АсосийЖАМИЯТ

Пандемияни ҳам доғда қолдирган қашқадарёликлар! Сизга ҳар бир дарси 1000 сўмлик инглиз тили репетитори керакми?

Тил ўрганиш хозирда энг зарур эҳтиёжлардан бирига айланган. Лекин ҳар доим ҳам бунга қунт...

Тил ўрганиш хозирда энг зарур эҳтиёжлардан бирига айланган. Лекин ҳар доим ҳам бунга қунт қилмаймиз. Вақт йўқлиги, иш кўплиги ва албатта, сўнгги пайтларда пандемия сабаб карантин чекловлари ўрнатилгани боис ўқитувчи-ўқувчи бевосита мулоқоти узилиб қолгани тил ўрганишдаги баҳоналаримизга баҳона қўшяпти. Интернет орқали тил ўрганай десангиз, ўзбек тилидаги адабиётлар, янги таълим технологиялари манбалари деярли йўқ. Инглиз тилини инглиз тилида ўрганишингизга тўғри келади. Аммо қашқадарёлик ёшлар жамоаси бу муаммога бироз ечим топиб, пандемияни доғда қолдириб, барча баҳоналарга ечим топувчи дастурни ишлаб чиқишди. Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафари чоғида Қарши шаҳрида барпо этилган IT-технопаркда шундай иқтидорли ёшлар билан ҳам учрашди.

ФАҚАТГИНА ЧИРОЙЛИ БИНО ЭМАС, МАҲСУЛДОР НАТИЖАЛАР ҲАМ БОР

Хозирда юртимизнинг турли ҳудудларида дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки филиаллари ташкил этилиб, соҳа мутахассислари учун яхши шароитлар яратилмоқда. Қарши шаҳридаги IT-технопаркида ҳам веб-дизайнерлар, дастурчилар ва робототехниклар фаолият юритишяпти. Бундан ташқари, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ўқув курслари орқали ҳам дастурлашни ўрганаётган ёшлар турли ижобий натижаларга эришмоқда. 

Мисол учун 16 ёшли дастурчи Абдуазиз Зиёдов ҳам ушбу лойиҳада фаол қатнашиб, Америка Қўшма Штаталари грантини қўтга киритганини айтади:

Мен ҳам “Бир миллион дастурчи”лойиҳаси доирасида имтиҳон топшириб, Nano degree йўлланмасини қўлга киритдим.  Бу курслар 1300 долларга баҳоланадиган тўрт ойлик дарсларни ўз ичига олади. Ўзбекистондан иштирок этган минглаб ёшлар ичидан 50 нафар дастурчилар танлаб олиниб, ушбу курсда бепул ўқитилади. Дарслар АҚШлик дастурчилар томонидан онлайн тарзда ўқитилади”.   

 

“ҲАР БИР ДАРС УЧУН АТИГИ МИНГ СЎМДАН ТЎЛАЙСИЗ”

Дастурчилар фаолиятига дахлдор яна бир ташаббус барча қизиқувчилар учун айни муддао бўлиши табиий. Инглиз тилини исталган шароитда ўрганиш учун қулай бўлган дастур иловаси муаллифлари муносиб тақдирланиб, Президентнинг ҳам эътиборини тортди. 

Сардор СОДИҚОВ, ўқув маркази директори:

— Пандемия даврида барча ўқув марказлари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлиб қолган бир пайтда бизнинг ўқув марказимиз шижоатни туширмасдан, инглиз тили дарсларидан видеосъёмкани бошлаганмиз. У видеомаҳсулотларни битта жойда тўплаш ва инглиз тилини ўргатиш учун ечим сифатида мобил илова яратганмиз. Ҳозирда фақат Android платформаси учун мўлжалланган инглиз тилини ўрганиш дастурини Play Market иловаси орқали “Roboteach” деб қидириб топиш мумкин. Бунинг афзаллиги шундаки,  сиз тил ўрганиш учун маълум бир белгиланган вақтда дарс қилишингиз шарт эмас ва индивидуал тарзда, исталган вақтингизда ўрганиш имконига эгасиз. Дарслар бошланишига текин. Кейин эса ҳар бир дарс учун атиги минг сўмдан тўлайсиз.

У шунингдек, яқинда 260 дан ортиқ жамоа қатнашган “mGovAward” танловида қатнашиб, ушбу яратган илова учун 1-ўринга лойиқ топилиб, 500 млн. сўм пул мукофотига эга бўлгани ҳақида ҳам айтади. Бу танловга Ўзбекистон Ҳукумати, IT-парк ва Бирлашган Араб амирлиги ҳомийлик қилган. Қолган 2-ва 3-ўринларга мос равишда 30 минг ва 20 минг доллар пул мукофотига эга бўлишган. 

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ёш дастурчиларни муваффақият билан табриклаб, келгуси мақсадларини сўради. Уларнинг лойиҳани янада ривожлантириш, янги дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш режаларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва IT-парклар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятлари, долзарб муаммолари бор. IT-парклар шулардан келиб чиқиб,  дастурий маҳсулотлар яратиши керак. Масалан, Қашқадарёда мелиорация, картошкачилик, узумчилик оғир аҳволда, чорвачиликни, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун қулай шароит бор. Шу соҳаларда ресурсларни тежаш, фойдали иш коэффицентини ошириш учун инновацион лойиҳалар зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

 

Сардорбек Раҳмонқулов тайёрлади

    Бошқа янгиликлар