АсосийSiyosat

Аёллар ва ёшларни иш билан таъминлашда “ижтимоий шартнома” тажрибаси қўлланилади. Бу нима дегани?

'Аёллар ва ёшларни иш билан таъминлашда “ижтимоий шартнома” тажрибаси қўлланилади. Бу нима дегани?'ning rasmi

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Йиғилишда “ижтимоий шартнома” тажрибасини кенг қўллаш муҳимлиги айтилди. Бунда, аввало, фуқаро касб ўрганиши, ишга жойлашиши, ўзини ўзи банд қилиши учун давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак кўрсатилади.

“Дафтар”лар билан ишлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди. Улар билан ҳамкорликни кенгайтириб, жазони ўтаб қайтганларнинг ижтимоий мослашуви, ёшлар ва аёлларни психологик қўллаб-қувватлаш, уларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш муҳимлиги айтилди.

Бу ишларга “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг салоҳияти сафарбар этилади. Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларга йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади.

Йиғилишда мўлжалдаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун уларни барқарор молиявий манбалар билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўрганишларда маълум бўлишича, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 фоизи ўрта маълумотли. Ишсиз ёшларнинг ҳам кўпчилиги замонавий билим ва ҳунарларни эгалламаган.

– Ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйсак, уларнинг муносиб иш топишига кўмаклашсак, кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳал бўлади. Бунинг учун нафақат давлат таълим муассасалари, балки мингдан зиёд нодавлат касб-ҳунар таълими марказларини ҳам жалб қилиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилганидек, бу борада мутлақо янги тизим жорий қилиниб, нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари орқали ёшлар ва аёлларда касбий кўникмаларни шакллантириш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилади. Шунинг 10 миллиони ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. “Ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.

Яна бир масала – Касб ва лавозимлар классификатори бугунги замон ва меҳнат бозори талабларига мос келмайди. Мисол учун, унда 2 минг 484 та, яъни 70 фоиз хизматчи лавозими бўйича олий маълумот талаб этилади. Хусусан, маълумотлар базаси билан ишлайдиган мутахассис, веб дизайнер каби ихтисосликларга олий малака талаби қўйилган. Ушбу касбларни IT-марказларда ярим йилда яхши ўрганиш мумкин.

Кутубхоначи, таржимон, банк агенти, реклама мутахассиси каби кўплаб вазифаларга ҳам олий маълумот талаби қўйилган. Меҳнат бозорида бундай касблар бўйича 4 мингга яқин вакансия мавжуд.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Касб ва лавозимлар классификаторида олий маълумот талаб қиладиган мутахассисликлар ва лавозимларни қисқартириш вазифаси қўйилди. 

Ҳокимларнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари “ёшлар дафтари” бўйича, маҳалла ва оила масалалари бўйича ўринбосарлари “аёллар дафтари” бўйича масъуллиги белгиланди.

Видеоселектор йиғилишида Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимларнинг ахбороти эшитилди.

 

    Бошқа янгиликлар