my5

Россияда ишлаш учун ҳужжат тайёрлаш осонлаштирилмоқда

ЖАМИЯТ 17.10.2020, 16:07
493
Россияда ишлаш учун ҳужжат тайёрлаш осонлаштирилмоқда

Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт ва виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси раҳбари С.Машин бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 17 августда хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизга муносиб шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши, шунингдек, 11 сентябрда қабул қилинган «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида Россия Федерацияси билан боғлиқ бўлган меҳнат миграцияси соҳасига оид муҳим вазифалар белгиланган.

Жумладан, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига муносиб шароитлар яратиш, салоҳиятли корхоналарга фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш бўйича аниқ келишувларга эришиш, уларни касб-ҳунар ва рус тилига ўқитишни ташкил этиш, Екатеринбург, Новосибирск, Самара, Уфа шаҳарларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарини очиш, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» ваколатхонасини Ўзбекистонда очиш ҳамда ушбу ваколатхонада вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатномани, яъни патентни тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматларини кўрсатиш, шунингдек, Россиядаги ватандошлар ташкилотлари билан ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳамкорлик ва алоқаларни ривожлантириш ва бошқа вазифаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланган эди.

Россия Федерациясида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ комплекс масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бошлиғи М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ва Ички ишлар вазирликлари вакиллари ҳамда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги «Паспорт-виза хизмати» раҳбари С.Машин, Россия халқлар дўстлиги университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари А.Колесников иштирокида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтказилган учрашувда айни пайтда Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва ушбу мамлакатда ишлаш истагидаги фуқаролар учун кўплаб қулайликлар яратиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Учрашувда таъкидландики, Россия Федерацияси ҳудудида ишлашда талаб этиладиган патентни расмийлаштириш учун ўртача 20 кундан 30 кунгача вақт талаб этилади. Бу вақт оралиғида фуқаронинг ишлаши мумкин эмас ва табиийки, бу жараён меҳнат мигрантлари учун ортиқча вақт ва харажат талаб этади. Эндиликда, Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт ва виза хизмати» ҳамда Россия халқлар дўстлиги университетининг мамлакатимизда ваколатхоналарини очиш орқали патент учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарият қисми, хусусан, рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихини ўргатиш ва тегишли сертификат бериш ишлари Ўзбекистонда амалга оширилади. Шу билан бирга, кетишдан аввал тиббий кўрикдан ўтиш ва Россия Федерацияси ҳудудига кириш учун тақиқ бор-йўқлигини текшириш имкониятини яқин вақтда яратиш ҳам режалаштирилмоқда.

Учрашувда меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистонда яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Таъкидлаш жоиз, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида жорий йилнинг 16-29 сентябрь кунлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари ушбу мамлакатга ташриф буюриб, ваколатли ташкилот ҳамда қатор иш берувчи корхоналар билан келишувларга эришилган эди.
 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+17° ясно
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92