my5

БМТ тавсияларини бажаришда Миллий маълумотлар базасидан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда

СИЁСАТ 16.10.2020, 08:21
183
БМТ тавсияларини бажаришда Миллий маълумотлар базасидан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда

Миллий маълумотлар базасининг БМТ устав ва шартнома органлари тавсиялари бажарилишига кўмаклашиш борасидаги имкониятлари тақдимотига бағишланган онлайн форум ташкил этилди.

Тақдимот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ҳамда БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликдаги"Шартномавий органлар салоҳиятини мустаҳкамлаш дастури" доирасида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги шартномалар масалалари департаменти Қийноқларга қарши кураш бўлими бошлиғи Антти Коркеакиви, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ришард Коменда тадбир иштирокчиларини қутладилар.

Бугунги кунда давлатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини бажариш бўйича тавсияларга амал қилиш борасида халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи механизмлар билан тобора фаол ҳамкорлик қилмоқда, деди ўз чиқишида А.Саидов. Шу билан бирга, янгидан-янги шартномалар кучга киргани сари тавсияларнинг сони ва салмоғи ҳам жадал ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, БМТ устав ва шартнома органлари тавсиялари бажарилишини назоратда ушлашни мураккаб жараёнга айлантиради.

Хусусан, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган.

Ушбу халқаро ҳужжатларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига 2008 йилдан то бугунги кунгача 38 та миллий ва даврий маърузалар тақдим этилган. Мамлакатимиз ушбу маърузаларнинг кўриб чиқилиши юзасидан БМТ шартномавий органларидан 1 минг 363 та тавсия ва хулосалар олган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлари тавсиялари ижроси доирасида Ўзбекистон 2018 йил декабрида Маърузаларни тайёрлаш ва кейинги босқичдаги ишлар бўйича миллий механизмни таъсис этди. Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига муайян ваколатлар берилди. 

 Шу асосда Миллий марказ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ва БМТТД билан ҳамкорликда Тавсиялар бажарилишини кузатиб бориш миллий базасини ишлаб чиқди ҳамда амалиётга татбиқ этди.

 Тавсиялар бажарилишини кузатиб бориш деганда, инсон ҳуқуқлари бўйича тавсияларни жамлаш, тартибга солиш ва тизимлаштириш, ижро учун масъулликни тақсимлаш, шунингдек ютуқ ва камчиликларни аниқлаш ҳамда мониторинг қилиш тушунилади. 

Бу жараён, биринчи навбатда, масъул давлат органларига тавсиялар ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш имконини беради. Ушбу жараёнда ижро ҳокимияти институтлари билан бир қаторда, парламентлар, суд органлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий муассасалар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳам иштирок этади.

 Ҳозирги вақтда Миллий маълумотлар базасидан кенг кўламда фойдаланишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу билан унинг шаффофлиги янада ортади, айни йўналишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳам салоҳияти кучаяди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича 

Ўзбекистон Республикаси 

Миллий марказининг

матбуот хизмати

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+17° ясно
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92