my5

“Энди ҳаммаси тамом, деб ўйлагандим”. “темир дафтар”дан чиқиш арафасида турган Роҳатой опанинг кечинмалари

ЖАМИЯТ 12.08.2020, 20:39
651
“Энди ҳаммаси тамом, деб ўйлагандим”. “темир дафтар”дан чиқиш арафасида турган Роҳатой опанинг кечинмалари

Унга шу пайтга қадар ҳам маҳалладан ижтимоий ёрдам бўлиб турган. Лекин бу даражада эмас. У бугун яхши даромад олишга эришди. Яхши инсонлар ва тўғри ижтимоий сиёсат уни умидсизликдан чиқарди...

Наманган вилоятининг Наманган туманида яшовчи Маллабоева Роҳатой опанинг 17, 11 ва 9 ёшли уч фарзанди бор. Турмуш ўртоғи Россия давлатига ишлаш учун кетиб пандемия таъсирида уёқда ҳам ишлари юришмай, уйига пул жўнатолмай қолади. Роҳатой опа эса ҳеч қаерга ишламайди, болаларига эса нон керак...

“Карантин жуда қаттиқ, ҳолатим жуда оғир пайт эди”

Май ойи эди. Карантин жуда қаттиқ, ҳолатим жуда оғир пайт эди. Энди ҳаммаси тамом, деб ўйлагандим. Ҳовлимда йиғлаб ўтиргандим, туман прокурори маҳалла фаоллари билан кириб келишди. Аҳвол сўрашди ва менга умид беришди. Уларни менга Худо етказди! Шундан кейин менга товуқ беришди. Ҳозир товуқларим 9-10 та тухум беради. Бепул 1 сотихли иссиқхона қуриб беришди. Унга бодринг экдик. Кредитга 2 та голланд сигири олиб беришди. Улардан кунига 6 литр сут оламан. 2 ой олдин 300 та бедана ҳам беришди. Улар кунига 40 000 – 50 000 сўмлик тухум беришади. Мен “нол”га тушиб қолгандим, ҳозир аҳволим анча яхши”, - дейди бугунги ҳаётидан мамнун кўзларига ёш олиб Роҳатой опа.

Масъуллар кўмаги билан ойлик 3-4 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш имкони яратилди

Маҳалла масъулларининг ёрдами билан Ободанлаштириш бўлимига ишга жойлаштирилган Роҳатой опа у ердан ҳам 700 000 сўмдан ортиқ ойлик маош олади. Шунингдек, фарзандлари учун 14 ёшгача бўлган фарзандлар нафақасини ҳам. Бировнинг чўнтагини ҳисоблаш аҳлоқ меъёрларига тўғри келмас, аммо умидсизликка тушиб қолган бир оилага бугун масъуллар кўмаги билан ойлик 3-4 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш имкони яратилди.

“Энди Россиядан келадиган пулларга эҳтиёжимиз ҳам йўқ”

Анча ўзимизни тиклаб олдик. Энди Россиядан келадиган пулларга эҳтиёжимиз ҳам йўқ, у пуллар йиғилади. Қурбон ҳайити учун ҳам бир миллион сўм беришди. Бу пулга иссиқхонамиз учун сув тизимини ўрнатиб олдик. Худо хоҳласа, бодринг ҳосилга киргач, янаям аҳволимиз яхшиланади”, - дея Роҳатой опа Президентимиз ва барча масъулларни дуо қилди.   

Бундай олиб қараса, Роҳатой опага берилган ёрдам миқдори жуда катта маблағларни талаб этмаган. Шунчаки, ҳолатга тўғри ёндашилиб, юқори самарадорликка эришилган. “Роҳатой опа ҳам энди “темир дафтар”дан чиқарилиши арафасида”, - дейди Наманган тумани ҳокимининг 1-ўринбосари Аъзамжон Аҳмадалиев. 

Вазиятнинг бевосита гувоҳи сифатида тушкунликка тушган оилага умид бериб, бугун маълум даромад манбаига эга бўлишларига кўмаклашган масъуллар хизматига тасанно айтасан киши. Роҳатой опанинг эса энди тадбиркорлигини ривожлантириб, оиласининг иқтисодий аҳволини янада тиклаб кетишидан умидвормиз.

 

Сардорбек Раҳмонқулов

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+12° ясно
Валюта курси
10315.62
USD 20.29
12210.60
EUR 15.78
136.28
RUB -1.37