my5

Айрим киночилар томонидан юқори ташкилотларга йўлланаётган мурожаатлар юзасидан "Ўзбеккино" МА расмий баёнот берди

МАДАНИЯТ 01.10.2020, 13:26
425
Айрим киночилар томонидан юқори ташкилотларга йўлланаётган мурожаатлар юзасидан "Ўзбеккино" МА расмий баёнот берди

Айрим киночилар томонидан юқори ташкилотларга йўлланаётган мурожаатлар юзасидан "Ўзбеккино" МА расмий баёнот берди. 

Сўнгги пайтлар кино соҳасининг айрим вакиллари томонидан расмийлар, давлат ва нодавлат ташкилотларига мурожаатлар йўлланмоқда. Ушбу вазият юзасидан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Агентлик ушбу соҳада ижодкорлар меҳнат қилишини, уларнинг ҳар бирининг ўзига хос феъл-атвори мавжудлигини тушунади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, муаммо ва камчиликларни белгиланган тартибда ёки маъмурият билан мулоқот орқали ҳал қилиш тарафдори. Бироқ, муаллифлардан “Ўзбеккино” Миллий агентлигига расман мурожаат келиб тушмаган. Агентлик шу нуқтаи назардан ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали бир гуруҳ шахслар томонидан давомли равишда расмийларга шикоят йўллашни ташкилот раҳбарияти ва ходимларига босим ўтказишга уриниш, дея баҳолайди. 

Мурожаатларнинг аксари эҳтиросларга бой бўлиб, аниқ далил ва асосларга эга эмас. Шу сабабдан Агентлик муаллифларнинг шахсий фаразлардан иборат айбловларини асоссиз ва баъзи ўринларда ҳақоратли деб билиб, уларни рад этади. Бундан ташқари, мурожаатларда ўз иштирокини инкор этган ва имзоси сохталаштирилганини билдирган ижодкорлар борлиги маълум бўлмоқда. Ушбу ҳолат шикоятчи фаолларнинг холислигига нисбатан шубҳа уйғотади. 

Шу билан бирга, Агентлик танқид, таклиф ва мулоқотга очиқлигини яна бир бор маълум қилади. Бироқ ушбу мулоқот конструктив кечиши тарафдори.

Сўнгги йиллар “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бюджетининг катта қисми бир хил студия ва шахсларга ажратилган. 2018-2019 йилларда айрим студияларга 25 миллиард сўмга яқин маблағлар ажратилган. Бу эса Агентлик бюджетининг 44 фоизини ташкил этади. Оқибатда соҳада рақобат муҳитига путур етган. Агентлик ушбу амалиётни чеклаб, рақобат муҳитини шакллантириш тарафдори. Норозиликнинг сабабларидан бири сифатида бошқа режиссёрлар, ёш ижодкорларга ҳам имконият берилиб, рақобат муҳити тикланаётганини айтиш мумкин.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги кинематографиянинг аҳоли маданияти ва маънавиятини шакллантиришдаги тутган ўрнини чуқур англайди. Яратилаётган фильмлар юқори савияли санъат асарлари бўлиши, жамоатчиликнинг ва айниқса, ёшларнинг маънавияти ва маърифатини юксалтиришга хизмат қилиши зарур. 

Ўз ўрнида бир ҳақиқатни барча англашини истаган бўлардик: Фильмлар томошабин учун, уни кўриш учун яратилади. Бироқ сўнгги йиллар киномаҳсулотларнинг кинопрокатдаги натижалари аянчли аҳволда. 2018-2019 йилда суратга олинган фильмларнинг кинопрокатдан топган даромади сарфланган маблағнинг ўртача 1,5 фоизини ташкил этган. 

Бу эса на давлатнинг ва на томошабинларнинг кутилмаларига мос эмас.  Агентлик бу ҳолатни яхшилаш, солиқ тўловчилар пуллари эвазига суратга олинган фильмларнинг даромад кўриши зарурлигини маълум қилган. Мухолиф позициядаги шахслар тушунчаларни қориштириб, ушбу ҳолатни “Кинони бизнесга айлантириш” дея аташга уринмоқда. Агентлик кинони бизнесга айлантирмоқчи эмас. Аксинча, кучли киносаноатини яратган ҳолда кино санъатини юксалтиришни мақсад қилган. Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровномада 78 фоиз респондентлар ҳам агентликнинг ушбу позициясини қўллаб-қувватлаган. 

Ўзбек кинолари ўзининг олтин даврларида мамлакат иқтисодиётининг илғор тармоғи бўлган. Ўзбек киносининг потенциали йўқ, деб айтиш қийин.

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмасига кўра, 2020 йилда 16 та бадиий, 25 та ҳужжатли, 6 та мультфильм ва илк бора 10 та бадиий сериал ишлаб чиқилмоқда. Шу йилнинг ўзида 2021 йилда ишлаб чиқарилиши лозим бўлган 25 та бадиий, 23 та ҳужжатли, 4 та мультипликацион фильмлар ҳамда 25 та сериаллар бўйича ишларни бошлаш режалаштирилган. 

Кино ва у билан боғлиқ фаолият тури билан 5 мингга яқин ижодкорлар ва мутахассислар меҳнат қилиши кўзда тутилган. “Ўзбеккино”да ишлаб чиқариш кенг қамровда давом этмоқда. Ушбу рақамлар кинонинг таназзули ва жарликка келиб қолгани ҳақидаги эҳтиросли иддаоларнинг асосга эга эмаслиги исботи бўла олади. Шунингдек, мазкур мурожаатлар барча киноижодкорларнинг фикр ва қарашларини ифода этмайди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги барча учун очиқ. Норози кайфиятдаги ижодкорларни тушунмовчиликларни ўзаро мулоқот ва музокаралар орқали ҳал қилишга чорлайди, дейилади ушбу баёнотда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+13° ясно
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92