Долзарб мавзулар Эътироф - 2016

Остеохондроз умуртқа чуррасига олиб келади

Бўлимлар: Саломатлик
Теглар:

Ички аъзоларнинг ўзи жойлашиб турган бўшлиқдан шу бўшлиқ деворидаги нуқсонлар туфайли ташқарига туртиб чиқишидан содир бўладиган касалликка чурра (грижа) дейилади. Чурралар аксарият ҳолларда қорин бўшлиғи, плевра, кўкрак, чов-ёрғоқ соҳаларида туғма ва орттирилган тарзда учрайди. Бугунги кунда умутрқалараро диск чурраси ҳам турли ёшдагилар ўртасида кўп учраши кузатилмоқда. Хўш, умуртқа чурраси нима сабабдан келиб чиқади?

Ушбу саволларга жавоб топиш учун олий тоифали жарроҳ, тиббиёт фанлари номзоди Отабой Мадаминовга мурожаат этдик.

Остеохондроз асорати остида

Кўп ҳолларда 35-40 ёшдан ошган кишиларда умуртқалар оралиғидаги тоғайнинг қайишқоқлиги камая боради. Негаки ёш ўтгани сайин тана қуруқлашиб умуртқалар ҳам суюқликка эҳтиёж сезади. Айнан шу вақтда умуртқа суяклари бир-бирига тегишининг олдини оладиган суюқлик озайиб, тоғайлар нозиклашади.

Умуртқа дискининг қуриши ва эластиклиги (қайишқоқлиги) нинг йўқолиши туфайли остеохондроз касаллиги пайдо бўлади. Бу эса бора-бора умуртқа диск чурралари ривожланишига имкон яратади.

Аслида умуртқа поғонасини умуртқа суяклари ва умуртқалараро дисклар ташкил этади. Умуртқанинг ҳаракатчанлигини умуртқалараро диск бажаради. Йиллар давомида оғир жисмоний меҳнат қилиш, мунтазам оғир юк кўтариш, бир хил ҳолатда қимирламасдан ўтириш оқибатида бу дисклар зўриқади ва уларда дегенератив ўзгаришлар юзага келади. Натижада умуртқа дискларининг фиброз халқаларида ёриқлар пайдо бўлади. Умуртқа дисклари ичидаги пульпоз (умуртқа ҳаракатларини таъминловчи ядро) шу ёриқлар орқали умуртқа канали томонга силжий бошлайди. Ёриқдан чиқиб келган мана шу диск ҳосиласи умуртқалараро диск чуррасидир.

Умуртқа чуррасининг олдини олиш учун бир жойда узоқ вақт қимирламай ўтириш, доимо оғир юк кўтариш, гавдани нотўғри тутиш (ёки эгилиб юриш) оқибатида келиб чиқадиган остеохондрозни ўз вақтида даволаш зарур бўлади.

Чаноқда сезувчанлик йўқолади

Агар беморнинг бўйин соҳасида мунтазам оғриқ бўлса ва у қўлларга тарқалса, шунингдек, томир тортишиши, бош оғриши ва айланиши рўй берса бўйин умуртқаси дискида чурра борлигидан дарак беради.

Белдаги доимий оғриқ оёқларга тарқалганда эса умуртқа дискининг чурраси кузатилади.

Чурра касаллиги ривожланиб кетганда бемор ён томонга қийшайиб юролмай қолади, кейинчалик чурра умуртқа каналига силжиб орқа мия ва асаб толаларини эзиб қўяди. Бунинг натижасида бемор вазн йўқотади, тери қуруқлашади, доим асабийлашади. Ҳатто унинг белидан пастки аъзоларда (айниқса чаноқ соҳасида) сезувчанлик йўқолиши ҳам мумкин. Охир-оқибат пешоб ва ич келишининг бошқарилиши издан чиқади.

Умуртқа диски чуррасининг илк аломатлари сезилгандаёқ мутахассис кўмагида даволаниш зарур. Акс ҳолда чурра оғир оқибатларга олиб келади.

АНИҚЛАШ ВА ДАВОЛАШ

  • Умуртқалараро диск чурраси аввало магнит резонансли томография текшируви аниқланади ва шундан сўнг муолажа белгиланади. Консерватив даво қилинганда дори-дармонлар ёки физиотерапия муолажалари ёрдамида чурра бор жойга махсус дори суюқликлари юборилади, витамин терапия ва мануал терапия қўлланилади, касалликнинг оғир-енгиллик даражасига қараб умуртқани махсус асбобда “тортиш” усули амалга оширилади.
  • Бордию консерватив даво ёрдам бермаса, жарроҳлик муолажаси бажарилади. Бунда орқа мия ва нерв илдизларини эзиб қўйган диск чурраси кесиб олиб ташланади.
  • Беморлар касаллик ривожланиб кетмаслиги учун ўзларини эҳтиёт қилишлари зарур. Айниқса оғир юк кўтариш, бир жойда узоқ вақт тик туриш ёки ўтириш, семириб кетишдан сақланишлари керак.
  • Умуртқа чурраси бор кишилар тез-тез шифокор билан маслаҳатлашиб унинг кўрсатмаларига амал қилишлари тавсия этилади. Чунки баъзан бемор умуртқа чурралари ривожланиб кетаётганлигини сезмай қолиши ҳам мумкин. Бу эса даволашни қийинлаштириб оғир асоратлар келтириб чиқаради.

 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Коментарии