my5
Sevimli

Тезкор: Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсдан озод этилди

ЖАМИЯТ 06.10.2020, 21:56
Теглар: Гулжаҳон Йўлдошева
Тезкор: Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсдан озод этилди

Бош прокуратура томонидан Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши тегишли тартибда ўрганиб чиқилди.

Нисбатан қўлланилган “қамоқ эҳтиёт” чораси “уй қамоғи” эҳтиёт чорасига ўзгартириш юзасидан Чирчиқ шаҳар прокурори томонидан судга тегишли илтимоснома юборилди ва суд томонидан прокурор илтимосномаси каноатлантирилди. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилиши кутилаётгани тўғрисида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Гулжаҳон Йўлдошевага озодлик сўраб, Бош прокуратурага илтимоснома киритган.

Маълумот учун, Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жиноят иши шу йил 11 августда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан қўзғатилган. 8 сентябрга келиб, айбланувчиэҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди. Унинг қамоққа олиниши жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Кеча, 5 октябрь куни Республика гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Гулжаҳон Йўлдошева аёл киши экани, қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олган ҳолда, Тошкент вилояти прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишни сўраганди.

“Олти бола билан қаергадир қочиб қутулиши мумкинми? Наҳотки судгача қамоқда сақлаш бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ягона йўли бўлса? Жиноят-процессуал қонунчилигида бошқа таъсирчан эҳтиёт чораларини қўллашга нима халақит беради?

Ҳибсга олиш – бу кучли стресс ва шахснинг маънан синдирилишидир. Айниқса, уйда ёш болаларингиз бўлганида… Шунинг учун Тошкент вилоятининг прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишларини сўраб қоламан”, деганди Мирзиёева.

Жиноят процессуал кодексининг 242-1-моддасига кўра, уй қамоғи– гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйилиб, ўзи мулкдор, ижарага олувчи сифатида ёки бошқа қонуний асосларда яшаб турган турар жойда тақиқлар (чекловлар) юклатилган, шунингдек унинг устидан назорат амалга оширилган ҳолда бўлишидан иборат.

Шарҳлар