АсосийJamiyat

Инвестор додини ким эшитади: Молия, солиқ, ғазна? Сирдарё, жавоб беринг!

'Инвестор додини ким эшитади: Молия, солиқ, ғазна? Сирдарё, жавоб беринг!'ning rasmi

— Алло, “Даракчи” эшитади.

— Ассалом алейкум. Мен “Modern lift systems” МЧЖ вакилиман. Компанияга Хитой инвестори томонидан асос солинган. Бир неча ой олдин шу компанияда ишлаб кетган ҳисобчи томонидан Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси ҳисобига 7,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ техник хатолар сабабли ўтказиб юборилган. Энди ҳеч қанақасига пулларимизни қайтариб бўлмаяпти. Бизга ёрдамингиз керак! Компания 5 ойдан ошиқ катта миқдордаги савдо айланмасини йўқотган.доллар курси эса ошиб кетяпти. Ҳамма тарафдан қарзга киряпмиз... 

— Тушунарли. Бизга ҳужжатларингизни юборинг, ўрганамиз.

Қарорлар ижроси солиқ манфаатига мослаштирилган

Жуда кулгули ва айни дамда ачинарли ҳолат ҳам. Мамлакатимизга инвесторларни жалб қилишнинг ўзи бир муаммо бўлаётган бир пайтда инвесторлик асосида катта лойиҳаларда иштирок этиб келаётган мазкур компаниянинг пулларини қайтариш нега пайсалга солинаяпти?Бу ишни роса ўргандик. Хатлар юборилмаган ташкилот (вазирлик) қолмади. Ҳаммасида “отангга бор, онангга бор”нинг сиёсий версияси - “қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиши мақсадга мувофиқ” қабилидаги умумий шаблон жавоблар. Ечим мутлақо йўқ! Э, барака топгурлар, бир инсоннинг 7,8 миллиард сўм пули, бунинг ортида қанча ишчилар тақдири қўлингизда. Уларни қайтариш ўрнига эса аввалига Гулистон шаҳар солиқ инспекцияси томонидан ушбу компания йиллар давомида солиқ имтиёзларидан нотўғри фойдаланганлиги иддао қилиниб, турли қарорлар ва Фармонлар бандларини ўзларига мослаштириб мужмал жавоблар асосида корхонага 7,8 миллиард сўмданда кўпроқ солиқ қарздорлиги юклаб қўйилди. Кулишингниям, йиғлашингниям билмайсан киши. Шундан сўнг журналистик суриштирув бошлангач, Давлат солиқ қўмитаси масъуллари ўтказиб юборилган 7,8 миллиард сўм маблағдан 4,2 миллиарди қайтарилиши ва қолган 3,6 миллиард сўминг қайтарилиши юзасидан компаниянинг судга мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилиб, муносабат билдирилди. Кўрдингизми, Гулистон давлат солиқ бошқармаси, ПУЛ ҚАЙТАРИЛАР ЭКАН...

Пуллар бўлиб-бўлиб қайтарилар экан

Бугун эса Солиқ қўмитаси муносабати ижросини таъминлаш, тадбиркор-инвесторнинг ўз ҳақини қайтариш зиммаси юклатилган охирги босқич – Сирдарё вилоят Солиқ бошқармаси нега ишни пайсалга соляпти? Компания вакилининг маълум қилишича, бошқарма томонидан инвесторга қайтарилиши зарур бўлган 4,2 миллиард сўм маблағ бўлиб-бўлиб, ҳар 10 иш кунида 500 миллион сўмдан қайтарилар экан. Бу уларнинг илтимоси. Тасаввур қилинг-а, бу 9-10 ой дегани. Мана сизга инвесторлар учун  яратилаётган “шарт-шароит ва имкониятлар”! шунгаям “хўп” дейишган. Лекин мана 20-25 кун ўтган бўлса-да, атиги 500 миллион сўм қайтарилган. Тасаввур қилинг-а, бу энди 18-20 ой дегани. Сизларга нима? Муҳими, сизларга зарар етмасин.

Ҳурматли, Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси!

  • Бир ҳисобчининг техник хатоси сабаб сизга ўтиб кетган катта миқдордаги маблағ 5-6 ойдан бери қайтарилмаслиги натижасида тадбиркор-инвесторнинг савдо айланмасига салбий таъсир кўрсатаётганингизни ҳис қиляпсизми?
  • Инвестор йиллар давомида солиқ имтиёзларидан ноўрин фойдаланган экан, 100 минг сўм солиқ қарзини ҳам эслатавериб чарчамайдиган солиқ хизмати нега ўз вақтида инвестордан солиқларни ундирмаган-у, адашиб пул ўтказиб қўйишгач, уйғониб қолишди?
  • Сизнинг хатойингиз Қўмита томонидан исботланиб турган бир пайтда маблағларни қайтармаётган ҳар бир кунингиз учун тадбиркорни моддий зиёнга етаклаётганингизни биласизми?
  • Ноллари кўп бўлган бунча маблағни бўлиб қайтариш қайси қонун меъёрларига тўғри келишини асосларсиз, балки?
  • Муаммо айнан қайси нуқтада, қайси мутасадди ташкилотда эканлигини айтарсиз, балки?

Йиғилиб қолган саволлар бисёр. Ачинарлиси эса бу каби инвесторлар юртимизга янги кирмоқчи бўлган инвесторларга қандай маслаҳат беришаркан?... Инвесторларга Давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, имтиёзлар берилаётган бир пайтда тадбиркорни бу тарзда “бўғишингиз” нимаси? Масъуллардан юқоридаги саволлар бўйича изоҳларини кутиб қоламиз. Бу мавзуга албатта қайтамиз.

 

Сардорбек Раҳмонқулов

    Бошқа янгиликлар