Жорий йилнинг 24 сентябрь санасида Тошкент шаҳар Яккасарой туманида ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш ва малакасини ошириш мақсадида бўш иш ўринлари (меҳнат) ярмаркаси ташкил этилди.
Ярмарка туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, сектор раҳбарлари, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, ҳамда туман Ёшлар агентлиги билан ҳамкорлигида ўтказилди.
Тошкент шаҳар бандлик бўлимининг берган маълумотига кўра, мазкур ярмаркада 50 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ўзларининг 1000 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Ташкил этилган меҳнат ярмаркасида тумандаги ёшлар ҳамда хотин-қизлар темир дафтарига киритилган 300 дан ортиқ фуқаролар иштирок этишди. 40 нафар фуқароларга ишга жойлашиш учун корхона ва ташкилотларга йўлланмалар берилди. 10 нафар фуқароларга касбга ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича йўлланмалар берилди. 200 дан ортиқ фуқароларга турли йўналишларда маслаҳатлар берилди.