Долзарб мавзулар Эътироф - 2016

Саратоннинг ҳамласига чап бериш мумкин

Бўлимлар: Саломатлик
Теглар:

Мавзуга доир саволларга онколог шифокор, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирза-Али Ғофур-Охунов жавоб беради.

Хавфли ўсмаларнинг келиб чиқиши овқатланишга боғлиқми?

  •  Касалликларининг учдан бир қисми овқатланишга боғлиқ кечади. Ўз вақтида овқат ейиш, мева-сабзавотлар, кўкатлар, витамин С, Е, А ва минералларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиб туриш танадаги тўқималар ҳолатини яхшилайди. Шуни таъкидлаш керакки, спорт билан мунтазам шуғулланиш, умуман, ҳаракатчанлик кўпгина касалликларнинг, жумладан саратоннинг ҳам олдини олади.

Тажрибаларимдан келиб чиққан ҳолда шуни айтишим жоизки, мева-сабзавотларни доимий равишда истеъмол қилган киши йўғон ичакнинг хавфли ўсмасидан йироқ бўлади. Пиёз ва саримсоқни хуш кўрувчиларда эса меъда саратони жуда кам учрайди. Яллиғланишларни дастлабки босқичда даволаган одамларда оғиз бўшлиғи, меъда ости бези, сийдик қопи саратони билан оғриш ҳоллари деярли кузатилмайди. Айниқса, тамаки чекишдан воз кечган одам ўзини энг оғир хасталикдан асраб қолган бўлади. 

Дарднинг  барча тури насл сурадими ёки?..

  • Яқин қариндоши ёки оиласидагилардан бирортаси саратон билан оғриб ўтган кишилар ҳушёр бўлишлари ва раколди касалликлар профилактикаси билан шуғулланиб туришлари лозим. Чунки саратоннинг пайдо бўлишида ирсий омилларнинг аҳамияти катта (3-6 фоизгача). Айниқса сут безлари, бачадон, тухумдон, йўғон ичак саратони, оқ қон (лейкоз) касаллиги,  ретинобластома, бош мия ўсмаларининг насл суриши аниқланган.

Шунингдек, йўғон ичакдаги полипозлар, меъда-ичак тизимидаги аденоматоз полипларнинг ҳосил бўлишида ҳам ирсий омиллар муҳим роль ўйнайди. Эндиликда саратон хасталигининг кейинги авлодда учраши ёки учрамаслигини олдиндан билиш имконияти мавжуд. Молекуляр генетик усуллар орқали маълум ахборотга эга бўлиш мумкин. Бу нарса оилаларда ўсма хасталигидан хавотирланишнинг олдини олади.

 Кимётерапиянинг таъсири қай даражада?

— Кимётерапия ўзига хос даволаш усули бўлиб, бунда бемор организмига юборилган дори моддаси ўсма хужайраларини ўсишдан тўхтатади ва нобуд қилади. Бундай дори воситалари бир ёки бир неча кун давомида венага юборилади, баъзан ичилади. Кейинчалик муолажа уч-тўрт ҳафтада бир маротаба такрорланиб туради. Шуни ёдда тутиш лозимки, кимётерапияда қўлланиладиган препаратлар соғлом тўқималарга ҳам таьсир қилиши мумкин. Яъни, кўнгил айниши, қусиш, анемия, соч тўкилиши ва ҳолсизланиш рўй беради.

Бемор кимётерапиядан сўнг қуйидаги тавсияларга амал қилгани маъқул:

а) муолажа пайтида шўр, қуруқ овқатлар еманг, апельсин, лимон, грейпфрут шарбатларини ичманг;

б) ҳадеб қусаверсангиз шифокор билан маслаҳатлашиб қайт қилишнинг олдини оладиган дори ичишингиз керак;

в) кўнглингиз айнаса, чуқур-чуқур нафас олинг, ўтиб кетади;

г) соч қисман ёки бутунлай тўкилса, хавотир олманг, чунки муолажа тугаганидан сўнг соч ўса бошлайди;

д) кимётерапия олаётганда сартарошга бормаганингиз маъқул, шунингдек сочни турмаклатиш ёки жингалак қилдириш мумкин эмас;

е) муолажа давомида юмшоқ овқатлар ва кўпроқ сутли таомлар истеьмол қилганингиз маьқул;

з) қуёш тиғида юришдан ёки нам ҳавода совуққотишдан ўзингизни асранг.

Касалликнинг олдини олиш учун  

— Аксарият ҳолларда ўсма касалликлари бошланишда клиник аломатларсиз кечади ва ривожланиб кетгандан сўнггина рўй-рост кўзга ташланади. Бунда асосан беморнинг сабабсиз озиб кетиши, қувватсизлик, иштаҳа йўқолиши, салга чарчаб қолиш ҳолатлари кузатилади. Айнан шу даврда саратон илдиз отиб, организмга заҳарли моддалар ажратаётган бўлади. Касалликда беморнинг кўнгли айнийди ва оғриқдан азоб тортади. Мана шу икки ҳолат саратонинг асосий белгилари саналади.

Касалликнинг бир аъзодан иккинчи аъзога ўсиб киришининг олдини олиш мақсадида жарроҳлик амалиёти билан бирга кимёвий усул, нур терапияси, иммунотерапия ва гормонотерапия қўлланилади. Шу ўринда айтишим жоизки, айримлар саратонга чалинган яқин кишиларини даволатиш учун чет элларга қатнаб юришади. Ваҳоланки, республикамизда ҳам бу дардни даволаш имкониятлари хорижникидан кам эмас. Бугунги онколог шифокорлар юқори малака ва етарли тажрибага эга, шунинг учун ҳам улар беморга тўғри ташхис қўйиб, саратонни илк босқичларидаёқ даволашга эришмоқдалар. Демак, бемор дард кучайиб кетмасдан шифокорга учраса ва мутахассис буюрган муолажаларни ўз вақтида олса саратоннинг ривожланишини тўхтатса бўлади.

— Ҳар бир одам хеч нарса безовта қилмаётган бўлсада, айниқса 40 ёшдан ошгандан сўнг йилда икки маротаба шифокор кўригидан ўтиши зарур. Унутмаслик керакки ёш ўтиши билан, айниқса климактерия даврида онкологик касалликларга йўлиқиш эҳтимоли ортади. Шундай экан, ўзингизни синчиклаб кузатинг, организмингиздаги бирорта ўзгаришга бепарво бўлманг. Агар сизда тез чарчаш, бутун танада оғриқ пайдо бўлиши, ҳазм жараёнининг бузилиши, овқат ютишнинг қийинлашиши, томоқ қичишиб йўтал тутиши ёки овоз бўғилиши, сабабсиз озиб кетиш, аёлларда сут безларининг қаттиқлашиши сингари ҳолатлар учраса албатта тиббий текширувлардан ўтинг.

Ёдда тутингки, ўз соғлиғингизга жиддий эътибор қилсангиз, бу нарса ракка олиб келувчи касалликларни бартараф этишга ёрдам беради.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Коментарии