Коррупция бугун ё кеча пайдо бўлиб қолган иллат эмас. У биргина ҳудуд ёки давлатнинг ҳам муаммоси эмас. Бу оламшумул офатнинг у ёки бу турдаги кўринишлари инсоният тарихининг турли даврларида мавжуд бўлиб келган.
Коррупция нима ўзи?
Коррупция лотин тилидаги corroptio сўздан олинган бўлиб, сотиб олиш, бузилиш, йўлдан уриш сингари маъноларни беради. Қадимги Рим ёки Юнонистонда ҳам, ўрта асрларда Шарқ ва Ғарб мамлакатларида ҳам давлат хизматидаги мулозимларнинг жиноятга қўл уриши, порахўрлик, тамаъгирлик сингари қусурлар бўй кўрсатган.
Албатта қонуний, ахлоқий ва диний манбалар бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларни ҳар доим қоралаб келган. Жумладан, ислом динида ҳам бу иллат тақиқланади. Хусусан, Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 188-оятида: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг”,деямарҳамат қилинади. Шу сабабли ўтмишда буюк аждодларимиз ҳам давлатнинг илдизига болта урадиган салбий одатларни қатъий қоралаганлар. Алишер Навоийнинг бир рубоийси ҳам айнан шу хусусда:
То хирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жониға бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.Яъни юртда очкўзлик, баднафслик, тамагирлик, адолатсизлик барҳам топмас экан, халқ фаровонлиги, одамларнинг розилиги, мамлакат ободлигини таъминлаб бўлмайди.
Бугунга қадар ҳали бирор бир мамлакат бу офатни таг-туги билан йўқ қилолгани йўқ. Қайсидир давлат бу иллатга қарши курашда анча юқори натижаларга эришган бўлса, бошқа бир ўлка тобора коррупция ботқоғига ботиб бормоқда. Рад этиб бўлмас ҳақиқат шуки, қайси юртда коррупция даражаси паст бўлса, ўша ерда ривожланиш кўрсаткичлар баланд бўлади.
Ким бошида, ким охирида...
Гарвард университети ва Массачусетс технологиялар институти томонидан ишлаб чиқилган, 149 та мамлакат ўрин олган Ижтимоий ривожланиш индекси (The Social Progress Index) бўйича жорий йилда дунёда Норвегия, Дания, Швейцария, Финляндия, Швеция, Исландия, Янги Зеландия, Германия, Канада, Япония сингари мамлакатлар етакчилик қилиб келаётган бўлса, бу рўйхат сўнгидан Конго Демократик Республикаси, Эритрея, Чад, Марказий Африка Республикаси, Жанубий Судан мамлакатлари ўрин олган.
Халқаро коррупцияга қарши кураш нодавлат ташкилоти – Transparency International ташкилотининг 2020 йил бошида эълон қилинган рейтинги ҳам юқоридаги фикрларни батамом тасдиқлайди. Мазкур рейтингда коррупциядан холилик даражаси 0 дан юзгача балл тизимида баҳоланган бўлиб, дастлабки рейтингда тилга олинган Шимолий Европа мамлакатлари, Канада, Япония сингари давлатлар ушбу рўйхатнинг бошидан, ривожланишдан анча орқа қолган Африка, уруш ва нотинчлик гирдобидаги Яқин Шарқ мамлакатлари охиридан ўрин олган.
БМТ маълумотларига кўра, дунё иқтисодиёти ҳар йили коррупция сабабли 2,6 триллион долларни йўқотмоқда. Бу дунёдаги мавжуд ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизидан кўпроғини ташкил этади
Яъни, ҳар йили ўнлаб мамлакатлар иқтисодиётини тиклаш, миллионлаб қашшоқларга ёрдам бериш, иш ўринлари яратиш, қанча-қанча мактаблар, олий ўқув юртлари, шифо масканлариқуришга сарфланиши мумкин бўлган беҳисоб маблағлар муайян жиноий тўдалар, коррупционерлар, ноинсоф амалдорлар, порахўр, манфаатпараст раҳбарлар қўлига ўтиб кетмоқда.
Коррупция, уюшган жиноятчилик, ижтимоий тенгсизлик алалоқибат турли низолар, қуролли тўқнашувларга замин яратади. Амалдорлар, виждонсиз кимсалар мамлакат ғазнаси ва оддий фуқароларнинг чўнтагидан ўмарилган бойликлар ҳисобидан бойиб бораверишади. Оддий халқнинг турмуш тарзи тобора қашшоқлашаверади.
Жаҳон билан ҳамнафас
Албатта, жаҳон ҳамжамияти коррупциянинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш борасида узоқ йиллардан бери бош қотириб, тизимли чораларни қўллаб келади.
Кўплаб ривожланган давлатларда коррупцияга қарши кураш механизми анча йиллар аввал шаклланган. Масалан, Буюк Британияда 1889 йилдаёқ “Давлат идораларида порахўрликка қарши курашиш тўғрисида” ва 1906 йил 4 августда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган эди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 2003 йил 31 октябрдаги 58-сессиясида имзоланди. Айни пайтга қадардунёнинг 172 давлати қўшилган бу Конвенцияда мамлакат ривожи ва халқ фаровонлиги йўлидадаги барча ишларда ҳалоллик, қонун устуворлиги, эркинлик ва ошкоралик каби фазилатлар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланади.
2008 йили мамлакатимиз БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенция”сига, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига ҳам аъзо бўлди.
Кейинги йилларда бу балойи азимга қарши курашиш юртимизда янги босқичга кўтарилди. 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 2019 йил 27 майда Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. 2020 йил 26 июнь куни Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Буларниг барчаси мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган кенг қамровли саъй-ҳаракатлар бошланганидан дарак беради.
“Ҳалоллик вакцинаси”
Бугун вакцина дунё аҳли учун нажотбахшсўз ўлароқ жарангламоқда. Турли давлатларда коронавирусга карши вакцина тайёрлаш, уни тезроқ синовдан ўтказиш ва сотувга чиқариш учун “пойга” бошланган.
Аммо, Ер юзида коронавирусдан-да даҳшатлироқ, қудратлироқ куч бу коррупциядир. У туфайли кўпдан бери адолатситзлик, ноҳақлик, тенгсизлик дунёнинг катта қисмига ўзининг қора кўланкасини ташлаб келмоқда. У туфайли уруш ва можаролар, қашшоқлик ва етишмовчиликлар тинмайди. У боис ҳар йили миллионлаб инсонлар қуролли тўқнашувлар, очлик ва муҳтожлик, ноҳақ ҳукмлар қурбонига айланади. Катта эҳтимол билан дунёнинг икки юзга яқин мамлакатида коронавирус “туп қўйиб палак ёзиши”да ҳам ўз чиркин манфаатларини кўзлаётган қора гуруҳлар, ёвуз кучлар, коррупцион тизимлар борлигини инкор этиб бўлмайди.
Шундай экан, сайёрамиздаги кўплаб иллатларнинг илдизига болта уриш учун аввало коррупцияни йўқотиш керак. Коронавирусга қарши вакцина эртами-кеч барча мамлакатларга етиб бориши, инсоният бу оғир дарддан қутулиши мумкин. Аммо, коррупция-чи?
Жорий йил бошида мамлакатимиз раҳбари олий мажлис палаталарига йўллаган мурожаатномасида айнан коррупцияни йўқотиш учун ҳар бир инсон “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши зарурлигини таъкидлаган эди.
Аслида бу “вакцина” бутун мамлакатнинг ҳаёт-мамотини белгиловчи омил эканлиги бугун ўз исботини топаётир. Бироқ, таассуфки, коррупция жамиятнинг ҳар бир жинкўчасигача кириб борган, ҳар биримизнинг қайсидир маънода ҳаётимизга таъсир этаётир. Тан олиш лозимки, инсон туғилганидан бошлаб ҳаётининг сўнгги дамларига қадар ва ҳатто ундан кейин ҳам коррупциянинг у ёки бу кўринишига дуч келади. Чақалоқни эсон-омон дунёга келтириш, она ва болага рисоладагидек эътибор қаратиш учун албатта доялар ёки туғруқхона ходимларининг “кўнглини олиш керак”. Бола яхшироқ боғчага жойлашиши, бошқалардан кўра яхшироқ таълим берадиган мактабга бориши учун ҳам баъзан кимлар биландир “гаплашилмаса” иш битмайди. Ўқишга кириши учун боланинг билими ва иқтидори асқотса хўп-хўп, акс ҳолда яна ўша эски одатларни қўллаймиз. Ўқишни битирган ўғил-қизни ишга жойлашда ҳам кўпчилик яна “ё зари, ё зўри”ни ишга солади. Иш жараёнида-ку, коррупциянинг минг бир қиёфаси билан юзлашиш мумкин. Яхши ҳордиқ чиқариш, имтиёзли уй-жой, кредит олиш, йўл ҳаракатидаги қоидабузарликларни хаспўшлаш, соғлиқни тиклаш.. Ҳатто баъзида марҳумни тезроқ тупроққа топшириш ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлмайди.
Албатта, ҳар бир муассаса, ҳар қандай соҳада фидойи, ўз касбини виждонан, сидқидилдан бажариб келаётган раҳбар ва мутасаддилар кўп. Аммо, азалий қоида: гўшт суяксиз, гуруч курмаксиз бўлмайди...
Агар ҳар бир соҳа коррупция аталмиш “зарпечак”дан тозаланса, ҳар бир инсон қонида коррупцион “вирус”ларга қарши иммунитет шаклланса, бу иллатга қарши кураш янада жиддий ва муросасиз тус олса, қанчадан-қанча муаммолар ўз ечимини топган бўлур эди.
Республиканинг кўпгина тармоқларида “коррупциядан холи ҳудуд”ларни яратишга, ходимларни ишга олишда муайян қонун-қоидаларни жорий қилишга ҳаракат қилинмоқда, халқаро тажрибадан ўтган янгича тизимлар жорий этилмоқда. Буларнинг барчаси вақти келиб, ўз самарасини бериши табиий.
Ҳар куни оммавий ахборотвоситалари, ижтимоий тармоқлар орқали пора олаётиб қўлга тушган раҳбарлар ҳақидаги хабарлардан воқиф бўляпмиз. Ҳар йили юзлаб-минглаб мансабдор шахслар ўз нафсини жиловлай олмагани сабабли ишдан ҳайдалмоқда, жазога тортилмоқда, озодликдан маҳрум этилмоқда.
Аммо, бу курашни фақат муайян раҳбарлар, мутасадди ходимлар, масъул ташкилотларнинг зиммасига юклаш, фақат уларни жавобгарликка тортиш қўйиш ярамайди. Ҳар биримизнинг қон-томиримизда ҳали “коррупцион” вируслар бор. Афсуски, болаларимизга ҳам бу вируслар кўчиб ўтмоқда. Ҳар қандай масалани тезроқ ҳал қилиш учун таниш-билиш ёки пул керак деган ярамас ақидага кўникиб қолганмиз. Ҳолбуки, ҳақ-ҳуқуқларимизни пухта билсак ва уни ўз ўрнида талаб қила олсак, қайсидир маънода коррупцияга қарши курашда ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Нимагаки талаб пасаяр экан, таклиф ҳам шунга яраша бўлади. Талаб йўқолса, таклиф ҳам чекинади...
Р.Жабборов,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими