my5

Шифокорларимиз нобуд бўлмоқда, қандай чора бор?

ЖАМИЯТ 11.08.2020, 09:25
1148
Шифокорларимиз нобуд бўлмоқда, қандай чора бор?

Пандемия қулоч ёйгани сари у келтириб чиқараётган муаммолар ҳам бўй кўрсатяпти. Қийин вазиятга тушган тиббиёт тизими бугун яна бир муаммога дуч келган – кураш жараёнида шифокорлар нобуд бўлмоқда. Бу ҳақда "kun.uz" сайтида ёзилмоқда.

Албатта, ҳар қандай жангда аскарлар қурбон бўлиши табиий. Тиббиёт ходими ҳам инсон, Аллоҳнинг бир бандаси. Қолаверса, шифокорлар ҳам шу давлатнинг оддий фуқаролари қаторида, бир қарашда уларнинг ҳам касалликдан вафот этишида ғайритабиийлик йўқдек.

Аммо танганинг иккинчи тарафи ҳам бор – бир шифокор бугунги жараёнда ўрта ҳисобда 50-60 (баъзан 100) нафаргача беморнинг соғлиги учун курашади. Энди унинг сафдан чиқиши (ёки Худо сақласин, вафот этиши) малакали мутахассисларга ниҳоятда кучли эҳтиёж бўлиб турган бугунги кунда катта йўқотиш бўлади ва унинг ўрнини тўлдиришнинг амалда имкони бўлмай қолади.

Мисолларга эътибор қаратайлик:

1. Самарқанд шаҳри 1-клиник шифохонаси етакчи шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор, кафедра мудири Неъматилла Аралов узлуксиз фаолияти давомида шу касалликка чалинган ва 62 ёшида вафот этган. Бир инсон профессор даражасига етгунича неча йиллар керак, аммо мураккаб дард бир неча кундаёқ ўз ишини қилди;

2. Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири Марҳабо Аҳмедова ҳам 62 ёшида COVID-19'дан вафот этди. Шифокорнинг ўлими ҳатто расман эълон қилинмаган ва умумий рўйхатга қўшилмаган;

3. Республика фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази торакал хирургия бўлими бошлиғи Одилжон Неъматов 43 ёшида вафот этди. Ортидан 5 фарзанди қолган умидли ва ёш мутахассис фаолияти давомида жуда кўплаб мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажарган. Аммо айнан ўпка касаллиги шифокорнинг ҳаётига нуқта қўйди;

Ҳозир бундай мисолларни кўплаб келтириш, ҳар бир вилоятдан топиш мумкин. Аммо масаланинг ечими марҳум шифокорларнинг сонини аниқлашда эмас.

Тиббиёт ходимларининг ўзи тиббий ёрдамга муҳтож бўлаётганига оид вазият шу қадар жиддийлашганки, ҳатто ижтимоий тармоқларда вафот этганларнинг рўйхатлари эълон қилинган, бу касалликка чалинган врачларни алоҳида клиникага жойлаб даволаш таклифи ҳам илгари сурилган.

Ҳоким минглаб чақиримдан алоҳида самолёт билан олиб келинганида шифокорлар ҳеч бўлмаса ўз ҳудудларида алоҳида даволанишларида мантиқ бордек. Ички ишлар каби тизимларнинг ўз шифохоналари бор, аммо бўзчи бўзга ёлчимаганидек бугун шифокор ўзининг соҳасига қаттиқ муҳтож бўлиб турибди.

Юқорида айтилганидек, қонун жиҳатдан балки шифокорлар алоҳида эътиборга молик эмасдирлар. Аммо уларни йўқотиш вазиятни янада чуқурлаштириб юборишни англатади ва бу масала Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тегишли ташкилотларнинг муҳокамасига арзийди.

Зеро кейин кеч бўлиши мумкин!

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+21° ясно
Валюта курси
10371.76
USD 7.28
12153.63
EUR -101.33
133.19
RUB -1.84