Шавкат Мирзиёев «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Фармонга мувофиқ, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди.
Шунингдек Фармонга кўра:
- 2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамрови 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказилади;
- 2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўлами амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача оширилади;
- олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сони 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказилади;
- лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида “Ўзбекистон миллий қомуси” жилдларини нашр этиш босқичма-босқич кўпайтириб борилади;
- 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратилади;
- телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизими жорий этилади ва қамров 2030 йилгача 100 фоизга етказилади;
- 2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналари ишлаб чиқилади ва улардан фойдаланиш учун 14 та онлайн дастур ишлаб чиқилади, 2030 йилгача эса ушбу кўрсаткич 25 тага етказилади;
- дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурлари яратилади;
- хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратилади;
- 2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сони амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтирилади;
- 2025 йилга қадар “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари сони 30 тага, 2030 йилгача эса 40 тага етказилади.






