my5

Президент Тошкентда қурилаётган Геология фанлари университетининг қурилиш ишлари билан танишди

ЖАМИЯТ 16.10.2020, 16:23
223
Президент Тошкентда қурилаётган Геология фанлари университетининг қурилиш ишлари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда.

Биринчи объект Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университети бўлди. Давлатимиз раҳбари жорий йил 31 январь куни ушбу янги олий ўқув юрти қурилишига тамал тоши қўйган эди. Бугунга келиб бинолар анча қад кўтариб қолди.

Лойиҳа доирасида 6 та кўп қаватли иморат барпо этилиши ва 4 таси реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Ҳозирги биринчи босқичда ўқув корпуси, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, Минерал ресурслар институти, Геология ва геофизика институти, Геология музейи бинолари, кутубхона, ётоқхона бунёд этилмоқда.

Президент бу ерга яна келиб, қурилиш ишлари ва режалар билан шахсан танишгани бежиз эмас.

- Илм бизнинг қонимизда, генимизда бор. Бу марказ ҳам учинчи Ренессанс пойдеворларидан бири, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномада ҳамда 31 январь куни илм-фан вакиллари билан учрашувда геология соҳасини ривожлантиришга доир долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Шу асосда мамлакатимизда янги геология тизими яратилмоқда. Президентимизнинг бу соҳага оид 4 та қарори қабул қилинган.

Геология фанлари университети соҳадаги илмий муассасаларни жамлаган яхлит мажмуа бўлади. Унинг таркибига 4 та илмий-тадқиқот институти кирган. Илгари улар тарқоқ жойлашган эди. Шунингдек, бу ерга Геология музейи кўчириб келинади. Соҳадаги муассасалар бир жойда бўлиши мутахассисларнинг яқин ҳамкорликда ишлаши, талабаларнинг илмий лабораторияларда амалиёт ўташини таъминлайди. Бу эса биноларга хизмат кўрсатиш учун ҳам қулай ва тежамкор.

Давлатимиз раҳбари шу ерда илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари билан суҳбатлашди.

- Илм-фан барча соҳаларни фундаментал ривожлантириш учун асос. Аввалдан эътибор берганимизда, геологиянинг ҳамма йўналишлари бўйича 15-20 фоиз аҳолини иш билан таъминлашимиз мумкин эди. Мана энди олимларга шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз, интеллектуал мулкни асраб, қўллаб-қувватлаяпмиз. Интеллектуал мулк унинг эгасига ҳам, давлатга ҳам манфаат келтиради, - деди Президент.

Шавкат Мирзиёев ушбу даргоҳда яратиладиган шароитлар билан қизиқиб, қурилиш сифатли, лабораториялар юқори технологияли бўлиши кераклигини таъкидлади.

- Замин мустаҳкам бўлиши керак. Биз бу университетни келажак учун қуряпмиз, - деди давлатимиз раҳбари.

Шу ерда лойиҳанинг иккинчи босқичи тақдимот қилинди. Бу босқичда Давлат геология қўмитаси биноси, Геология ахборот маркази, Геоинновацион технологиялар маркази, автотураргоҳ барпо этилиши режалаштирилган.

 

 


 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+1° туман
Валюта курси
10427.38
USD 12.52
12473.23
EUR 128.5
137.48
RUB 0.79