Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга тегишли экани айтилаётган аудио тарқалмоқда.
Аудиода икки ҳолат мавжуд бўлиб, биринчи ҳолатда ҳоким ОАВ вакиллари — журналистларга нисбатан муносабат билдирган. Иккинчи ҳолатда эса вилоятнинг Марҳамат тумани аҳолиси, хусусан қабулига келган аёлларни қамаб қўйгани маълум қилинган.
Ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлаётган мазкур аудио юзасидан вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати муносабат билдирди.
Келтирилишича, мазкур аудиоёзув Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновга тегишли эканлиги, аммо ушбу аудиоёзув бундан икки йил муқаддам ёзиб олинганлиги маълум бўлган.
Бундан ташқари аудиоёзувда вилоят ҳокимининг билдирган фикрида барча ОАВ вакилларига эмас, аксинча айрим нохолис ОАВ ходимларига нисбатан айтилганлигини билиш мумкин.
Жумладан, ўтган давр мобайнида ОАВ вакиллари билан шахсан вилоят ҳокимининг иштирокида 20 дан зиёд очиқ мулоқотлар, брифинглар, пресс турлар ҳамда матбуот анжуманлари ўтказилди.
Шунингдек вилоят ҳокимлиги Республикамизда фаолият олиб бораётган барча ОАВ вакиллари билан доимий равишда Андижон вилояти ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий янгиликларни ёритиб боришда доимий ҳамкорликни йўлга қўйган, дейилади расмий муносабатда.






