Му5
8

Гипертоник криз ёхуд босим остидаги дард

САЛОМАТЛИК 21.12.2015, 11:09
10268
Гипертоник криз ёхуд босим остидаги дард

Касаллик ҳақидаги маълумотлар невропатолог шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Нигора ИНОҒОМОВА маслаҳат беради.

Гипертоник криз қон босимининг тўсатдан юқори кўрсатгичларгача кўтарилиши билан кечадиган ҳолат ҳисобланади. Қон босимининг кўтарилиши туфайли мияда бир қатор ўзгаришлар юзага келади. Гипертоник криз гипертония касаллигининг асоратидир. Турли асаббузарликлар, узоқ вақт дам олмасдан меҳнат қилиш ва жисмоний зўриқишлар, туз ва сувни кўп миқдорда истеъмол қилиш, об-ҳаво ўзгаришлари (ҳавонинг совиб кетиши, намлик кўпайиши, кучли шамол, магнит қуюнлари), спиртли ичимликларни кўп ичиш, кашандалик, кучли шовқин, шифокор буюрган дориларни ичишни тўхтатиб қўйиш, турли аллергик реакциялар, простата безининг хавфсиз ўсмаси (аденома), жуда чуқур куйишлар, бош мия ишининг вақтинчалик бузилиши ва холестеринга бой ёғли таомларни кўп истеъмол қилиш бу касалликка олиб келувчи омиллардир.

Аломатлари   

Эркакларга нисбатан аёлларда кўпроқ учрайдиган гипертоник  криз куннинг ҳар қандай вақтида юз бериши мумкин, бироқ кўпинча кечга яқин содир бўлади. Яна  бир муҳим белги шуки, касаллик тўсатдан бошланади. Кўпинча кризнинг бошланаётганини одам ўзида сезади: бош айланиши, қалтираш, қўрқув, хавотир юзага келади.

БОШ ИЧИДАГИ “ҒУВИЛЛАШ”ЛАР...

Кўпчилик беморларда гипертоник криз пайтида қон босими 200/120 мм. симоб устунигача ошади. Қон босими паст юрадиган одамларда гипертоник криз белгилари яққол билинади. Лекин баъзида одамда қон босими ҳаддан ортиқ кўтарилган бўлса-да, унинг белгилари билинмаслиги мумкин (кексаларда, қандли диабетга чалинган кишиларда).

Гипертоник криз пайтида мия томирларидаги босим ошиб кетади. Шу туфайли миянинг шикастланишига хос белгилар пайдо бўлиши мумкин. Жуда кучли бош оғриғи, бошда “шовқин” ҳисси, кўнгил айниши, қайт қилиш, кўз олди қоронғилашиши, уйқучанлик, эс-ҳуш бузилишлари шундай белгилардир.

Ўрта ёшли одамларга нисбатан кексаларда гипертоник криз тез-тез такрорланиб туришга мойил бўлади, шунингдек, юқорида айтиб ўтилгани каби тўсатдан эмас, балки аста-секинлик билан бошланади. Қарияларда бош оғриғи кучлироқ билинади, асосан энса соҳасида оғриқ кузатилади, халқ тилида бу “гардан тортиши”, деб аталади. Гипертоник кризнинг асорати сифатида қарияларда юрак етишмовчилиги, миокард инфаркти, юракнинг нотекис  уришлари келиб чиқиши мумкин.

Биринчи ёрдам  

Гипертоник криз пайтида энг аввало, беморни қулай, салқинроқ жойга ўтказинг. Унинг орқасига ёстиқ қўйиб, ярим ўтирган ҳолатга келтиринг. Кийимларини ечиб, эркин нафас олишига имкон беринг. Эшик, деразаларни очиб, хонани шамоллатинг. Иссиқ ванна тайёрлаб, бемор оёқларини солинг. Лимон чой ёки лимон шарбати ичиринг. Беморга уй шароитида дори берса бўлади. Агар беморнинг қон босими авваллари ошиб турган бўлса ва шифокор унга дори ёзган бўлса, ўша дориларни бериш мумкин. Одатда бу дориларнинг таъсири секин бошланади ва узоқ давом этади. Бироқ шуни эсда тутиш лозимки, гипертоник кризда қон босими қанчалик тез туширилса, шунча яхши.

Шифокор ёки тез ёрдам гуруҳи хонадонга ташриф буюргач, биринчи навбатда беморнинг қон босимини ўлчайди. Сўнгра керакли дори-дармонларни ичириши ёки томирга юбориши мумкин. Шифокор хулосасига кўра, беморнинг касалхонага ётқизилиши ёки ётқизилмаслиги ҳал қилинади.

Беморнинг аҳволи яхши бўлса, касалхонада даволаниш учун ётиши мумкин. Агар унинг аҳволи оғирлашиб, асоратлар вужудга келган бўлса, реанимация (жонлантириш) бўлимига ётқизилади.

БИР НЕЧА СОАТЛИК ТАҲЛИКА    

Гипертоник кризда беморнинг тақдири бир неча соат ичида ҳал бўлиши мумкин. Бу ҳолат асоратлари билан ҳам ҳаёт учун хавф солади. Ишемик ёки геморрагик инсульт, буйрак ишининг бузилиши, кўриш қобилиятининг  пасайиши ва ҳатто кўрлик, юракнинг кучли даражада нотекис уриши, миокард инфаркти гипертоник кризнинг асосий асоратларидан саналади.

Гипертоник кризнинг олдини олиш учун, гипертония касаллигидан сақланиш лозим. Бунинг учун:

  • ўз вазнингизни назорат қилиб туринг, семизликка йўл қўйманг, бунинг учун ҳайвон ёғида тайёрланган ёғли овқатларни чекланг, таомларни ўсимлик ёғида пиширганингиз маъқул;
  • калий ва кальцийга бой маҳсулотлар, шунингдек, ҳўл мевалар ва сабзавотлардан кўпроқ истеъмол қилинг;
  • кунлик истеъмол қилинадиган ош тузи миқдорини камайтиринг;
  • жисмоний машқларни канда қилманг, кунига 5-6 километр пиёда юришга одатланинг;
  • спиртли ичимликлар истеъмолини камайтиринг, чекишни ташланг.

Унутмангки, гипертоник кризни иложи борича тезроқ аниқлаш ва даволаш муҳим аҳамиятга эга. 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+11° туман
Валюта курси
9526.28
USD -2.21
10329.35
EUR 10
148.82
RUB -1.25
rightuz