Ўзбекистонни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши (ИҲК) аъзолигини қўллаб-қувватлаб 169 давлат овоз берди.
Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонасидан (Нью-Йорк) маълум қилишларича, 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашнинг 2021 — 2023 йиллар учун 15 та аъзосининг сайлови бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон ушбу органга ўз номзодини кўрсатди ва сайловда иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, республикамизнинг ИҲКга номзодини кўрсатиш Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш юзасидан қабул қилинган Давлат дастурида мустаҳкамланган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи ва энг обрўли халқаро ташкилотдир. Унинг таркибига 47 давлат сайланади. Кенгаш бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча масалаларни ва вазиятларни муҳокама қилиш ваколатига эга. ИҲК аъзолари тўғридан-тўғри яширин овоз бериш орқали Бош Ассамблея делегатларининг кўпчилик овози билан уч йиллик муддатга сайланади.
Жорий сайлов жараёнида БМТнинг минтақавий гуруҳлари томонидан бўш ўринларга тегишли давлатларнинг номзодлари кўрсатилди.
Шуниси эътиборга лойиқки, агар бошқа минтақавий гуруҳларда бўш ўринларга давлатлар ўртасида рақобатнинг йўқлиги кузатилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси кирадиган Осиё-Тинч океани минтақаси гуруҳида ИҲКдаги 4 та бўш ўрин учун мамлакатимиз билан бирга Хитой, Непал, Покистон ва Саудия Арабистони даъвогарлик қилди.
Яширин овоз бериш натижасида ва кучли рақобат давомида Ўзбекистон ўз гуруҳидаги давлатлар орасида энг кўп овоз олди ва ИҲКга 2021 йил 1 январдан бошланадиган навбатдаги уч йиллик муддатга сайланди. Мамлакатимиз билан бир қаторда Кенгашга Хитой, Непал ва Покистон ҳам сайланди.
Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли органга сайланиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланилаётганининг ёрқин тасдиғи ва эътирофи бўлди. Шунингдек, мамлакатимиз БМТ Низоми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг мақсадлари ва тамойилларига қатъий содиқлиги ва бу борадаги халқаро мажбуриятларига қатъий риоя қилишининг далилидир.
Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда демократия ва инсон ҳуқуқларининг замонавий мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизим шаклланди. Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётида инсон ҳуқуқлари стандартларининг тизимли ва изчил амалга оширилишини таъминлаш учун ноёб модель ишлаб чиқилди.
Шубҳасиз, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида Ўзбекистон ушбу органнинг ишига салмоқли ҳисса қўшади ва унинг фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.