my5
Sevimli

Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори нега ҳибсга олинди?

ЖАМИЯТ 10.09.2020, 14:59
Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори нега ҳибсга олинди?

Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни ҳибсга олинган. Бу ҳақда Kun.uz BBC News O’zbek’га таяниб хабар бермоқда.

 Гулжаҳон Йўлдошеванинг синглиси Шаҳло Йўлдошева бу маълумотни тасдиқлади, аммо айни вақтда Г.Йўлдошевага қандай айблов қўйилганини билмаслигини, опаси коронавирусга чалиниб даволанганини, ҳибс этилишидан бир кун олдин шифохонадан чиққанини, соғлиги ҳали тўлиқ тикланмаганини, ҳибсга олиниши натижасида икки ва уч ёшли фарзандлари онасидан ажратилганини айтиб берди.

Шаҳло Йўлдошева опасига нисбатан 250 миллион сўмлик маблағни талон-торож қилиш бўйича айблов қўйилаётганини айтган.

Жумладан, Гулжаҳон Йўлдошева ўзи бошчилик қилган касалхона биринчилардан бўлиб коронавирусга чалинган беморларни қабул қилгани, июль ойи ўртасидан шифохона оғир аҳволдаги беморлар билан тўлгани, ўлим ҳолатлари кузатилгани, бироқ шунга қарамай, вилоят тиббиёт бошқармаси томонидан ушбу касалхонада коронавирус беморлари даволанаётгани тан олинмагани ҳақида сўзлаган эди.

Кейинроқ, бу масалада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов муносабат билдириб, Чирчиқдаги шифохона COVID-19’ни даволашга ихтисослашмаганини, Г.Йўлдошева асоссиз маълумотлар тарқатаётганини айтганди. Бироқ мазкур касалхона СOVID-19га чалинганларни даволагани ва оғир пандемик вазиятда керакли тиббий техника билан таъминланмагани борасида айтилган иддаоларга етарлича изоҳ бермаган эди.

Маълумотларга кўра Гулжаҳон Йўлдошева 2018 йил сентябрдан буён Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, Тошкент вилояти бош инфекционисти лавозимида ишлаб келади. 6 нафар фарзанднинг онаси, фарзандларининг кичиги шу йилнинг 20 сентябрида икки ёшга тўлади.

Шарҳлар