Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 сентябрь куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – иқтисодиётнинг ўсиш нуқталаридан бири, аҳоли бандлигини таъминлашнинг катта манбаи. Шу боис мамлакатимизда бу соҳани ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Президентнинг фармон ва қарорлари қабул қилиниб, барча зарур шароитлар яратиб берилди. Энди ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ишни тўғри ташкил этиб, янги корхоналар очилиши, уларнинг яшовчанлиги, маҳсулотлари ҳажми, яратилган иш ўринлари бўйича натижа қилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги қарорига асосан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган эди. Шунга мувофиқ, биринчи марта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилди. Таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Хусусан, 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат “яхши”, 119 тасида “ўрта” ҳамда 33 тасида “қониқарсиз” деб топилган.
Видеоселектор йиғилишида ушбу таҳлиллар асосида жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, кўрсаткичлари нисбатан паст бўлган ҳудудларга кўмаклашиш чоралари муҳокама қилинди.

Иқтисодий комплексга кирувчи вазирлик ва муассасалар “тадбиркорга хизмат қилувчи” ташкилотга айланиши зарурлиги таъкидланди. “Қониқарсиз” деб баҳоланган туман ва шаҳарларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, “яхши” ҳудудларнинг тажрибасини оммалаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Мисол учун, Самарқанд туманида ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 1,1 триллион сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 4,5 миллион сўмдан тўғри келган. Бу Самарқанд вилоятидаги энг юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, 508 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, янги иш ўринларининг 71 фоизи кичик бизнесда очилган. Маҳаллий бюджет тушумлари сўнгги уч йилда 2 баравар ортган.
Шунингдек, Қамаши туманида сўнгги уч йилда 802 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, ишламаётган 132 та корхона қайта тикланган. Экспорт ҳажми ўтган йилгига нисбатан 1,5 баробар ошган.
Аксинча, Нукус, Балиқчи, Бекобод, Ховос, Бахмал, Мирзачўл, Янгиқўрғон, Шовот, Касби, Қумқўрғон, Учтепа каби туманлардаги аҳвол қониқарсиз. Аслида уларда ҳам етарлича салоҳият ва инфратузилма бор.
Масалан, Қумқўрғон тумани тадбиркорлик кўрсаткичлари бўйича Сурхондарё вилоятида энг охирги ўринлардан бирида. Лекин у ерда 124 минг гектар яйлов ва 48 минг гектар оборотдан чиққан ер бор. Улардан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмаган.
Бекобод туманида ҳам кичик бизнес улуши республикадаги энг сўнгги ўринлардан бирида. Туманда йилига 10 минг тонна пахта, 100 минг тонна дон етиштирилса-да, қайта ишланмайди, дея танқид қилинди.






