my5

Ўзбекистон Республикаси судлари қарорларида БМТнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалари нормаларининг қўлланилиши мавзуидаги амалий семинар бошланди

ЖАМИЯТ 22.09.2020, 17:53
231
Ўзбекистон Республикаси судлари қарорларида БМТнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалари нормаларининг қўлланилиши мавзуидаги амалий семинар бошланди

22 сентябрь куни пойтахтимизда Тошкент шаҳри,Тошкент ва Сирдарёвилоятларимаъмурий судлари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлари судьялари учун «Ўзбекистон Республикаси судлари қарорларида БМТнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалари нормаларининг қўлланилиши» мавзуидаги амалий семинар бошланди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан биргаликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов, АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Д. Розенблюм, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Ж. МакГрегор ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М. Димовска анжуман иштирокчиларини қутлаб, судлар томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларининг қўлланилиши одил судловни таъминлашда жуда муҳим масала ҳисобланишини таъкидладилар.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш соҳасида аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.

Шунингдек, республикамизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалдаги ҳолатни ўрганиш натижалари, шунингдек, БМТнинг шартномавий органлари, Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг махсус маърузачилари, Универсал даврий ҳисобот ва бошқа халқаро механизмлар доирасида берилган тавсияларнинг тизимли таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида соҳада демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва изчил давом эттириш талаб этилади.

Жумладан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахслар ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш лозим ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлари қилиб, халқаро ҳуқуқ принциплари, нормалари ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кенг қўлланилиши, халқаро ҳуқуқ устуворлиги принципини амалга оширишнинг самарали механизмини яратиш; судларнинг мустақиллигини ва холислигини таъминлаш мақсадида судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ҳамда “Хабеас корпус” институтини янада такомиллаштириш йўли билан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда суд ҳокимиятининг ролини ошириш масалалари белгиланган.

Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларининг қўлланилиши бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда, дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби, судьялар инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафилидир. Улар фуқаролар олдида ҳисобдор бўлиб, тегишли миллий ва халқаро қонунчилик талаблари, шунингдек ахлоқ-адоб мезонлари асосида ўз фаолиятида юксак даражадаги шаффофликни таъминлашга мажбур.

Семинар очилишида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони талабларига кўра, суд инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларининг судлар амалиётида қўлланилишини янада кенгайтиришга қаратилган барча зарур чораларни кўриши лозим.

Сўзга чиққанлар миллий судлар томонидан БМТ конвенциялари нормаларини суд ҳужжатларида қўллашга доир самарали механизмнинг жорий этилиши, ўз навбатида, суд тизими мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва суд ҳокимияти нуфузини оширишга хизмат қилади, деган якдил фикрни билдирдилар.

Бу, шунингдек «Судьялар хулқига оид Бангалор принциплари»ни амалда татбиқ этишда ўта муҳим аҳамият касб этади. Чунки мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, халқаро қонунчиликдаги, жумладан, халқаро конвенциялар ва инсон ҳуқуқларига тааллуқли нормалар белгиланган бошқа ҳужжатлардаги тегишли ўзгаришлардан судьяларнинг ўз вақтида хабардор бўлиши – улар ўз фаолиятини талаб даражасида амалга оширишининг зарур шартларидан ҳисобланади.

Уч кун давом этадиган амалий семинарда асосий маърузалар БМТ Тараққиёт дастури эксперти, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи Александр Вашкевич ва БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоси Георгий Тугуши томонидан тақдим этилади. Маърузачилар одил судловни амалга оширишнинг халқаро меъёрларининг қисқача таснифини берадилар. А. Вашкевич ва Г. Тугуши Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларининг қўллаш зарурати ҳақида тўхталиб, хусусан, Қийноқларга қарши конвенция қоидаларини миллий судлар қарорларида қўллаш бўйича чет эл тажрибаси билан ўртоқлашадилар. Судлар томонидан Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция нормаларини қўллаш амалиёти ҳам семинар кун тартибида ўрин олган.

Экспертлар модераторлигида судьялар учун учта гуруҳда «case study» технологияси асосида амалий машғулотлар ўтказилади. Машғулотлар якунида судьялардан ташкил топган гуруҳлар «Рухсат этилмаган тинч йиғилишлар», «Жиноий жазони ўтаган чет эл фуқаросини давлатдан чиқариб юбориш» ва «Жинсга асосланган билвосита камситиш» мавзулари бўйича ўз тақдимотларини намойиш этадилар.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди матбуот хизмати

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+9° дымка
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92