my5

Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Алихўжаев учун ёдгорлик қабртоши ўрнатилди

МАДАНИЯТ 25.09.2020, 15:12
947
Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Алихўжаев учун ёдгорлик қабртоши ўрнатилди

Халқимизнинг севимли актёри, Отабек ролини маҳорат билан ижро қилган буюк санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Алихўжаев порлоқ хотираси учун "Ўзбеккино" Миллий агентлиги раҳнамолигида пойтахтдаги “Минор” қабристонига ёдгорлик қабртоши ўрнатилди.

Ўлмас Алихўжаевни ишонч билан миллий кинематографиямизнинг рамзи, дея аташ мумкин. Етук санъаткор илк бор 1963 йил "Фарғоналик бешовлон" фильмида роль ижро этган. 1964 йилдан "Ўзбекфильм" киностудиясида фаолият юритиб, ушбу студиянинг қирқдан ортиқ бадиий ва телевизион фильмларида суратга тушган.

Актёр Ўлмас Алихўжаевга режиссёр Йўлдош Аъзамов томонидан суратга олинган "Ўткан кунлар" (1969) тарихий фильмидаги Отабек роли (Абдулла Қодирийнинг шу номдаги романи асосида суратга олинган) ва режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг "Оловли йўллар" фильмидаги атоқли ўзбек шоири, драматург ва жамоат арбоби Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий роли катта шуҳрат келтирган.  

«Биз таниқли киноижодкорлар хотирасини абадийлаштириш бўйича қатор ташаббусларимизни қўллаб-қувватлагани учун «Ўзбеккино» Миллий агентлиги раҳбариятидан мамнунмиз. Ҳозирда жамоа билан 2021 йил кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов таваллудининг 90 йиллигини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўряпмиз ва бу борада ҳам "Ўзбеккино" МА бизга ёрдам бермоқда. Айни кунларда Москва шаҳрида устозода кинорежиссёрнинг мумтоз фильмлари намойиши бўлиб ўтмокда. Энг муҳим янгиликлардан бири унинг аксарият киноленталари рақамлаштирилади. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Шуҳрат Аббосовга ёдгорлик ўрнатиш каби ишларни амалга ошириш кўзда тутилган», - дейди Республика кинофонди директори Элжон Аббосов.

Таъкидлаш жоизки, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги доимо таниқли киноижодкорлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиромда бўлиб келган. Миллий киноларнинг олтин тўпламига абадий киритилган актёрлар ва режиссёрларнинг хотира ва қадрлаш кунлари мунтазам равишда ўтказилмоқда. Жумладан, Ҳикмат Латипов, Аббос Бакиров, Раззоқ Ҳамроев, Шукур Бурхонов, Ойбарчин Бакирова, Шуҳрат Аббосов ва бошқа буюк устозларни хотирлаш кунларини юксак савияда ўтказиш режалаштирилган. Ўзбек киноарбобларининг юбилейларини тантанали нишонлаш ўзига хос анъанага айланиши алоҳида эътирофга лойиқ.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+21° ясно
Валюта курси
10371.76
USD 7.28
12153.63
EUR -101.33
133.19
RUB -1.84