my5

Мўйноқ аэропортида 30 йиллик танаффусдан сўнг самолёт қўнди

ЖАМИЯТ 17.09.2020, 08:39
430
Мўйноқ аэропортида 30 йиллик танаффусдан сўнг самолёт қўнди

3-даражали «Мўйноқ» аэропорти таъмирланишига қадар фақат Ан-2, Ан-24 ва Як-40 каби кичик самолётлар ҳамда барча турдаги вертолётларни қабул қилган, деб ёзмоқда юз.уз

2019 йилда қарийб 30 йилдан буён фойдаланилиб келинмаётган, йиллар давомида қаровсиз қолиб, бутунлай яроқсиз ҳолатга келган Мўйноқ аэропортини қайта қуриш ишлари бошланди. Дастлаб «Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти томонидан аэропортнинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳага асосан 167,4 гектар ҳудудга эга аэропортда 2019 йилнинг дастлабки ойларида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг Капитал қурилиш дирекцияси, «Қўнғирот минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ҳамда «Шурахон қурилиш монтаж» масъулияти чекланган жамияти мутахассислари ва ишчи-ходимлари томонидан 50 нафар йўловчига мўлжалланган «VIP» терминали қурилиши бошланди.

Шунингдек, аэропорт атрофини металл конструкциялар билан ўраш ишлари ҳам олиб борилди. Ушбу бунёдкорлик ишларига қарийб 100 нафардан ортиқ темирйўлчилар ҳамда ўнга яқин техникалар жалб этилди. Мўйноқ аэропортини янгитдан қуриб, фойдаланишга топшириш аввало, ушбу туман транспорт инфраструктурасини ривожланиши учун қолаверса, туманда яшаётган 30 мингдан ортиқ аҳоли учун жуда зарур эди.

Эндиликда Мўйноқ марказига ҳаво кемаси орқали нафақат республикамиз пойтахти ва бошқа вилоятлардан келадиган йўловчилар, балки хорижлик туристларнинг ҳам келиб кетиши учун ҳам халқаро талабларга мос шароит яратилди. Мазкур аэропорт Орол денгизини кўриш мақсадида келган сайёҳлар учун катта қулайлик бўлди. Бу ерда олиб борилаётган қурилиш ишлари тўлиқ якунига етиб, унга кўра 50 ўринга мўлжалланган «VIP» терминали биноси қуриб битказилди. Ушбу 1 қаватли бино ўлчами 36 метрга 36 метр бўлиб, умумий баландлиги 8,6 метрдан иборат. Аэропортнинг учиш-қўниш ва ҳаракатланиш йўлаклари узунлиги 2,4 километрни ташкил этади.

Терминал биносининг ташқи ва ички қисми миллий меъморчилик асосида пардозланди. Мўйноқ туманининг континентал об-ҳавосидан келиб чиқиб, бинонинг ички қисмида ёзда салқин, қишда иссиқ ҳарорат сақланиши таъминланади. Мажмуанинг кириш ва ички қисмида маҳаллий йўловчилар ва хорижлик туристлар учун барча шароитлар яратилди.

Ҳудудга сигнал чироқлари ва радиолокация ускуналари ҳам ўрнатилди. Таъкидлаш лозимки, 1947 йилда барпо этилган 3-даражали «Мўйноқ» аэропорти таъмирланишига қадар фақат Ан-2, Ан-24 ва Як-40 каби кичик самолётлар ҳамда барча турдаги вертолётлар қабул қилиниб, 1960 йиллардан 1990 йилларнинг бошларигача Қўнғирот, Нукус, Урганч, Тахтакўпир, Қозоқдарё, Аспантай, Тулеи аҳоли пунктлари билан кунига 19 тагача йўловчи рейслари амалга оширилган. Тошкентдан ҳам ҳафтасига 3 марта самолёт қатнаган.

Янги қурилган аэропортга эса илк марта салкам 30 йиллик танаффусдан сўнг «Uzbekistan Airways» компанияси томонидан Airbus А-320 самолёти келиб қўнди. Синов тариқасида амалга оширилган «Урганч – Мўйноқ» йўналиши бўйича йўловчиларни олиб келган самолёт рейси муваффақиятли қўниб, учди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+17° дымка
Валюта курси
10321.21
USD 5.59
12003.57
EUR -207.03
132.07
RUB -4.21