my5

Мактаблар ва шифохонада аниқланган камчиликларни депутатлар назоратга олди

ЖАМИЯТ 22.09.2020, 08:46
413
Мактаблар ва шифохонада аниқланган камчиликларни депутатлар назоратга олди

Жорий йилнинг бошларида Яшнобод туманидаги бир қанча мактаблар ва поликлиникалар ҳолати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ўрганилган эди. Унда мактабларнинг аксарияти таъмирталаб аҳволда ҳамда шифохона ҳам эски эканлиги маълум бўлганди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида депутатлар жойлардаги мутасадди ижро ташкилотларига муаммони етказиб, уларнинг бажарилишини назоратга олган эди. Натижалар ҳақида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби Меҳринисо Бобоназаров тўхталиб ўтди.

"Мана, орадан ярим йилдан ортиқ вақт ўтиб депутатлар яна ушбу жойларга ташриф буюриб, бажарилган ишларнинг якунлари бўйича ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари дастлаб, Яшнобод туманида янгидан қурилиб яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган 29 оилавий поликлиникани кўздан кечиришди. Бош шифокор Дилноз Боғбекованинг маълум қилишича, мазкур поликлиника 31, 5 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ўз ичига қамраб олган бўлиб, «Уйсозлар», «Катта Қўйлиқ», «Иқбол», «Мумтоз», «Қўйлиқобод» маҳаллалари шулар жумласига киради. Бугунги кунда поликлиникада 8 та шифокор ва 13 та ҳамшира фаолият юритади. Айни пайтда ушбу ҳудудларда коронавирус инфекциясига чалинган аҳоли сони 650 нафардан ошган. Ўрганишларда маълум бўлишича, поликлиника қурилиши ҳали оҳирига етказилмай туриб, аллақачон аҳолига хизмат кўрсатишни бошлаб юборган. Сабаби, бугунги пандемик шароитда фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳар қачонгидан-да муҳим бўлиб қолганлиги бўлди. Бироқ поликлиникада ултратовуш ва рентген аппаратлари ҳанузгача ўрнатилмаган. Бу асосий муаммо бўлганлиги учун депутатлар масалани ҳал этишни ўз назоратларига олишди. Шунингдек, хожатхона масаласида ҳам муаммо борлиги аниқланди. Аниқланишича, поликлиникада шифокорлар етишмайди. Депутатлар муаммоларга чора кўришни ўз зиммаларига олиб, Ўзбекистон «Адолат» СДП номидан фидокорона фаолият юритиб келаётган шифокорларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаларини бериб қайтишди. 

Кейинги манзил тумандаги 212 мактабда бўлди. Ушбу мактаб ҳам эски бино бўлиб, 1961 йилда барпо этилган. Рус тилига ихтисослаштирилган мактабнинг бошланғич синфида 574 нафар бола таҳсил олади. Изолятор хоналари мавжуд. Ҳар бир ўқувчи 3тадан ниқоб ва антисептик гел билан таъминланган. Қизил, сариқ, яшил белгили чизиқлар орқали ўқувчиларнинг ҳар бири дизенфекциядан сўнг мактабга киритилади. Халқ таълимидан тавсия этилган дарс жадвали билан мактаб маъмурияти тузган дарс жадвали ораси болалар 2 сменада ўқишгани учун 10-15 фоиз фарқ қилар экан. Айни пайтда бир синфда 35 нафар ўқувчи ўқигани ҳолда 26-28 та ўқувчи дарсга келмоқда. Қолганлари онлайн дарс машғулотлари билан банд. Дарсга келувчи ўқувчилар синф парталарига шахмат шаклида жойлаштирилади. Шунда улардаги оралиқ масофа сақланиб қолади. Юқорида номи келтирилган 29 оилавий поликлиника ушбу мактабга бириктирилган. Мактаб директори Алишер Шариповнинг таъкидлашича, шифокор мактабда фақат куннинг ярми, яъни бир сменадагина ишлайди. Ўқитувчиларга соатбай тариф бўйича маош тўлаш белгиланган. Шу кунгача 3 нафар ўқитувчида коронавирус аниқланган.

Депутатларнинг 206 мактабни ўрганиш жараёнларида эса бир қатор муаммоларга дуч келинди. Янгидан капитал реконструкция қилинган мактабнинг бир хафта ичида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Аммо депутатлар таъмирлаш жараёнларидаги бир қанча камчилик ва нуқсонларни аниқлаб, хозирча мактабнинг фойдаланишга топширилиши мумкин эмаслигини қайд этишди. Мактаб ташқи фасади чиройли кўринишга келтирилгани ҳолда ички қисмига сифатсиз ром ва эшиклар ўрнатилган. 1970 йилда қурилган мактабнинг иситиш тизими қувурлари синфхоналарда янгиланмаган. Шунингдек, мактаб деворлари ўқувчилар кайфиятига таъсир қилувчи дидсиз сариқ ранглар билан бўяб ташланган. Маълумотларда келтирилишича, “Injenering Business” МЧЖ путратчи ташкилоти томонидан мактаб таъмирланиши амалга оширилган бўлиб, таъминотчиси Рустам Махмудов мактаб томи бутунлай бошқатдан янгилангани, стадион қурилгани ҳақида айтиб ўтди. Болалар билимни олиши керак бўлган асосий озуқа манбаларидан бири кутубхона ҳам мактабда ташкил этилмаган. Мусиқа хоналари ҳам мавжуд эмас. 

Юқоридаги ўрганишлар хулосаси бўйича депутатлар мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муаммолар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида масалани Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессиясига киритиб, Қонунчилик палатасига таклиф сифатида олиб киришни белгилашди" дейилади хулосада.

 

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+0° дымка
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92