АсосийJamiyat

Озодликка чиққан икки маҳкум: тўғри хулоса ва одатий ҳаёт

'Озодликка чиққан икки маҳкум: тўғри хулоса ва одатий ҳаёт'ning rasmi

19 йил. Ўртача инсон умрининг учдан бир қисми. Айни йигит ёшида (24 ёшда) узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган Эркин акачалик эркинлик қадрига етадиган инсон бўлмаса керак. “Ичкари шундай жойки, сизни зарга ўраса ҳам у барибир маҳкумлик”, – дейди унинг ўзи. Иккинчи қаҳрамонимиз эса Илҳом ака. 5 йил мобайнида жазони ижро этиш муассасаларида бўлган пайтларида унинг олти нафар фарзанди ва аёли жуда қийин кунларни бошидан кечирди. Ҳар икки тақдирнинг умумий жихатлари – улар бугун шукроналикда, улар одатий ҳаёт тарзида давлат ҳимояси ва эътиборида. Уларнинг ҳар иккиси ҳам қумқўрғонлик... 

Камбағаллик нима?

Қарийб икки ойдан буён республикамиз вилоятларида бўлиб, ҳамюртларимиз турмуш тарзи, “темир дафтар”дагилар ҳаётини ўрганиб камбағаллик ҳақида турли хулосаларга келяпмиз. Аввалига бу тақдир тақозоси деб ўйладик. Кейин эса ҳаракатсизлик, боқимандалик деган тўхтамларга ҳам келдик. Чунки ҳаракатдаги инсон оч қолмайди. Айниқса, бизнинг юртда. Ногирон, имконияти чекланган бўлса-да, яхши яшаш учун интилаётганларни ҳам, давлат шунча қарашса-да, “яна, яна” деяётганларни ҳам кўрдик. Лекин фақат ҳаракатга боғлиқ бўлмаган яна бир сабаб бор экан. Бу – хато қилиш. Бугунги қахрамонларимизнинг ўз хатолари сабаб узоқ йиллар маҳкумликдаги даврида уларнинг оиласи кўп қийинчиликлар кўрди. Ечим эса ўтмишни ортга ташлаб, қилинган хатолардан хулоса қилиш, келажак ва яхши яшаш учун курашишдан иборат. 

“Ҳаётдан тўғри хулоса чиқардим”

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан 19 йилдан сўнг озодликка чиқиб, ўз қишлоғида янги барпо этилган 200 иш ўрнига эга “Боймоқли Барака Чеварлари” корхонасига ишга кирган қаҳрамонимиз одатий ҳаёт тарзига шўнғиб кетган. Асосан, қишлоқ аёлларининг бандлиги таъминланган корхонада қаҳрамонимиз малакали ишчи. Нега дейсизми?

Эркин Болтаев, ишчи (45 ёш):

— Қишлоғимизда бундай катта корхона илгари бўлмаган. Пандемия шароитида қуриб битказилиши билан туман масъуллари мени шу ерга бичувчи қилиб ишга жойлаштириб қўйишди. Мен 19 йил давомида Ўзбекистоннинг деярли барча жазони ижро этиш муассасаларида бўлдим. Андижонда бўлганимизда немис мутахассислари бизни шартнома асосида касбга ўқитишди. Шунда бичувчиликни ўрганганман. Бичувчилик бўйича сертификатим ҳам бор. Қишлоқдан чиқмасдан, ўзим ўрганган касб бўйича ишлаб 1 млн. сўм ойлик оляпман. 5 нафар фарзандим бор. Деҳқончилик ҳам қиляпмиз. Ҳаммаси етарли. Озодлик қадрига менчалик етадиган одам бўлмаса керак. Ҳаётдан тўғри хулоса чиқардим.

“Фақат оиламни ўйлардим”

Бундан кейинги ҳаётини фарзандлар тўй-ташвишлари, орзу-ҳавасларига бағишлаш ниятида бўлган Эркин ака билан хайрлашиб, иккинчи қаҳрамонимиз Илҳом Сўфиев хонадонига шошдик. У 6-7 йиллар олдин эл қатори фарзандлари билан яшаб келарди. Ҳайдовчилик қилиб яхши даромад топарди. Бир йўлдан адашиб, ёмонларга қўшилди-ю, 5 йилга “кесилиб”, 6 нафар фарзанди ва аёли ортида йиғлаб қолди. Қишлоқчилик, 6 нафар фарзандни боқишнинг ўзи бўлмайди. Улар кўрган кунлар ҳақида эшитиб, улар яшаган шароитни кўриб, ҳайратга тушасиз.

Қамоқдалигимда, - дейди Илҳом ака, - оилам ҳув анави пастдаги кулбачада яшашган экан. Қаҳратонда ҳам, саратонда ҳам...” Юқоридан пастга қарарканмиз, у кулба яқинимизда бўлса ҳам, кўз илғамас даражада хароб ва кўримсиз эди. “... Фақат оиламни ўйлардим. Мени кўришга борганлар яхши хабарлар айтиб туришди. Маҳалла, ҳокимият оиламдан ёрдамини аяшмабди. Уйимга қайтишим билан эса 50 сотихли томорқага экин экишни бошладим. Фойда кўрдим. Эвазига сигир сотиб олдим. Яна қўшимча экинлар экяпман. Туман ички ишлар раҳбари кўмаги билан икки хонали янги уй қуриб беришди. Президент ёрдам пулларидан ҳам беришди. Фарзандимга 2 ёшгача нафақа пули белгиланди. Туман “электросет”и уйимга электр токи ўтқазиб берди. Хуллас, нима ёрдам керак бўлса, ҳаммаси бериляпти. Аёлим энди пахтага чиқади. Ўзим эса экинлар ҳосилини йиғиштириб олиб, яна ҳайдовчиликка ишга кираман. Ҳозир ҳужжатларимни топширганман. 3-3,5 млн. сўм ойлик ваъда қилишяпти. Насиб бўлса, 6 фарзандимнинг ҳузурини кўриш учун яшаймиз энди буёғига.

Хулоса ўрнида

Қумқўрғон тумани масъулларининг ҳудуддаги камбағалликка қарши курашишда бошқа жойларда бўлгани каби “темир дафтар”дагиларни такрорий экинларга жалб қилиш, иссиқхона қуриб бериш, парранда, қорамоллар бериш, уй қуриб бериш баробарида биз юқорида санаб ўтган “хато эвазига камбағаллик” даражасига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам ишлашаётгани эътиборимиз ва эътирофимизга сазовор бўлди. Муҳими, қаҳрамонларимиз бугун ўз хатоларини тўғри англаб, эл қатори ҳалол меҳнат илинжида одатий ҳаёт тарзига қайтишган. 

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ 

    Бошқа янгиликлар