Долзарб мавзулар Эътироф - 2016

Авитаминоз А витаминининг озлигиданми?

Бўлимлар: Саломатлик
Теглар:

Витаминлар инсон саломатлигини мустаҳкамлашда ўта муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг бирортаси етишмаса танада турли хасталиклар пайдо бўлади. Масалан, витамин С танқислигида тоғай ва суяк тўқималари тузилмаси бузилади. Қон томирлар деворининг ўзгарувчанлиги ортади, зангила (цинга) касаллиги рўй беради.

В гуруҳдаги витаминлар етишмаганида эса киши камқонликка учрайди, иш қобилияти пасаяди, иштаҳаси йўқолади. Витамин А  кам бўлган ҳолларда тери қуруқшаб, соч тўкилади. Тананинг витамин Е га бўлган талаби қондирилмаса, жинсий безлар ва мушак фаолияти сусая боради. Витамин К озайганида турли аъзолардан қон оқиши ҳоллари рўй беради, хусусан бурун ва милк тез-тез қонайдиган бўлиб қолади.

Демак, танамизда барча витаминлар мутаносиб бўлгандагина соғлом ва тетик юрамиз, касалликлар бизни четлаб ўтади.

БОШҚА САБАБЛАРИ ҲАМ БОР   

Баъзан ҳазм фаолиятидаги нуқсонлар туфайли истеъмол қилинадиган овқатларнинг ичакларда ўзлаштирилиши бузилади. Айрим ҳолларда ичак микроорганизмлари томонидан организмда витаминлар синтез қилиниши сусаяди.

Доим бир хил егуликлар (айниқса, рафинирланган, қуритилган ва консерваланган маҳсулотлар)ни истеъмол қилиш, кундалик овқатланишда  янги мева ва кўкатлар бўлмаслиги, маҳсулотларни нотўғри сақлаш, овқат пиширганда сабзавотлардаги зарур витаминларнинг парчаланиб кетиши, ақлий ва жисмоний толиқиш сингарилар ҳам витамин танқислигини келтириб чиқаради.

Шунингдек, меъда-ичак касалликлари (гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси)да, ҳатто гижжа касалликларида ҳам организмда витаминлар сўрилиши бузилади. Бундан ташқари аёлларда ҳомиладорлик ва бола эмизиш даврида ҳамда киши айрим антибиотиклар – сулфаниламид препаратларини узоқ вақт ичиб юрганда витамин етишмовчилиги келиб чиқади.

Баҳорнинг бошида витаминлар озаяди   

Баҳор фасли бошларида бозорларимиздаги ҳўл мевалар ҳамда кўкатларнинг таркибида витаминлар озаяди. Маълумки, витаминлар билан тўйинган тана бақувват бўлиб, касалликка камроқ чалинади. Қишда, кўклам чоғларида бундай витаминларга эҳтиёжимиз кучаяди. Гўштли ва сут қатиқли овқатлар витаминга бой кўкатлар ўрнини боса олмайди. Шундай экан, танамиздаги дармондориларга бўлган танқисликни қандай бартараф этиш мумкин?

  • Қиш бўйи ва баҳорнинг илк кунларида наъматак қоқиси қайнатиб, ичиб юрилса, организмда аскорбат кислота танқислиги рўй бермайди.
  • Ошкўкларни кўп харид қилманг, чунки улар бир кундан кўп сақланса таркибидаги витамин С нинг 40-60 фоизи йўқолади. Картошка ва сабзавотлар совуқ сувга солиб пиширилса, таркибидаги витаминларнинг 30 фоизи нобуд бўлади. Агар қайнаб турган сувга солсангиз витаминлари тўла сақланади.
  • Баргли ўсимликлар (исмалоқ, салат-коҳу, шовул)ни қайнатиб ё қовурсангиз идиш қопқоғини албатта ёпинг. Акс ҳолда таркибидаги 70 фоиз витамин йўқолиб кетади. Сабзавот маҳсулотларини зангламайдиган металл ёки чўян қозонларда пиширсангиз таркибидаги витаминлар парчаланмайди.
  • Ялпиз, исмалоқ, жағ-жағ, отқулоқ, беда (йўнғичқа) витаминларга жуда бой бўлиб, кўкламда одам қувватини ошириб, тетиклаштиради. Кўкатлардан кўк сомса (бир қаватли, қатламали), кўкатли балиш (пирог), чучвара, манти, хоним тайёрланади. Кўкатлар турли касалликларда тавсия этилади. Қандли диабети бор, семириб кетган ва заиф кишиларга кўкатларни сариёғда қовуриб бериш мақсадга мувофиқ.

Умуман баҳорий кўкатларни қўшиб, улардан турли таомлар тайёрлаб истеъмол қилинса, организм фаолияти яхшиланади, моддалар алмашинуви меъёрга келади, вужудга куч-қувват оқиб киради.

ҲОЛСИЗЛИККА  ҚАРШИ... СПРАУТС!   

Турли донларни ундириб (бу спраутс дейилади) майсасини илк кўкламда истеъмол қилиш лозим. Чунки унган майсаларда зарур витаминлар миқдори донга нисбатан 25-40 мартагача кўп бўлади.

    Спраутслар буғдой, арпа, сули, жавдар, мош, соя, ошқовоқ, шолғом, редиска, йўнғичқа (беда), кунгабоқар уруғларидан тайёрланади. Бу уруғлар кимёвий моддалар таъсиридан ҳоли бўлиши муҳим. Улар қисқа вақтда бир текис униб чиқади ва мазали таъм беради. Ажратиб олинган уруғлардан бирортаси дастлаб бир-икки марта ювилиб қуритилади, кейин идишларга солинади. Спраутсларни ўстиришда шиша идишлардан фойдаланса бўлади. Танланган уруғлар майда бўлса (масалан йўнғичқа ва шолғом уруғлари) идишнинг тубини қоплагани кифоя. Йирик уруғлар (нўхат ва бошқа дуккакли донлар) эса идишнинг тўртдан бир қисмигача солинади. Кейин ярмигача сув қуйиб, бир неча соат давомида уруғларнинг яхшигина ивиши кутилади. Шундан кейин қолган сувни тўкиб, ҳаво кириб туриши учун илма-тешик пластик қопқоқ билан ёпилади (бунинг учун резина қопқоқни михча билан айланасига қатор қилиб тешиш лозим). Идишни стол устига ёнбошига ётқизилиб, уруғлар унинг деворларига бир текисда ёпишиб туриши учун уёқ-буёққа айлантирилади ва шкафга ёки дераза олдига қўйилади.

Агар ишлатилаётган уруғлар дуккаклилардан бўлса унга ёруғлик тушмагани маъқул. Акс ҳолда ўстирилган майса ачқимтил бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам мош, нўхат, ловия ёки соя солинган идишлар қоронғу жойда сақлангани мақсадга мувофиқ. Униб чиқаётган уруғ икки марта тоза сув билан ювиб ташланади.

АРЗОН ВА БЕБАҲО “ДОРИ”

Аслида спраутслар энг арзон ва организмга қувват берувчи энг бебаҳо доридир. Лекин уларни тайёрлашда тегишли қоидаларга риоя қилинмаса (яъни уруғнинг сифатсизлиги, кам ювилиши ва сувнинг жуда иссиқ бўлиши ҳамда идишдаги ҳаво алмашинувининг бузилиши туфайли) уруғлар кўпинча чириб қолади. Иссиқ уйларда уруғларнинг чиримаслиги учун тоза сув билан тез-тез ювиб туриш, хонада шамоллатгичлардан фойдаланиш лозим. Спраутсларни алоҳида-алоҳида идишларда тайёрлаган маъқул, чунки уларнинг мазаси турлича бўлиб, ҳар бирининг таркибида юқорида қайд қилинган фойдали моддалар турлича миқдорда бўлади. Уларнинг ўзини истеъмол қилиш билан бирга салатлар ва овқатларга қўшиб ейилса, тана биофаол моддалар билан янада яхши таъминланади.

   Тайёр спраутслар (унган майсалар) шиша идишлар ёки пластик идишларга солиб, совутгичларга қўйилади ва ўн кунгача сақланади ва барча оила аъзолари ундан эҳтиёжга яраша фойдаланавериши мумкин. Спраутсларга бироз шакар сепилса ёки сметана, қаймоқ, қатиқ, майонез аралаштирилса ёш болалар жуда ҳуш кўриб ейдиган таомга айланади. Агар спраутслар алоҳида истеъмол қилинса овқатланишдан 15-20 дақиқа олдинги вақт қулай. Хуллас, баҳорий кўкатлар билан биргаликда спраутслар тайёрлаб истеъмол қилсангиз авитаминоз касаллиги сизни безовта қилмайди.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Шониёз Қурбонов маслаҳатлари асосида тайёрланди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Коментарии