АсосийIqtisodiyot

Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСни келгуси йилда қуришни молиялаштириш учун маблағ қидирмоқда

'Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСни келгуси йилда қуришни молиялаштириш учун маблағ қидирмоқда'ning rasmi

Тожикистон раҳбарияти тегишли ишчи гуруҳга 2021 йилда Роғун ГЭС қурилишини молиялаштириш манбаларини топиш бўйича аниқ чоралар кўриш ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда мамлакат Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги хабар қилмоқда.

Жорий йилнинг октябрь ойи ўрталарида Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ушбу станция қурувчилари билан учрашувда 2008 йилдан буён станция қурилишига 25,3 миллиард сомонийдан кўпроқ маблағ ажратилганлигини таъкидлади.

“Фақатгина 2020 йилда қурилиш ишларига давлат бюджетидан қарийб 3 миллиард сомоний ажратилади”, - деди у.

Аввалроқ, Роғун ГЭСни қуриб битказиш учун 2,1 миллиард сомоний миқдорида бюджет маблағларини ажратиш режалаштирилганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу станцияда объектларни қуриш учун 1,3 миллиард сомоний миқдорида бюджет маблағлари ажратилди.

Айни пайтда, Роғун ГЭС лойиҳасидан ташқари, мамлакат энергетика соҳасида қиймати 13,3 миллиард сомонийдан ортиқ бўлган қўшимча 12 та давлат инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

2018 йил ноябрь ва 2019 йил сентябрь ойларида фойдаланишга топширилган Роғун ГЭСнинг иккита гидроагрегати ишга туширилгандан буён, жорий йилнинг сентябрь ойигача 1,7 миллиард кВт.соат дан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Умуман олганда, Роғун ГЭС машина залида 600 МВт қувватли олтита гидроагрегатни турбиналар билан жиҳозлаш режалаштирилган.

Ҳозирда 12,7 мингдан зиёд қурувчи 3824 та машина ва механизмлардан фойдаланган ҳолда Роғун ГЭСни қуриш ишларини давом эттирмоқда.

Роғун ГЭСни 2033 йилгача тўлиқ қуриб битказилиши кутилмоқда. Роғун тўлиқ ишга туширилгандан сўнг, у ерда ўртача йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 17 миллиард кВт.соат дан ошади.

    Бошқа янгиликлар