my5

Барчани қизиқтираётган “Темир дафтар”! Бу нима? Унинг рўйхатига киришга кимлар ҳақли? (батафсил)

ЖАМИЯТ 09.08.2020, 02:20
1937
Барчани қизиқтираётган “Темир дафтар”! Бу нима? Унинг рўйхатига киришга кимлар ҳақли? (батафсил)

Сўнгги пайтларда жуда кўп тилга олинаётган “темир дафтар” атамаси мамлакат тажрибасида янгилик бўлганлиги боис, у юртдошларимиз орасида турлича талқин қилиниб, шу ўринда тушунмовчиликларни ҳам юзага келишига сабаб бўлмоқда. Хўш, аслида бу қандай тизим? Унга қайси тоифадаги аҳоли қамраб олинади? Уни юритиш учун кимлар масъул? Шу ва шу каби саволларга 6 август куни вазирликлар, Наманган вилоят ҳокимлиги масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган брифингда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ҳудудларни комплекс ривожлантириш Департаменти директори Вохид Раҳимов жавоб берди.

— “Темир дафтар” – бу нима? 

— “Темир дафтар” — бу оилаларни камбағалликдан чиқариш, ижтимоий аҳволи ҳамда турмуш шароити оғир бўлган оилаларни доимий бандлик ва даромад манбаибилан таъминлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сектор раҳбарлари (Таҳр. туман ҳокими, туман прокурори, туман солиқ бўлими бошлиғи ва туман ИИБ бошлиғи) томонидан алоҳида назоратга олинган оилалар қайд этиладиган “saxovat.argos.uz”электрон дастури бўлиб, бунда пандемия шароитида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож, иш жойи ва даромад манбаини йўқотган фуқаролар, шунингдек ногиронлар, якка-ёлғиз кексалар ва кам таъминланганлиги каби меъзонларга асосланиб киритилган оилаларнинг манзилли рўйхати. 

— Рўйхат қандай шакллантирилади?

— Сектор раҳбарлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда секторларга бириктирилган маҳаллаларда уйма-уй юриб оилаларнинг моддий ва турмуш шароитини ҳар томонлама ўрганган ҳолда сектор котиби томонидан “saxovat.argos.uz” электрон базасига киритилади.

— Рўйхатга киритилган фуқароларга қандай кўмак кўрсатилади?

— “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам бериш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш орқали ёрдам кўрсатилади.

— “Темир дафтар”дан қачон ва қандай тартибда чиқарилади? 

— Рўйхатга киритилган фуқаро қачонки доимий иш ва даромад манбаига эга бўлса, сектор раҳбарларининг тавсияси ҳамда ўша доимий даромадга эга бўлган оила бошлиғининг бу тўғрисидаги ёзма мурожаати кўра туман (шаҳар) Халқ депутатлари кенгашиқарори асосида чиқарилади.

— Маълумотлар қанча вақтда янгиланади? 

— “Темир дафтар”дан чиқариш ва уларнинг ўрнига янги оилаларни киритиш бўйича маълумотлар кунлик янгиланиб борилади.

— Ўзбекистондаги “Темир дафтар”га киритилган ва ундан чиқарилган оилалар сонининг умумий миқдори қанчани ташкил қилади?

— Жами рўйхатга киритилган 400 772 нафар оиланинг 153 393 нафари бу рўйхатдан чиқарилган, яъни ўша оилалардаги меҳнатга лаёқатли 184 516 нафар фуқаро. 305 998 нафар оиланинг 369 856 нафар аъзоси ишга жойлаштирилган. (Таҳр. Бу 8 августга қадар бўлган маълумотлар бўлиб, юқорида рўйхатнинг кунлик янгиланишини ҳисобга олиш сўралади.)

Хулоса ўрнида

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январдаги Парламентга қилган Мурожаатномасида Ўзбекистондаги камбағаллик даражаси 12-15 %, яъни 4-5 миллион эканлигини айтиб ўтган эди. Агар ҳисоблайдиган бўлсак, 4-5 млн. камбағал деб топилган аҳолининг 184 мингдан ортиғи (3-4 %) ҳатто бугунги пандемия шароитида иш билан таъминланиб, камбағалликдан 3-4 % бўлса ҳам чиқарилишига эришилган экан, бунинг ижобий натижа эканлигини эътироф этиш лозим. Ўйлаймизки, мақолани ўқиб, “Темир дафтар” ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдингиз. 

Сардорбек Раҳмонқулов  

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+13° ясно
Валюта курси
10315.62
USD 20.29
12210.60
EUR 15.78
136.28
RUB -1.37