my5

Одессага тенглашаётган Самарқандда туризмга кўмак, камбағалликка қарши чоралар ҳақида

ЖАМИЯТ 02.09.2020, 17:54
386
Одессага тенглашаётган Самарқандда туризмга кўмак, камбағалликка қарши чоралар ҳақида

Одесса. Қора денгиз соҳилида жойлашган Украинанинг миллион аҳолисига эга гўзал курорт шаҳри. Майдони 162 кв.км. Самарқанд. Ўзбекистоннинг марказида жойлашган, туризмга ихтисослашган тарихий шаҳри. Майдони 120 кв.км. Асосий даромадларидан бири туризм эвазига шаклланадиган ҳар иккала шаҳарда пандемия туфайли туризм тушумлари кескин қисқариб кетди. Самарқандда бугун туризм тармоғига қандай кўмаклашилмоқда? Самарқанд нега Одессага қиёсланяпти? “миллион шаҳар” нимани англатади? Ва албатта, энг оғриқли муаммоларимиздан бўлган камбағалликка қарши курашишда “миллион шаҳар”нинг  аҳамияти қандай? Бугунги мавзумизда шу каби саволларга жавоб топамиз.

Пандемияда Самарқанд туризми қанчалик зарар кўрди?

Акром Эгамов, Самарқанд шаҳар ҳокими 1-ўринбосари:

— Туризм Коронавирус пандемиясининг салбий таъсири оқибатида энг кўп зарар кўрган ва кўраётган соҳалардан бири бўлди. Ушбу вазият туфайли шаҳримизга ташриф буюрган туристлар сони ҳамда улар ташрифидан олинадиган туристик хизматлар экспорти кескин камайди. Хусусан, ўтган 2019 йилнинг мос даврида 281 минг 200 нафар хорижий сайёҳлар ташрифи кузатилган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 49 минг 500 нафарни, маҳаллий сайёҳлар сони 1 млн. 281 минг нафарни ташкил этган бўлса, бу йил уларнинг сони 433 минг 455 нафарни ташкил этди. Шаҳардаги 250 та жойлаштириш воситаларида жорий йилнинг 8 ойи учун 120 минг нафар хорижий фуқароларга жойлар банд қилинган эди, ташрифлар бекор қилиниши оқибатида жойлаштириш воситалари 95 млрд. 300 млн. сўмлик тушумлардан маҳрум бўлишди.

Меҳмонхона хизматларига қандай кўмаклашилмоқда?

— Самарқанд шаҳрида коронавирус пандемияси даврида:

  • 20 та меҳмонхоналарда коронавирус инфекцияси билан касалланган ва инфекция билан зарарланганликда шубҳа остидаги шахсларни қабул қилган ҳамда 160 нафар ишчи ходимлари иш фаолиятини олиб борган.
  • Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 мартдаги 5969-сон фармони билан туристик операторларга, меҳмонхона бизнеси субъектларига, транспорт-логистика компанияларига ва туризм тармоғининг бошқа корхоналарига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликларни тўлаш бўйича кечиктиришни (жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда) 2020 йил  1 октябрга қадар узайтирилди.
  • Вилоятда 20 та жойлаштириш воситалари бугунги кунда тижорат банкларидан ўртача 20% ставкасида 30,9 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари олинган.
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги 5978-сон фармони билан туристик хизмат кўрсатувчи корхоналар ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилди ҳамда уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилди.
  • Шунингдек, Ўзбекистон Респубикаси Президентининг 2020 йил 28 майда қабул қилинган 6002-сонли фармони билан берилган ссуддалар, субсидиялар ва грантларнинг ажратилиши ҳозирги кунда молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналар фаолиятини қайта тиклашда катта амалий ёрдам бўлди.
  • Туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилди.
  • Барча турфирмалар ва жойлаштириш воситалари учун 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар ажратилмоқда.

 

“миллион шаҳар” нима ва унинг аҳамияти қандай?

“Самарқанд шаҳрида ҳозирда паспорт бўйича 549 мингга яқин аҳоли мавжуд. Лекин уйма-уй юриб текширилганда пропискаси бошқа ҳудудларда бўлиб, лекин Самарқанд шаҳрида яшаётганлар сони 940 минг нафардан ошади. Ҳозирда Самарқанд шаҳрини кенгайтириш масалалари кўрилмоқда. Агар шаҳарга ёндош туманларнинг бир қисми қўшилса, шунда шаҳримиз аниқ “миллион аҳолили шаҳар”га айланиб, ҳам майдони, ҳам аҳолиси жиҳатидан Одесссага тенглашади”, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов биз билан суҳбатда.

Унинг таъкидлашича, “миллион шаҳар”нинг ташкил этилиши билан шаҳарнинг инвестицион жозибадорлиги ошади. Унга қизиқувчилар кўпайиб, шаҳарда кўплаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга тушишига сабаб бўлади. Бу билан янги иш ўринлари яратилади. Маҳаллий ишсиз аҳоли  иш билан таъминланади.

Хулоса ўрнида

Самарқанд шаҳрида “темир дафтар” юритиш тизими бошқа туманларга қараганда бошқачароқ. Чунки аҳолисининг асосий қисми кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи шаҳарда камбағалликдан чиқариш учун фуқароларга иссиқхона, қорамол, паррандачилик ёки қишлоқ хўжалиги кооперациясини ташкил этиб кўмаклашиш имконсиз. Пандемия бўлмаганда туризмдан тушадиган даромадлар эвазига шаҳарда камбағалликка қарши курашиш бирмунча осон бўлар эди. Шунинг учун ҳам Самарқанд шаҳри тезроқ “миллион шаҳар”га айланишдан манфаатдор. Шундай бўлса-да, “темир дафтар” юритиш бўйича Самарқанд шаҳар тажрибаси шаклланган. Бу ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.

 

Сардорбек Раҳмонқулов 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+7° ясно
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92