my5

Қибрайда чамадон ичидан Олий суд собиқ ходимининг жасади чиқди

ЖАМИЯТ 10.08.2020, 12:00
2462
Қибрайда чамадон ичидан Олий суд собиқ ходимининг жасади чиқди

Қибрай туманида саёҳат жомадонидан мурда топилди. Бу ҳақдаги маълумотномани  Бош прокуратура матбуот хизмати «darakchi.uz»га тақдим этди.

Келтирилишича, шу йилнинг 8 август куни кечга яқин Қибрай тумани ИИБга «Қодирия ГЭСлар Каскади» унитар корхонаси 11-сонли ГЭСининг 2-аванкамерасида саёҳат чемоданига инсон жасади тиқиб қўйилгани ҳақида хабар қилинган.

Ҳодиса жойи кўздан кечирилганда, ярим очиқ ҳолатдаги «BIAHao» саёҳат чемодани ичида сочларига оқ оралаган эркак кишининг жасади борлиги маълум бўлади.

Мурданинг баданида тан жароҳати ва ундан қолган излар аниқланмаган. Шимининг чўнтагидан жами 410 000 сўм миқдорда нақд пул топилган.

Олиб борилган тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида мурданинг шахсига ойдинлик киритилган: у 1968 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилиб келган Ш.А. экани аниқланди. (Марҳум илгари Ўзбекистон Республикаси Олий судида таъминотчи вазифасида ишлагани айтилади).

Дастлабки маълумотларга кўра, Ш.А. шу йилнинг 7 август куни эрталаб уйидан «Gentra» русумли автомашинасида Тошкент шаҳридаги Республика Шошилинч тез тиббий клиник (собиқ 6-сонли) шифохонасига чиқиб кетган.

Мазкур транспорт воситасини аниқлаш бўйича «Тўсиб ушлаш» тадбири эълон қилиниб, транспорт воситаси қаерда эканлигини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Бўстонлиқ тумани суд тиббий экспертиза бўлинмасининг бирламчи маълумотномасида марҳум Ш.А. «бўйин аъзолари тўмтоқ жисм таъсирида сиқилиши оқибатида юзага келган механик асфиксия»дан вафот этгани қайд этилган.

Айни пайтда ҳолат бўйича Қибрай туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноятни фош этиш мақсадида Тошкент вилоят ИИББ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда туман ИИБ ходимларидан иборат тезкор гуруҳлар ташкил этилиб, тергов ҳамда тезкор-қидирув ҳаракатлари амалга оширилмоқда, дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Шарҳлар

Меҳмон 10.08.2020, 13:23
Не иначе действовал спецназ.
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+25° ясно
Валюта курси
10315.62
USD 20.29
12210.60
EUR 15.78
136.28
RUB -1.37