my5

Мустақиллик солномаси: Нималарга эришдик? (Бу қизиқ!)

ЖАМИЯТ 01.09.2020, 12:41
547
Мустақиллик солномаси: Нималарга эришдик? (Бу қизиқ!)

29 йилдирки 1 сентябрь – Мустақиллик кунини ўзгача бир ҳаяжон ва хурсандчилик билан нишонлаб келяпмиз. Минг шукрки, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар йилдан йилга халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниб, олқишланмоқда. Бу баландпарвоз гаплар эмас, балки айни ҳақиқатдир. Айниқса, сўнгги йилларда қабул қилинган қарорлар ўз натижаларини бериб, бу йиллар Ўзбекистон тарихи солномасида муҳим ўзгаришлари билан ёдда қоладиган бўлди. Биз энг улуғ ва энг азиз байрам арафасида мамлакатимиз ҳаётида туб бурилиш ясаган аҳамиятли ислоҳотларни ёдга олишни лозим топдик. Бу умумлаштирилган солнома барчангиз учун фойдали бўлади, деган умиддамиз.

Қўшни давлатлар билан чегаралар очилди

2017 йилдан бошлаб қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикалари билан чегара постлари очилиб, қўшни давлатлараро узилиб қолган бир неча ўн йиллик қўшничилик ва қариндошчилик алоқалари тикланди.

Пенсиялар тўлиқ нақд кўринишда бериладиган бўлди

2017 йил 2 февралда қабул қилинган “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси президентинингқарорига кўра, 2017 йилнинг февраль ойидан бошлаб барча турдаги пенсиялар бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилади

11 йиллик мактаб таълими қайта тикланди

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик мажбурий таълимга қайтилди. Бу қарорни барча ижобий кутиб олди.

Эркин конвертация жорий этилди

“Қора бозор” ва давлат банкларида икки хил нарх билан аҳолини қийнаб келган муаммога барҳам берилди. 2017 йил 5 сентябрдан эътиборан халқаро операцияларни, жумладан товар, иш ва хизматлар импорти, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган ўтказмаларни амалга ошириш учун тижорат банкларида чет эл валютасини чекловсиз сотиб олиш, тижорат банкларининг конверсион бўлимларида сотиб олинган чет эл маблағларини халқаро тўлов карталарига ўтказиш бўйича эркин сотиб олиши ва чет элда ҳеч қандай чекловларсиз ишлатиши, шу жумладан банк ҳисобварақлари орқали чет элда ўқиш, даволаниш ва бошқалар учун тўловни амалга ошириш имконияти яратилди.

Президент виртуал қабулхонаси ишга туширилди

2017 йил сентябрь ойидан бошлаб шикоятлар ва аризаларни кўриб чиқилиши бўйича Президент виртуал қабулхонаси ўз ишини бошлаб, шу кунгача миллионлаб аризалар кўриб чиқилди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди

2018 йил 10 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори билан Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги борасида давлат органлари ишидаги тизимли камчиликлар бартараф этилиб, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди.

Ишлаётган пенсионерларнинг пенсиялари тўлиқ бериладиган бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевниг “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланадиган бўлди.

Маҳбуслар ҳуқуқлари ҳимояси ҳам кучайтирилди

2019 йил мамлакатимизда маҳбусларни афв этиш институти жорий этилди. Шу билан бирга озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаш тартиби биринчи марта амалиётга киритилди. 

Уруш майдонидаги аёллар ва болалар қайтариб келинди

2019 йилда “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик тадбирлари муваффақиятли амалга оширилди. Ана шу тадбирлар доирасида Яқин Шарқдаги қуролли можаролар майдонидан, Афғонистондан асосан аёллар ва болалар юртимизга қайтариб олиб келинди. 

Тадбиркорлик ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилди

 2019 йил мамлакатимизда илк бор тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман институти жорий этилди. Бизнес соҳасидаги солиқлар сезиларли равишда қисқартирилди, кредит олиш имкониятлари кенгайтирилди. 

Маҳаллий ва хорижий сармоядорлар учун қонун ишлаб чиқилди

  2019 йил 5 декабрда “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилиниб, ушбу қонун билан маҳаллий ва хорижий сармоядорлар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари таъминланди. 

Сайлов кодекси қабул қилинди

Сайловга оид 21 та қонун тизимлаштирилиб, Ўзбекистон тарихида илк бор ягона Сайлов кодекси қабул қилинди. Бу миллий қонунчилигимизни мустаҳкамлаш, демократик сайловларни ўтказишни янада такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Олий таълимга қабулда 3 тагача йўналиш танлаш мумкин бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори лойиҳасида абитуриентларнинг ўқишга кириш имкониятларини ошириш мақсадида бир нечта ўзгартиришлар киритилиб, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларига ўқишга киришда абитуриентларга 3 та таълим йўналишини танлаш ҳуқуқи берилди. 

“Жаслиқ” қамоқхонаси тугатилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019-йил 2-август куни “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги (“Жаслиқ” қўрғонида жойлашган) қарорни имзолади. Ушбу қарор ижроси билан “Жаслиқ” қамоқхонаси тугатилди. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловларда иштирок этиши бўйича чеклов бекор қилинди.

Меҳнат мигрантлари билан тизимли ишлаш йўлга қўйилди

2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги президент фармони, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан илк бор хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни мўлжаллаётган меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилиб, уларга кредитлар, микроқарзлар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш учун субсидиялар берилди. Улар учун арзон уй-жойлар қурилиши бошланди. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссияси тузилди. Ҳукумат таркибида Хорижда вақтинчалик меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти ташкил этилди.

Гендер тенглик бўйича қонун қабул қилинди

2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлaр вa эркaклaр учун тенг ҳуқуқ ҳaмдa имкониятлaр кaфолaтлaри тўғрисидa” Ўзбекистон Республикaсининг қонуни ишлаб чиқилиб, икки жинс вакиллари ўртасидаги тенг ҳуқуқлилик кафолатлари таъминланди. 

Фуқаролик олиш тартиби соддалаштирилди 

2020 йил 13 март куни Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш тартиблари соддалаштирилди.

“Прописка” тизими ислоҳ этилди

2020 йилнинг 22 апрелида “Доимий пропискa қилиш ҳaмдa тургaн жойи бўйичa ҳисобгa олиш тaртибини ислоҳ қилиш чорa-тaдбирлaри тўғрисидa” Ўзбекистон Республикaси Президентининг Фaрмони қабул қилиниб, йиллар давомида аҳолининг оғриқли нуқтаси бўлган муаммога барҳам берилди. 

5 тага таълим йўналишини танлаш имкони яратилди

2019-2020 ўқув йилидан этиборан абитуриентлар учун кундузги ва сиртқи таълим йўналишларидан 5 тага йўналишни танлаш имконияти яратилди.

Камбағалликка қарши курашишга киришилди

2020 йилдан эътиборан президент даражасида камбағалликка қарши курашиш ишлари бошлаб юборилди. Бунда вилоят, туман секторлари раҳбарлари уйма-уй юриб, аҳолининг даромадсиз қолаётган қатламини аниқлаб, ўз ҳудуд имкониятларидан келиб чиқиб, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўришга киришди. Камбағал деб топилган “темир дафтар”га киритилган аҳолини маълум даромад манбаига эга бўлишлари учун имкониятлар яратиб келинмоқда. 

Хулоса ўрнида 

Бундан ташқари мамлакатимиз маданий ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутган “Мақомчилик”, “Бахшичилик” ва “Ҳунармандчилик” фестивалларининг ташкил этилишини ҳам эътироф этиб ўтиш лозим. Бу каби Мустақиллик солномасини кўплаб муҳим саналар билан бойитишимиз мумкин. Бунинг учун эса саҳифаларимиз камлик қилади. Биз энг муҳим саналарнигина эътиборингизга ҳавола қилдик. Мустақиллик шарофати ҳамда юртбошимиз ташаббуслари билан амалга оширилган бу каби ишлар натижасида Буюк Британиянинг “The Economist” ҳафталик журналида ўтган йили юртимизни “Йил давлати” сифатида эътироф этилиши, Американинг “Harper's Bazaar” нашрида эса, 2020 йилда албатта саёҳат қилиш лозим бўлган 20 та энг яхши йўналиш рўйхатида Ўзбекистонни биринчи ўринга лойиқ, CNN Travel сайти 2020 йилда саёҳат учун энг яхши жой, деб топилиши ҳам қилинган ишларнинг самараси десак, муболаға бўлмас. Дунёни эгаллаган падемия шароитида ҳам кайфиятларимизни туширмасдан, энг улуғ ва энг азиз байрамни яхши кайфиятда кутиб олишингизда тилакдошмиз. Мамлакатамизда эзгу ислоҳотлар солномаси кенгаяверсин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+7° ясно
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92