my5
Sevimli

Орадан бир йил ўтди. Аммо ўша воқеа худди кечагина содир бўлгандек кўз ўнгимда гавдаланаверади…

МУТОЛАА 06.10.2020, 14:05
Орадан бир йил ўтди. Аммо ўша воқеа худди кечагина содир бўлгандек кўз ўнгимда гавдаланаверади…

Июнь ойи эди. Қишлоғимизда барча йиғим-терим ишлари билан овора. Маҳалладошлар бир-биримиз билан иноқмиз. Кимнинг юмуши бўлса, баравар ёрдамлашамиз. Бугун қўшнимизнинг уйида ҳашар, бошқа болалар қатори ўғлим Аҳрор ҳам ўша ерда. У ўн уч ёшда бўлишига қарамай, уддабурон, эпчил бола... Тили ҳам бийронгина, ёшу қари билан сўзлашганда ҳеч ким уни бола деб ўйламайди. Маҳаллада ҳамма уни мақтайди. Тўнғич фарзандим Аҳрордан кейин икки қизим ва эмизикли ўғлим бор.

                                                                                      * * *

– Ая, мен келдим, ҳашар тугади. Сомонни ташиб, оғилхонага йиғиб қўйдик. Болалар сойга кетишяпти, мен ҳам борсам майлими? – деб сўради ўғлим Аҳрор.

– Йўқ, уйда ювинавер, – дедим мен.

– Ая, баданимга хас-чўп ёпишган, оқар сувда чўмилганим яхши-да. Амакимнинг ўғли Расул акам ҳам боряпти. Кўп қолмайман, тез келаман.

– Хўп, ўртоқларинг билан борақол, – деди юз-қўлини юваётган дадаси.

– Рухсат берманг, дадаси, бормайди. Ана, ҳаммомни иситиб қўйганман, ўша ерда чўмилади, – дедим норози оҳангда. Ўғлим қўярда-қўймай, дадасини кўндириб, кўчага отланди. Дарвозага етганда бироз тўхтаб қолди ва:

– Дада, сиз ҳам юринг, бирга борайлик, – деди.

– Ўзинг боравер, ёш бола эмассан-ку.

Ўғлим югуриб чиқиб кетди.Юрагим бироз нотин ч­­­­­­­­ланиб, ортидан қараб қолдим.

Қишлоғимизнинг паст тарафидан  сой оқиб ўтади. Ёзда унинг атрофи одамлар билан гавжум. Айниқса, тушлик маҳали даладан қайтаётган деҳқонлар, пода боқаётган болалар бир шўнғиб олишади. Сойнинг айрим ерлари саёз, баъзи жойи ўта чуқур эди. Бирда сув сокин бўлса, бирда жуда тез оқади. Ўйноқи тошқинларнинг қай вақт жумбушга келишини эса ҳеч ким билмайди. Мени мана шу нарса хавотирга солади. Ҳар йили “Фалончининг боласи чўкибди”, деган совуқ хабар шамол тезлигида тарқаларди. Шу сабаб ўғлим Аҳрорни ҳеч қачон сой ёқасига юбормаганман.

                                                                                     * * *

— Маннон амаки, Маннон амаки...– ҳовлида Расулнинг овози эшитилди. Идиш-товоқларни ювиб тургандим, унинг ҳайқириғидан чўчиб кетдим.

– Нима гап, Расул?

– Янга, Аҳрор оқиб кетди!!! Мен улгурмадим, ўзи қўйиб юборди, унга айтгандим.....

Расул яна нималардир деди, аммо менинг қулоқларим донг қотган. Ортиқ бир оғиз ҳам сўз эшитмай, кўчага югурдим. Маннон акам ҳам югуриб, мендан ўзиб кетди. Иккимиз ҳам ҳансираганча чопдик. Назаримда, йўл ҳар доимгидан-да олис туюлди. Гўё ўн соатдан буён югураман-у, манзилимга етолмайман. Ахийри узоқдан сув кўринди. 

Эрим ўзини сувга отди. Мен эса нажот излаган кўзларим билан унга боқардим. Зум ўтмай, қўшнилар ҳам етиб келишди. Уларнинг ҳам фарзандлари Аҳроржон билан бирга эди. Менинг жигаргўшамдан бошқа ҳамма бола шу ерда. Келганлар ҳам сувга шўнғишди.

Расулни чақириб, нима бўлганини қайта-қайта сўрашди:

– Ҳаммамиз чўмилаётгандик. Бир пайт шиддат билан катта сув кўтарилиб келаётганига кўзим тушди. Бор овозим билан бақирдим. Болалар соҳил томон сузишди. Аҳрор эса орқароқда эди. Мен унинг ёнига бориб, елкамдан маҳкам ушлашини айтдим. Уни опичлаб, суза бошладим. Тўлқин бир зумда етиб келди. Қандайдир пўртанага ҳам ўхшарди. Орасида ўтлар, майда тош ва қум аралаш оқарди. Ҳидиям бадбўй, худди балчиқникидек. Ўзим ҳам қўрқиб қолдим. Кучли оқимга зўрға бардош бериб суздим. Соҳилга етай деганимизда Аҳрорнинг қўли сирпаниб кетдими ёки ўзи қўйиб юбордими, билмадим. Сўнг, сув уни оқизиб кетди. Бақириб чақирдим, аммо у қайтиб сув юзида кўринмади. Кейин уйга қараб югурдим...

– Ён-атрофда ҳеч ким йўқмиди, ёрдам сўрамадингми?

– Бироз узоқроқда одамлар бор эди. Лекин мен жудаям қўрқиб кетгандим. Шунинг учун улар хаёлимга келмабти.

Расулни айбламайман, у ўғлимдан икки ёш катта, холос. Болада, нима ҳам қиларди. Ўғлим ҳеч қачон оқар сувда чўмилмаган, сузишни билмасди.

                                                                                     * * *

Шарқ томон қизариб, қуёш ботмоқда. Ўғлимдан эса дарак йўқ. Ҳамма титраганча сувдан чиқиб келди. Мен нажот кутиб илтижо билан уларга боқиб турардим. Қани энди бирортасидан сўз чиқса. Уларнинг кўзларига, оғзига қарадим: ҳамма жим! Бошини қуйи солганча, айбдор одамдек ёнимдан жим ўтиб кетишарди. Ортда келаётган эримнинг кўксига ўзимни отдим:

– Боламни топиб беринг, қани менинг болам?! Ҳаммасига сиз айбдорсиз, уни сиз юбордингиз, бирга бормадингиз...

Мен ўзимни буткул йўқотиб қўйдим. Ёнимдаги аёллар мени тинчлантиришга уринарди. У кишида айб йўқлигини қайта-қайта айтишарди. 

Ойдин ой ёғдусида ҳамма уйга қайтди. Фақат менинг кетгим келмасди. Боламнинг ўзини ёлғиз қолдириб кетолмайман-ку. У қоронғидан қўрқади... 

Қўшни аёллар қўлларимдан тутди. Уларга эргашдим. Туни билан мижжа қоқмадим. Оёқ-қўлим боғлангандек ҳис этдим ўзимни. Мен иссиқ уйдаман, болам эса музлаган сувда, мен кўрпачада ўтирибман, унинг баданига тошлар, шишалар ботяпти. Қани энди тезроқ тонг отса.

Шаҳардан ғаввосларни чақиртирдик. Улар асбоб-ускуналари билан етиб келишди ва тезда вазифасига киришди. Анча жойгача қидириб боришди, бироқ бир парча мато ҳам топа олишмади...

Ҳамманинг оғзида шивир-шивир гап. Кимдир: “Тўпланиб турган сув, катта тезликда оққан, йўлда учраган нарсани йиғиб пўртанага айланган. Наҳотки шундай хавфдан ҳеч зот хабардор бўлмаган бўлса. Кузатувчилар сой ёқаларида яшайдиган аҳолини огоҳлантирмайдими?!” деса, яна кимдир “Одамлар эътиборсиз бўляпти. Болалар тугул катталар ҳам чўкиб кетади-ку бу ерда”, дейишади. Мен нима дейишни билмай қолдим. Шу тобда фақат нуридийдамни кўрсам бас, бошқаси аҳамиятсиз. 

                                                                                     * * *

Кеч тушганда уйга қайтдим. Қалбимда ҳадик билан уйга кирдим. Афсус,ғаввослар боламни топа олишмади!..

Кечаси бир ўзим яна сой томон йўл олдим. Сувга етгач, соҳил бўйлаб югуриб, телбалардек бақирдим:

– Аҳрор!!! Чиқ сувдан. Сени Аллоҳим суйиб, ўз бағрига олган экан, розиман, болам, фақат сувдан чиқ! Юрагим тўлиб кетди, бағрим куйиб кетди, чиқ, болам! Эмизикли уканг бор, икки кундан бери кўкрагимда сут йўқ, уканг оч қоляпти, Аҳрор, чиқ сувдан! Ё мен олдингга борайми, кутяпсанми мени? Бирор нима дегин, жоним болам, – овозим секинлашиб, ҳолсизликдан чўккалаб ўтирдим. Кўзимдан дув-дув ёш томиб, пичирладим: – Яхши кўрган овқатингни пишириб бераман, туғилган кунингда ёқтирган компьютерингни совға қиламан, футбол клубига қатнамоқчи эдинг, рухсат бермагандим. Чиқ сувдан, болам, ўша клубингга борамиз. Хоҳлаган ишингни қил, индамайман. Сой сувида ҳам чўмил, майли, фақат четроғида, саёз жойда чўмил... Сувдан чиқ, Аҳрор, Аҳрор...

Қирғоқда қанча ўтирганимни билмайман. Этим совуқдан жунжикиб, ўрнимдан турдим. Ортимга ўгирилсам, Маннон акам ҳам чўккалаб ўтирган экан. Улар ҳам елкаларини силкиб-силкиб йиғларди. Ёнига бориб ўтирдим. Елкасига бошимни қўйиб, яна йиғладим.

Ўшанда эътибор бермаган эканман. Икки кун ичида озиб, елкаси чўкиб қолган экан. Бор аламимни улардан олдим, бақирдим, уришдим. У киши эса миқ этмади. Ўзини айбдор билиб, ич-етини ебди. Тонггача нурсиз осмонга тикилиб ўтириб иккаламиз ҳам йиғладик. 

Сув эса ҳеч нарса бўлмагандек жим, сокин оқарди.

Тонгда бутун маҳалла одамлари йиғилиб келишди. Қўлларида узун арқон, бир-бирининг белига боғлаб, шимларини тепага сидириб, сув кеча бошлашди (Уларнинг оёқлари сув тубидаги шишалардан тилиниб кетган, майда заррачалар тирноқларининг орасига қадалиб, азоб берса ҳам индашмаган. Анча узоқ жойгача қидириб боришди. Аёллар қирғоқда эрларини кузатарди). Ғаввослар етиб бормаган жойларни ҳам ахтаришди. Сувнинг чуқур тубига шўнғиб, қум ва лойларни тепиб, қайтиб чиқишарди. Тинкаси қуриб, мадорсизланишса-да қидирувни тўхтатишмади. 

(Оқибатли инсонларнинг борига шукр!) 

Ён қўшнимиз билан тоғамнинг ўғли ёнма-ён юрарди. Сув остига ҳам бирга шўнғишарди. Навбатдаги шўнғишдан сўнг тоғамнинг ўғли бақирди:

– Оёғим нимагадир тегди, юмшоқ нарсани тепиб юбордим!..

Ё, Аллоҳим, у нима деяпти, нимани тепиб юборди, қани тепган нарсаси?! Ичим тўла титроқ билан сувга қараб турардим. Ичимда яратганга нола қилдим: “Худойим, ортиқ бардошим етмайди...” 

Сув юзига кўтарилиб, нимадир пайдо бўлди!

– Бу, Аҳрор!!! – дея барча бақириб юборди. Уни сувдан олиб чиқишди. Уч кун сув остида қолган бўлса ҳам бирор жойи лат емаган ё тирналмаган. Худди оппоқ фариштадек ухлаб ётарди...

Мен фарзандларимга доим эътиборли бўлганман, уларни кўз қорачиғимдек асраганман. Аммо биргина лоқайдлигим учун катта товон тўладим!

Дилдора ФАЙЗИЕВА оққа кўчирди

МАНБА: "ДАРАКЧИ" ГАЗЕТАСИ (№ 35 (1114) 01.10.2020)

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси