my5

"Ўзбекнефтгаз” АЖ “SAP Ariba” глобал бизнес тармоғи аъзоси сифатида жаҳон бозорига чиқади

ИҚТИСОДИЁТ 11.10.2020, 10:08
430
"Ўзбекнефтгаз” АЖ “SAP Ariba” глобал бизнес тармоғи аъзоси сифатида жаҳон бозорига чиқади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг ташаббуси билан бугунги кунда жамиятда бизнесни рақамлаштиришга ўтказиш бўйича турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда жамиятнинг Матбуот хизмати хабар берди. 

Ана шундай лойиҳалардан бирининг самараси ўлароқ бугун “Ўзбекнефтгаз” АЖ “SAP Ariba” глобал бизнес тармоғининг тўлақонли аъзосига айланади. 

“SAP Ariba”га қўшилиш лойиҳаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ рақамли трансформация дастури ва жамиятнинг бизнес-жараёнларини автоматлаштириш доирасида "Parma-Telekom” халқаро интегратор компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.


“SAP Ariba” – “бизнес учун бизнес” модели бўйича ишлайдиган йирик савдо платформаси орқали етказиб берувчилар ва жаҳон бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш учун имконият демакдир. Шундай қилиб, эндиликда “Ўзбекнефтгаз” АЖ нафақат сотиб олиш жараёнини ўзгартиради, балки ўзи етказиб берувчи сифатида ҳам иш олиб бориши ва бутун дунё бўйлаб маҳсулот сотиши мумкин.

“SAP Ariba” глобал бизнес тармоғининг рўйхатидаги 76 фоиз компаниялар “Fortune 2000” рейтингидан ўтган. Бугунги кунда ушбу тармоқ дунё бўйлаб 5,5 миллиондан ортиқ етказиб берувчини қамраб олган. Унинг қамрови доимий равишда кенгайиб боради. “SAP Ariba”нинг йиллик айланмаси 2,8 триллион АҚШ доллардан ортиқ маблағни ташкил этади.

Компания тармоқ раҳбарлари учун бизнес-жараёнларни автоматлаштириш бўйича кўплаб лойиҳаларни, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида “Лукойл” учун SAP маҳсулотларини муваффақиятли тадбиқ этишни амалга оширди.

Ушбу лойиҳанинг ташаббускори, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Алиризаев Шаҳзод Шуҳратович лойиҳанинг қуйидаги бир неча муҳим жиҳатларини таъкидлаб ўтди:

– Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири бўлган “Ўзбекнефтгаз” АЖ саноатни рақамлаштириш тизимини яратди. Ушбу жараён харидлар самарадорлигини ошириш, ҳужжатлар айланиши ва пудратчилар билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш ечимларини жорий эта бошлади;

– 2020–2021 йилларда компания раҳбарияти пудратчилар билан ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш саъй-ҳаракатида;

– амалга оширилаётган “SAP Ariba” лойиҳаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ харидлари жараёнларининг шаффофлигини ва уларнинг самарадорлигини оширади. Шунингдек, рақамли иқтисодиётга ўтиш орқали қоғоз ҳужжатлар оқимини камайтиришга эришилади.

Ушбу лойиҳани тадбиқ этиш орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ қуйидаги натижаларга эришиши кутилмоқда:

• харид қийматини амалдаги қийматдан камида 15 фоизга камайтириш;
• сотиб олиш жараёни учун операцион харажатларни 70% гача камайтириш;
• потенциал етказиб берувчилар сонини 15 фоизга ошириш;
• ҳужжатлар айланмасидаги хатолар сонининг 50% дан ортиқ қисқариши;
• маҳсулотларни янги бозорларга олиб чиқиш.

Шуни таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳа “Ўзбекнефтгаз” АЖ рақамли трансформация дастурининг биринчи босқичи бўлиб, у кейинчалик ахборот технологиялари саноатининг замонавий маҳсулотларига асосланган корпоратив ахборот тизимини (ERP – Enterprise Resource Planning) жорий этиш учун локомотивга айланиши керак.

Маълумот учун, ERP тизими – таъминот, захираларни бошқариш, бюджетлаштириш ва молиявий режалаштириш жараёнларини, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларини қамраб олади.

Ишончимиз комилки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ рақамли трансформация дастурининг амалга оширилиши мамлакатимизда ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишига ҳисса қўшади. Бу эса ўз навбатида соҳага ҳам, барча истеъмолчиларимизга ҳам ижобий таъсир қилади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+17° ясно
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92