my5

18 октябрь – Самарқанд шаҳар куни! Ушбу сана муносабати билан Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилди

ЖАМИЯТ 18.10.2020, 10:06
120
18 октябрь – Самарқанд шаҳар куни! Ушбу сана муносабати билан Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилди

Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилди.

1996 йилнинг 18 октябрь куни соҳибқирон Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейида Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан тақдирланган ва 18 октябрь Самарқанд шаҳар куни деб белгиланган эди. Шундан буён мана чорак асрдирки ушбу кун вилоятда кенг нишонланиб келинади.  

Самарқанд – қадимий шаҳар, вилоят ва туман шу ном билан аталган. Тарихчилар бу шаҳарни Вавилон, Фива, Афина, Рим ва бошқа шу каби шаҳарлар билан тенгдош ҳисоблашади. Топонимнинг этимологияси ҳақида турли қарашлар бор. Тадқиқотчиларнинг қарийб барчаси топонимнинг иккинчи қисмини туркийча – кент, – қанд, яъни қишлоқ, шаҳар деб ҳисоблайдилар.

Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Самарқандни шу даражада вайрон қилганки, уни қайта тиклашнинг иложи бўлмаган.

Соҳибқирон Амир Темур 1370 йилда Самарқандни ўз давлатининг пойтахти қилиб танлар экан, қадимги Самарқанд – Афросиёбни қайта тиклашдан кўра, янги шаҳарни бунёд этишни маъқул топди. Афросиёб харобалари қайта тикланмади, балки унинг жанубий томонида янги шаҳар барпо қилишга киришилди. Шу туфайли Самарқанд икки тарихий ўринга эга шаҳар сифатида машҳурдир.

Амир Темур Самарқандда бир-биридан гўзал, бетакрор обидалар - жомеъ масжиди, Кўксарой, Бўстонсарой, Амир Темур, Шоҳизинда каби мақбараларни бунёд этди ва атрофида бир-биридан гўзал, баҳаво, хушманзара 12 боғ-саройни яратди.

Амир Темур илм-фан, санъат ва маданиятга чин маънода хомийлик қилганлиги туфайли Самарқандда меъморчилик, шеърият, илм-фан, монументал рангтасвир, манзарали рангтасвир, тўқимачилик санъати, наққошлик, кандакорлик, тоштарошлик, шишасозлик, кулолчилик ғоятда ривожланди.

XIV–XV асрларда Самарқанд Туроннинг энг улуғ даҳолари учун ижодий лаборатория вазифасини ҳам бажарди. Самарқандда инсоният маданияти тарихидаги энг нодир ҳодиса, Ренессанс – Уйғониш жараёни бошланди ва ривожланди. Самарқандда туғилган "Темурийлар Ренессанси" қуёш каби порлаб, Шарқ ва Fарб мамлакатларига тарқалиб кетди.

Самарқандда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида порлаган илм-фан, санъат-маданият маёғи ҳозирги Эрон, Ҳиндистон, Хуросон, Туркия ҳудудида ҳам илм-фаннинг ривожига катта таъсир кўрсатди.

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри бетакрор шарқона қиёфаси, бой тарихи, ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган ноёб обидалари билан сайёрамизнинг турли ўлкаларида афсонавий шаҳар сифатида машҳур бўлди, Рим билан бир қаторда турадиган “абадий шаҳар” деган ном билан Шарқ гавҳарига, бугун жаҳон аҳлининг албатта келиб кўриши шарт бўлган 50 та шаҳарнинг бирига айланди.

Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Самарқанд вилояти ҳар томонлама обод қилиниб, бутун жаҳондан келадиган меҳмон ва сайёҳларнинг ҳавасини тортмоқда. Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бундай муқаддас қадамжоларнинг янада обод бўлгани кўпгина мусулмон мамлакатлари давлат арбоблари ва жамоатчилиги, минглаб зиёратчиларнинг юксак эътибори ва ҳурматига сазовор бўлмоқда.

Энг муҳими, мустақиллик йилларида Самарқанддаги тарихий обидалар ўзининг иккинчи умрини бошлади, обидалар қайта реконструкция қилиниб, атрофи ободонлаштирилди, бир қанча боғлар ва фавворалар қурилди, йўлаклар кенгайтирилиб, сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Бу хайрли ишлар бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тизимли равишда давом эттирилмоқда. 

РАҚАМЛАРДА

Маркази: Самарқанд шаҳри.

Ташкил топган: 1938 йил 15 январь.

Майдони: 16,8 минг км2. Жами экин майдони – 432 минг гектар, шундан суғориладиган ер майдони 249 минг, лалми ер майдони – 183 минг гектар.

Чегара: Жиззах - 180 км, Навоий - 285 км, Қашқадарё - 200 км вилоятлари ҳамда Тожикистон Республикаси - 53,2 км.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+0° дымка
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92