АсосийJamiyat

Профессор Нодира Эгамбердиева «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтига директор этиб тайинланди

'Профессор Нодира Эгамбердиева «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтига директор этиб тайинланди'ning rasmi

Педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтининг директори этиб тайинланди, деб хабар беради ЎзА.

Мазкур тайинлов ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг 553-сон қарори 15 сентябрь куни қабул қилинган.

Маълумот учун, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти президентнинг 2020 йил февралдаги фармони асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда «Маҳалла» ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида ташкил этилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тузилмасига ўтказилган.

Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • жамиятда «обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасидаги устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш;
  • фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш;
  • маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш;
  • маҳаллалар ва оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, умуминсоний ва миллий, шу жумладан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;
  • маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
  • маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, шунингдек, ушбу соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш;
  • институт фаолияти йўналишлари бўйича таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, хорижий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш.

    Бошқа янгиликлар