Бугун, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг 9 ойдаги ижроси кўриб чиқилмоқда.
Мажлис Youtube орқали жонли эфирга узатилди. Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Йўлдошев депутатнинг саволига жавоб бериб бўлгач, камера микрофонини ўчиришни ёддан чиқариб қўйди. Натижада вазир ўринбосари Мақсуд Йўлдошев ўша пайтда қўнғироқ қилган Хуршид исмли шахсга жавоб берар экан, “Обқочишга мажбурмиз энди, нима қиламиз”, деган сўзлари тўғридан тўғри эфирга кетиб қолди. Шу тариқа Йўлдошевнинг телефонда гаплашгани барчага эшитилди.
Депутат Расул Кушербаев вазир ўринбосари ўзи билмаган ҳолда иш тизими бўйича бор ҳақиқатни очиб қўйганини, тизим олиб қочишга мослашганини таъкидлади.
" - Бугун депутатларни алдаб олиб қочинг, эртага Президентни алдаб олиб қочинг, кейин халқни олдаб олиб қочинг.
Ҳаммаси яхши кетаётувдия, аттанг, аттанг...", деган халқ вакили.
Дарҳол вазирлик ҳолатга изоҳ берган.
Унда айтилишича, ҳақиқатан ҳам М.Юлдашев депутатлар саволларига жавоб бергандан сўнг онлайн узатилаётган эфир микрофонини ўчириш эсдан чиққанлиги ва у иш фаолиятини давом эттирганлиги ҳамда бу жараёнда унга бўлган қўнғироққа жавоб берганлиги маълум бўлди.
Вазир ўринбосари М.Юлдашев бу телефон орқали сўзлашув мазмуни депутатларга берилган жавобга алоқаси йўқлигини маълум қилган.






