Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорликда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида 26 та вазирлик, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда давлат улушига эга тижорат банкларида «комплаенс-назорат» тизимини кенг жорий этиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати маълум қилди.
Бугунги кунда рўйхатга киритилган барча ташкилотларда “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва унда белгиланган талабларни амалга оширишга киришилди. Эндиликда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда ҳар ойда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини тегишли индикаторлар асосида баҳолаб боради.
Шу билан бирга, 26 та вазирлик, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда давлат улушига эга тижорат банкларида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат “комплаенс-назорат” тизимини жорий бўйича ишчи гуруҳлар ўз фаолиятини бошлаган.
Таъкидланганидек, коррупция глобал муаммо экани, ушбу салбий иллат оқибатида жаҳон иқтисодига ҳар йили 2,6 триллион доллар зарар етказилмоқда.