АсосийJinoyat

Актриса Гавҳар Шарипованинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди

'Актриса Гавҳар Шарипованинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди'ning rasmi

 Ўзбек киносининг таниқли актрисаси Гавҳар Шарипова 2019 йилнинг 18 ноябридан 19 ноябрига ўтар кечаси ЙТҲ туфайли ҳалок бўлган эди. Шов-шувларга сабаб бўлган ҳодиса юзасидан Қашқадарё вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати расмий муносабат билдириб, актрисага юк машинаси ҳайдовчиси шилқимлик қилгани, шундан сўнг у юриб кетаётган автоуловдан ўзини ташлаб вафот этганини маълум қилганди. Шунингдек, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Ф. Ш.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳақида ҳам ахборот берилган эди. Орадан етти ой ўтиб, яъни 2020 йилнинг 12 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман суди биносида очиқ суд мажлиси ўтказилиб, Ф. Ш. устидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда "Даракчи" газетасининг  42-сонида Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани суди раиси Нурбек АБДУЛЛАЕВ  ҳамкорлигида батафсил мақола ёритилган. 

Маълумот учун:

Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)нинг драма-театр ва кино актёрлиги йўналиши бўйича тамомлаган. Бир муддат Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият юритган. Гавҳар Шарипова “Алпомиш”, “Алданган аёл”, “Сарвиноз”, “Гулҳан атрофидагилар” каби ўнлаб ўзбек фильм ва сериалларида ҳам турли ампуладаги ролларни ижро этган. Унга “Опа-сингиллар” телесериалидаги Нафиса роли машҳурлик олиб келган. У қатор фильмларга овоз бериб, дубляж санъатида ҳам ўз имкониятларини намоён қилган.

Судланувчининг тергов пайтидаги илк кўрсатмаси:

30 яшар судланувчи Ф.Ш. 2019 йилнинг 18 ноябрь куни соат 02:20 ларда “Isuzu” русумли юк автомашинасини А-378 “Самарқанд-Ғузор” автомобиль йўли бўйлаб бошқариб кетаётиб Ғузор туманидаги “Карвонсарой” чойхонаси рўпарасида тўхтайди. У автоуловга фуқаро Гавҳар Шариповани йўловчи сифатида миндириб олади. Ф.Ш. Ғузор тумани Ярғунчи қишлоғига яқинлашганида Гавҳар Шарипованинг елка ва қўлларидан ушлаб, тегажоғлик қилади. Шу пайт актриса автомашина эшигини очиб, унга ўзини ташлаб юборишини айтиб, огоҳлантиради. Аммо Ф.Ш. Гавҳар Шариповани эшикни очиқ ҳолатда ушлаб кетаётганлигини кўриб, унинг автомашинадан ўзини ташлаб юбориши ва бунинг натижасида оғир оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигига кўзи етса-да, бироқ бепарволиги туфайли бунинг олдини олмасдан, автомашинани тўхтатиш чораларини кўрмайди. Ф.Ш. автомашинани ўзига ишониш билан бошқариши натижасида Гавҳар Шарипова юк машинасидан тушиб кетади ва воқеа жойида ҳалок бўлади.

Маълумот учун:

Ф.Ш. 1990 йилда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. Ўзбекистон фуқароси. Маълумоти ўрта-махсус. Оилали, бир нафар фарзанди бор. У муқаддам судланган бўлиб, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Нуробод туман судининг 2019 йил 25 ноябрда­ги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми ва 45-моддасига асосан, транспорт воси­таларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йилга маҳрум қилиш ҳамда иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

"Марҳума автомашинага чиқмаган, унга тегажоғлик ҳам қилмаганман"

Судланувчи Ф.Ш. судда айбига қисман иқрорлик билдирди. Аммо Гавҳар Шариповани автомашинага миндиргани, унга тегажоғлик қилгани ва оқибатда у автомашинадан ўзини ташлаб юборганлиги тўғрисидаги терговдаги илк кўрсатмасини тасдиқламаслигини айтди.

—  2019 йилнинг июнь ойидан буён Тошкент-Термиз йўналиши бўйлаб юк ташиш билан шуғулланаман. 2019 йилнинг 18 ноябрь куни соат 21:00ларда бошқарувимдаги “Isuzu” автомашинасига Сурхондарё вилояти Ангор туманидан ҳар хил кўкатларни ортиб, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига йўл олдим. Тунги соат 02:15ларда Ғузор тумани Қўштепа қишлоғидан ўтиб, Ярғунчи қишлоғи томон кетаётганимда йўлнинг четида турган 35-40 ёшлар чамасидаги сариқ сочли аёл қўлини кўтариб, “олиб кетинг” ишорасини қилди. Мен эса автомашинани тўхташига қарор қилдим. Ўша вақтда автоулов тезлиги соатига 70-80 км бўлганлиги боис аёлдан тахминан 70-80 метр ўтиб тўхтадим ва уни миндириш ниятида соатига тахминан 5 км/соат тезликда ортга ҳайдадим. Чамаси 20 метр юрганимдан сўнг автомашина орқа томонидан “тақ” этган овоз эшитилди. “Isuzu”ни дарҳол тўхтатиб, пастга тушдим ва йўловчи аёлни автомашинанинг орқа ўнг ғилдирагининг ташқи томонида ерда жонсиз ётганлигини кўрдим. Уни ўзига келтириш учун юзига 2-3 марта урдим, аммо ўзига келмади. Сўнгра унинг елкасидан кўтариб, йўлнинг четига олиб чиқдим ва “103”га қўнғироқ қилдим. Орадан 15-20 минутлар ўтиб, Сурҳондарё вилоятида яшайдиган Ш. исмли ҳайдовчи танишим “Isuzu” автомашинасини миниб олдимга келди. Ўша пайт бизнинг ёнимизга Ярғунчи ҚВП тиббиёт ходимлари ҳам етиб келишди ва аёлни кўздан кечиришди.

Мен марҳумани автомашинага миндириб, унга тегажоғлик қилганим ва оқибатда у автомашинадан ўзини ташлаб юборганлиги ҳақидаги терговдаги илк кўрсатмамни тасдиқламайман. Ўша вақтда шошилганимдан ва ИИБ ходимлари ушбу жиноятда мени шубҳа остига олишганлиги учун шундай мазмунда кўрсатма беришга мажбур бўлганман. Гавҳар Шариповани аввалдан танимайман, у билан суҳбатлашмаганман ва тегажоғлик қилмаганман. Аслида уни автомашинанинг орқа томони билан уриб юборганман, эҳтиётсизлигим сабаб бахтсиз ҳодиса рўй берди. Ўша  вақтда машинада ва атрофда бошқа ҳеч ким бўлмаган. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Марҳуманинг оила аъзоларидан мени кечиришларини ва суддан менга енгиллик беришни сўрайман.

Судланувчининг важлари рад этилди

Гарчи Ф.Ш. судда терговдаги кўрсатмаларини тасдиқламаслиги ҳақида гапирган бўлса-да, унинг бу важи қуйидаги асосларга кўра рад қилинди:

­ Гавҳар Шарипова “Isuzu” автомашинадан тушиб кетган ва олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида  ҳалок бўлган. Бу ҳолат марҳуманинг танасида кўплаб шикастлар мавжудлиги ҳақидаги экспертиза хулосаси билан тўлиқ исботини топган.

­ Ф.Ш. тергов жараёнида ушбу ҳодиса қандай юз берганлигини батафсил тушунтириб, ҳаққоний ва ишончли кўрсатма берган. Шу боис суд Ф.Ш.нинг суддаги кўрсатмаларини жавобгарликни енгиллаштириш мақсадида айтилган важ, дея баҳолайди ва ҳақиқатга мос келмайди, деб ҳисоблайди.

Ҳадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази Қашқадарё вилоят бўлинмасининг 2020 йил 10 январдаги хулосасида, мазкур ЙТҲ вазиятида “Isuzu” ҳайдовчиси тормоз бериш йўли орқали ҳодисани олдини олиш техник имкониятига эга бўлганлиги, унинг ҳаракатлари амалдаги “Йўл-ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди талабларига зид эканлиги кўрсатилган.

"Айбдорни кечирмайман, етказилган зарарни ҳам олмайман"

Д.Ш, қонуний вакил, марҳуманинг онаси:

— Қизим Гавҳар Шарипова Тошкент шаҳрида яшовчи Ҳ. исмли курсдошининг уйида истиқомат қилган. Ҳ.нинг хонадонига ҳеч қачон бормаганман. Қизим “Қачон Тошкент шаҳридан уй сотиб олсам, ўша вақтда келасиз”, деб Ҳ.нинг уйига боришимга йўл қўймасди. Гавҳар Шарипова турмушга чиқмаган, уни охирги марта 2019 йилнинг август ойида Навоийга келганида кўрганман. Ўшанда у уйимизда 10 кунча туриб, фуқаролик паспортини алмаштириб, яна Тошкентга қайтиб кетган. 2019 йил 18 ноябрь куни соат 06:00ларда Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари қизимни йўл-транспорт ҳодисасига учраганини хабар қилишди. Соат 12:00 ларда уйимизга ИИБ ходими келиб, Гавҳарни йўл-транпорт ҳодисаси натижасида вафот этганини айтди. Қизимнинг ўлимига сабабчи бўлган судланувчи Ф.Ш.ни кечирмайман. Жиноят натижасида етказилган зарарни ҳам олмайман. Шу сабабли айбдорга нисбатан қонуний чора кўришларингизни сўрайман.

"Унда тириклик аломатлари сезилмади"

Ҳ.С, гувоҳ. Ғузор тумани Ярғунчи тез тиббий ёрдам шаҳобчасининг навбатчи врачи:

— 2019 йил 18 ноябрь куни соат 02:15да амалга оширилган чақирувга асосан, Ғузор тумани Ярғунчи қишлоғида яшовчи фуқаронинг ҳомиласи бе­зовта қилганлиги учун унинг уйига ҳайдовчи ва ҳамшира билан бирга бордик. Соат 02:45ларда беморнинг хонадонидан чиққан вақтимизда, ҳайдовчи Р.Р. яна чақирув бўлганини айтди. Биз Ярғунчи маҳалласига кириш йўлидаги кўприкка яқин жойда иккита “Isuzu” автомашинасининг тўхтаб турганини кўрдик. Машинадан пастга тушгач, иккала “Isuzu”нинг олдида икки нафар ҳайдовчи турганига кўзимиз тушди. Шу пайт орқадаги автомашина ҳайдовчиси йўлнинг четида бир аёл ётганлигини айтди. “Isuzu”дан тахминан 3 метрча узоқликда йўлнинг четида ётган аёлнинг юрак уришини текшириб кўрдим. Аммо унда тириклик аломатлари сезилмади. “Isuzu” ҳайдовчисига кетмаслигини ва мазкур ҳодиса ҳақида туман ИИБга хабар беришини айтдим. У эса  дарҳол туман ИИБга хабар берди.

Суд Ф.Ш.ни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан айблади. Шунингдек, судланувчига Жиноят Кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаларига асосан, аввалги ҳукми юзасидан ўталмай қолган жазо муддати қисман қўшилиб, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йилу 6 ойга ҳамда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланди. Асосий жазо муддати 2019 йил 19 ноябрдан бошлаб ҳисобланиши белгиланди.

    Бошқа янгиликлар