my5

Суюқ туз ҳақида эшитганмисиз? Конимехнинг бу лойиҳаси кўпчиликнинг корига ярамоқда

ЖАМИЯТ 02.09.2020, 19:22
522
Суюқ туз ҳақида эшитганмисиз? Конимехнинг бу лойиҳаси кўпчиликнинг корига ярамоқда

Суюқ туз. Бу ҳақида илк бор эшитаётганимиз боис, қизиқишимиз устунлик қилиб, Навоий вилоятига қилган ташрифимиз чоғида Конимех туманида жойлашган туз маҳсулотлари қаторида суюқ туз ҳам ишлаб чиқарувчи “Shojon tuz group” корхонасига ташриф буюрдик. Карантин даврида, яъни 2020 йил 29 апрелда ишга туширилганлиги билан ҳам аҳамиятли корхона 50 нафар ишсизни, шу жумладан, 15 нафар “темир дафтар”га киритилган оила аъзоларини ҳам ишга қабул қилган. Адоғи кўринмас чўл яланглигида қурилган корхонада Ўзбекистонда илк маротаба жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган туздан қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бугун “қаловини топиб, қорни ҳам ёққан” тадбиркорнинг ҳам ўзига, ҳам ўзгаларга бераётган кўмаги ҳақида сўз юритамиз.

Нима учун суюқ туз?

“Shojon tuz group” корхонаси иш бошқарувчиси Садриддин Шукуровнинг таъкидига кўра, суюқ туздан текстил корхоналарида матони бўяш мақсадида фойдаланилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда илк бора суюқ туз айнан шу ерда ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари  корхонада туз тошлар ва туз қумлари қайта ишланиб, экспортбоп ош тузи ва сув ҳавзалари қувурларини тозалашда ишлатиладиган туз таблеткалари ҳам ишлаб чиқарилаётганининг гувоҳи бўлдик. Туман марказидан 30 км узоқликдаги “Зафаробод” МФЙда жойлашган “Shojon tuz group” МЧЖ лойиҳасининг умумий қиймати 17 млрд. сўмни ташкил этади. Йил охирига қадар корхона 80 минг АҚШ долларлик маҳсулотни экпорт қилишни режалаштирган.

“темир дафтар”га киритилган бир оила бугун 4-5 миллион сўм ойлик даромадга эришган

Имконияти бор ҳудудлар ўз йўлига, аммо чўл ҳудудида янги ишлаб чиқариш корхонаси ва ишчи ўринларини яратишнинг ўзи катта бир ташаббус. Мазкур корхонада ишловчи Бахтибай Баймуратов ҳам “темир дафтар”га киритилган оилалар рўйхатидан чиқарилиш арафасида. Сабаби корхона ташкил этилгандан буён у турмуш ўртоғи билан бирга шу ерда ишлайди. 

3 ойдан бери шу корхонада бригадир бўлиб ишлаяпман. Ойлигим “план”га қараб 3,5-4 млн. сўм. Бундан ташқари аёлим ҳам шу ерда ишлайди. У ҳам 1-1,5 млн. сўм маош оляпти. Оилавий даромадимиз ойлик 4-5 млн. сўмга етди. Энди бемалол “темир дафтар” рўйхатидан чиқсак бўлади”, - дейди Бахтибай Баймуратов. 

Хулоса ўрнида

Камбағалликка қарши курашиш давлат сиёсатига чиққан бугунги кунда бу сиёсат ижроси сифатида “темир дафтар”га кирган бир оиланинг бугунга келиб мўмай даромадга эришаётганини кўриш албатта қувонарли ҳол. Бу каби ташаббус ва лойиҳалари билан катта ишлар қилаётган тадбиркорларимиз эса мамлакатимизда талайгина. Муҳими, улар тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлардан тўлақонли фойдаланиб, камбағаллик даражасининг қисқаришида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда. 

Сардорбек Раҳмонқулов 

   

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+7° ясно
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92