Куни кеча, «UzAuto Motors» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан судлашув жараёнида Қўмитанинг расмий вакиллари томонидан оммавий ахборот воситаларига босим ўтказишга уринишлар бўлгани тўғрисида расмий баёнот берди.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги автокомпания даъвосига кўра давлат идорасининг ОАВларга яққол босим ўтказгани (гўёки) исботланган фактларни ўз ваколати доирасида тўлиқ ўрганиб чиқишини маълум қилди.
"Биз ОАВларга нисбатан ҳар қандай усулда босим уюштиришга йўл қўйилмаслиги лозим деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги, ОАВларнинг мустақил фаолияти ва давлат органларининг очиқлигига эришиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Чунки айнан шу йўл орқали Ўзбекистоннинг фаол ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳамда ахборот хилма-хиллиги таъминланишига мустаҳкам замин яратиш мумкин.
Ўз ўрнида АОКА, барча ОАВларни қонунийлик, ҳаққонийлик, холислик тамойилларига амал қилган ҳолда фаолият юритишга чорлайди ва юқоридаги масалага соҳа экспертларининг ўрганишлари натижасига асосан тегишли баҳо берилишини маълум қилади", дейилади Агентлик хабарида.






