автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда нормаланадиган харажатларни, яъни бутловчи қисм ва материаллар нархини ошириб киритиш;
Иккинчидан, Жамият томонидан автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда ўтган йилнинг 9-ойлик ҳисобот кўрсаткичлари инобатга олиш оқибатида нормаланмайдиган харажатларнинг ошиши;
Учинчидан, Жамият томонидан автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда реклама харажати ва бошқа харажатлар асоссиз киритилишининг нархга таъсири;
Тўртинчидан, автомобилларнинг базавий нархини шакллантиришда кредитга боғлиқ харажатларнинг нотўғри киритилиши каби омиллар нарх юқори шаклланишига сабаб бўлган.
Бундан ташқари енгил автомобилларни истеъмолчиларга реализация қилишда айрим дилерларга бошқаларига нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёз ва енгилликларни бериш, янги ташкил этилаётган дилерлар билан шартнома тузишда шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни қўйиш каби ҳолатларни содир этиш аломатлари аниқланган. Бу қисқа муддатда сотилган автомобилларнинг аксарият қисми кам сонли айрим дилерлар орқали сотилишига сабаб бўлган. (Шу ери жуда шубҳали ҳаракат)
Яна бир масала: “UzAuto Motors” АЖ янги ташкил этилаётган дилерлик марказлари билан тузиладиган дилерлик шартномасига 10 млрд сўм миқдорида олдиндан тўлов ўтказиш шартини киритган бўлиб, бироқ шу кунга қадар амалда ишлаб турган дилерлик марказлари билан тузилган шартномаларда бундай шартлар мавжуд эмас. Бу ўз ўрнида янги иштирокчиларнинг “бозор”га кириб келишида сунъий тўсиқ пайдо қилган.
Яна бир қизиқ ҳолат шундаки, махсус акцияга тушган автомобилларни муддатли тўлов асосида сотишни “UZAUTO MOTORS” АЖ ўзи таъсисчилигидаги “Autosanoat Invest” МЧЖ орқали амалга ошириш тизимини шакллантирган. Бунда бошқа дилерлар тўғридан-тўғри бу ишни амалга ошира олишмай, сунъий тўсиқ қўйилган.
Бу ҳолатлар атрофлича муҳокама этилди. Ва кутилганидек, “UZAUTO MOTORS” АЖ бу важларни тан олмай қўшимча ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, иш мазмунига таълуқли материалларни тақдим этишини билдириб ўтди. Шу сабабли ишни кўришни яқин кунларда давом эттиришга қарор қилинди.
Муҳокамада Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш бўйича махсус комиссияси қарор қабул қилганидан сўнг натижаси бўйича қўшимча ахборот тақдим этилиши маълум қилинди.
Шу сабабли қўмита текширувида аниқлаган рақамлар ва уларнинг таҳлили ҳақида комиссия қароридан сўнг батафсил тўхталиб ўтамиз" дейди депутат.

 

«UzAutoMotors» компанияси 5 август, чоршанба куни депутат Расул Кушербаевнинг айбловига жавоб берди.

Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, компания депутатни шуҳрат учун ўз тасдиғини топмаган маълумотларни тарқатишда айблаган.

«Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ‘UzAutoMotors’ AЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг ‘Рақобат тўғрисида’ги қонуни талабларига риоя этилиши юзасидан текшируви доирасида компания ваколатли давлат идораси билан мутлақо шаффофлик асосида ҳамкорлик қилмоқда ва барча зарурий маълумотларни тақдим этмоқда. Aфсуски, шахсий шуҳрат илинжидаги айрим шахслар текширув якунини кутмай, унинг тафсилотларини чоп этмоқдалар, текширувчиларнинг алоҳида талқинларини ҳеч тортинмай аниқланган факт ўлароқ кўрсатмоқдалар», — дейилади расмий хабарда.

Баёнотда «UzAutoMotors» текширув натижалари бўйича якуний хулоса берилишини кутмаган депутат Кушербаев популист эканига ишора қилган.

«Либерал-демократик партия аъзосининг бу борадаги фикри ўзгача экан — унинг томонидан нафақат популистик фикр-мулоҳазалар, балки Монополияга қарши курашиш қўмитаси тезисларининг очиқ-ойдин бузилган талқини навбатдаги ахборот порцияси ўлароқ 5 августда ўз шахсий Telegram каналида оммага эълон қилинди», — дейилади «UzAuto Motors» баёнотида.

Шунингдек, компания ўтказилаётган текширувлар тасодифан депутатлар сўрови билан бир вақтга тўғри келиб қолганини айтган.

«Кимдадир депутатлик сўрови ‘UzAutoMotors’ текшируви учун туртки бўлган, деган фикр уйғониши мумкин. Юмшоқроқ айтадиган бўлсак, бу ҳақиқатга тўғри келмайди: кенг кўламли текширув бораётганига бир неча ой бўлди, лекин 29 июлда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси нархни шакллантириш масаласини чуқурроқ ўрганиш тўғрисида қарор қабул қилган куни депутатлар гуруҳидан сўров келиб тушган. Тасодифми? Шубҳасиз. Шундай бўлса-да, Расул Кушербаев на иш ташаббусчиси, на унинг иштирокчиси бўла туриб, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг нотўғри ролини ўзида синаб кўрди — ўзи видеоконференция режимида қатнашган иш юзасидан томонлар ўртасидаги муҳокаманинг тафсилотлари юзасидан шахсий талқинлари билан жамоатчиликни ҳайратга солди. Унинг журналистика факультетининг битирувчиси мақомига чуқур ҳурмат билдирган ҳолда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг позициясини эълон қилиш қўмита матбуот хизматининг ваколати доирасидаги иш, деб ҳисоблаймиз. Ваҳоланки, матбуот хизмати ахлоқ меъёрларини бузиб, ишчи талқинларни факт ўлароқ тақдим этишни ўзига эп кўрмаган бўларди», — дейилади хабарда.

Хабар берилишича, Монополияга қарши курашиш экспертлари мартдаги нарх ўзгаришига асос бўлган эҳтиёт қисмлар нархининг узоқ муддатли прогнозининг аниқлигини текширмоқда.

«Муҳим жиҳати — факт аниқланмаган, балки масала кўриб чиқилмоқда! Aммо, маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчига нисбатан қандайдир нафрат ҳис этувчи қонун ижодкори бу нуқтага қараб ўтирармиди?», — дейди компания.

Таъкидланишича, ҳозирда мувофиқлаштирувчи идора мутахассислари реклама харажатлари ва кредитларга хизмат кўрсатиш харажатларининг нарх белгилаш жараёнига киритилишини ҳам ўрганмоқда.

«Бу йўналишда ҳам компания мувофиқлаштирувчи идора билан ҳамкорликда ишламоқда, ўзи ишлаб чиққан ва бир қатор идоралар томонидан тасдиқланган ҳисоб-китоблар тўғрилигини маъқулламоқда. Шубҳасиз, бу борада охирги хулосани Монополияга қарши курашиш қўмитаси айтади», — дейди компания.

«UzAutoMotors» Расул Кушербаевнинг дилерлик салони имкониятлари ҳақидаги фикрига ҳам муносабат билдирган.

«Кейин Расул Хидралиевич факт ўлароқ тақдим этилиши мумкин бўлган бошқа салмоқли гумонлар топа олмай, ‘UzAutoMotors’нинг дилерлар билан муносабатларига ўтди — гўёки, уларнинг баъзилари бошқаларига тенг бўлмаган шароитда эмишлар.

Депутат масала моҳиятини тушуниб етмай, лекин ‘ўзга фикрга ўрин йўқ’ қабилида иш кўриб, компания янги дилерлардан 10 миллиард сўм миқдорида олдиндан тўловни талаб қилишини, ишлаб турган дилерларга эса бундай талаб йўқ эканлигини даъво қилди. Aгар у бевосита компанияга савол билан мурожаат этишни ўзига эп кўрганда эди, компания томонидан ўтказилган объектив таҳлил автосалонлар сонининг ҳаддан ортиқлигини, нисбатан кичик ҳудудларда ўта кўп жойлашганлигини ва кўплаб сотув нуқталарининг самарадорлиги пастлигини билиб олган бўларди. Вазиятни соғломлаштириш учун амалдаги дилерлар билан уларнинг сервис даражасини оширишга қаратилган ўзаро ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилди. Aйнан шу мантиққа асосан, ‘UzAutoMotors’ шериклик тармоғига қўшилишни истаган янги номзодларга ҳам мижозларга хизмат кўрсатиш даражаси борасида, ҳам савдо шартлари юзасидан янги талаблар қўяди. Табиийки, бу истеъмолчи учун якуний нархга мутлақо таъсир кўрсатмайди, аммо ғазаб отига минган депутат ‘халқ манфаатларини ҳимоя қилиш’дан четланиб, оммавий тарзда айрим тижорат тузилмалари манфаатларини ҳимоялашга ўтиб кетганлигини пайқамай қолди. Бу ерда нима бирламчи-ю, нима иккиламчи — муҳокама қилиб ўтирмаймиз.

Давоми яна ҳам қизиқроқ. Депутат текширув ‘UzAutoMotors’ компаниясининг махсус акциялари орқали автомобилларни муддатли тўлов асосида сотиш фақат компания муассислигидаги ‘Autosanoat Invest’ МЧЖ орқали амалга оширилганлигини кўрсатган. Бошқа дилерлар бевосита бундай акция ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмаганликларини эълон қилди. Бу эса учига чиққан сафсатабозлик ва қип-қизил ёлғоннинг ўзгинаси: ‘UzAutoMotors’ компанияси ‘Autosanoat Invest’нинг муассиси эмас ва ҳеч қачон бўлмаган ҳам — бу компания 100 фоиз ‘Ўзавтосаноат’ AЖга тегишли. Бундан ташқари, ‘UzAutoMotors’ амалда ҳеч қандай акция уюштирмайди — у фақат автомобиллар ишлаб чиқаради, уларни кейин дилерлар ўз автосалонларида сотадилар. Дилерлар эса, ўз навбатида, амалдаги қонунчилик доирасида ва ўз фантазияларидан келиб чиқиб, исталган акцияни ўтказишлари мумкин. ‘Autosanoat Invest’ бир қатор ўз акцияларини ўйлаб топди ва ишлаб чиқди, лекин юзга яқин бошқа дилерлик корхоналарининг ҳар бири ҳам худди шундай ҳуқуққа эга. Боз устига, улар бу ҳуқуқларидан фаол фойдаланадилар, ҳатто автомобилларнинг бепул ўйналишига қадар ўз акцияларини ишлаб чиқадилар», — дея компания депутат фикрига раддия берган.

«UzAutoMotors» депутатнинг «Ва кутилганидек, ‘UzAutoMotors’ AЖ бу важларни тан олмай қўшимча ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, иш мазмунига тааллуқли материалларни тақдим этишини билдириб ўтди» деган фикрига ҳам жавоб берган.

«Ўз ‘мухбирлик’ маҳсулини хулосалар экан, депутат қайғуриб ёзади: ‘кутилганидек’ автомобиль ишлаб чиқарувчи келтирилган қонунбузарликларни тан олмади ва материаллар ўрганилганидан кейин қўшимча ҳужжатлар тақдим этишини билдирди, шундан сўнг ишни кўриб чиқиш давом этади. Нима ҳам қилардик — биринчидан, бу тизим айнан аргументлар ва контраргументлар асосида ишлайди, иккинчидан, ушбу жараёнда кузатувчи ролини бажарган депутат ниманинг тан олинишини кутганди? ‘UzAuto Motors’ ўзига мутлақо алоқаси йўқ компаниянинг муассиси эканлигиними? Ёки 10 минглаб мижозлари ўртасида ҳавас қиларли мунтазамликда акциялар ўтказиб келадиган ‘UzAutoMotors’ дилерларига бундай акциялар уюштириш тақиқланганиними?

Шубҳасиз, ‘UzAutoMotors’ турли даврлар ва бошқарувга турлича ёндашувларни бошидан ўтказди. Шу билан бирга, камида кейинги икки йилда компания ўз фаолиятини очиқлик ва истеъмолчи билан ҳурмат асосидаги мулоқот асосида қурмоқда. Ўн йиллаб бутунлай бошқача шароитларда ишлангани туфайли тўпланиб қолган камчиликлар ҳақида компания раҳбарияти ҳаммадан яхшироқ хабардор. Ушбу нуқсонлар изчил бартараф этиляпти ва бу жараён халқ эътиборидан четда қолмайди, деб умид қиламиз. Табиийки, компания конструктив танқид учун очиқ, аммо очиқ-ойдин ғаразли ҳужум уюштиришдан олдин яхшироқ тайёргарлик кўриши лозим бўлган одамларнинг қуруқ айбловларига, хусусан, уларнинг ҳақоратларига жим қараб турмайди. Aгар компания қаердадир ноҳақ бўлса, ўз хатоси устида ишлашга тайёр. Лекин тегишли хулосани давлат идорасидан олишни кутамиз», — дейилади компания ахборотида.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+7.47° ясно
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92