my5

Эски Тошкент авиация заводи ва бугунги Технопаркни солиштирамиз (фото)

ЖАМИЯТ 21.11.2020, 20:06
1634
Эски Тошкент авиация заводи ва бугунги Технопаркни солиштирамиз (фото)

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, саноат корхоналари фаолияти билан танишганлиги ҳақида хабар берилган эди. Биз ҳам ташриф доирасида эски ТАПОиЧ ҳудудида бунёд этилган Яшнобод туманидаги Технопаркда бўлиб, фаолияти янгидан йўлга қўйилган корхоналар билан яхшироқ танишдик. Бунда бизга “Технопарк” МЧЖ директори Сарвар Аҳадов ҳамроҳлик қилиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Ўйлаймизки, бераётган маълумотларимиз сиз учун ҳам қизиқ бўлади.

Бугун давлатимиз раҳбари 4 та янги ишга тушган лойиҳаларимиз билан танишди. Улар: лифт ишлаб чиқариш, қолиплар ишлаб чиқариш корхонаси, маиший насослар ишлаб чиқариш, саноат кондиционерлари ва музлатгич системалари ишлаб чиқариш корхоналари, - дея гап бошлади Сарвар Аҳадов, - Жами технопарк ҳудудида 17 та инвестицион лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган бўлса, бугунга келиб уларнинг 6 таси тўлиқ қувватда ишга тушди. Ишчиларимиз асосан ўрта-махсус маълумотига эга ёшларни ташкил этиб, жами 3000 га яқин иш ўрни яратилган. Кейинги лойиҳаларимиз – шу йилнинг охирида 2 та: Samsung бренди остида миллион дона кир ювиш машиналари ва металл консрукциялар ишлаб чиқариш бўлса, жами 17 та лойиҳамиз кейинги 2021 йилнинг июнь ойигача тўлиқ қувватда ишга тушади.

ИШЧИЛАР УЧУН ЯРАТИЛГАН ШАРОИТЛАР ҲАҚИДА АЙТИБ БЕРСАНГИЗ...

Ишчиларимиз овқат, униформалар билан таъминланади. Бундан ташқари, Тошкент ва Сирдарё вилоятидан келадиган ходимларимиз учун уйдан Технопарркача элтиб қўядиган транспорт харажатларини ҳам ўз бўйнимизга олганмиз. Яна “ижтимоий пакет” деган бир лойиҳамиз бор. Шу лойиҳа асосида биз оддий бир ишчимизга тахминан 500 минг сўм эквиваленти миқдорида биринчи эҳтиёж озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаймиз. Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, бу ерга ишга келган оддий ишчи ўз малакаси ва билимига кўра ишдан поғоналаб технолог, мастер, сифат назоратчиси даражасигача ўсиш имкониятига ҳам эга. 

ОЙЛИК МАОШЛАР ҚАНДАЙ МИҚДОРЛАРДА БЕЛГИЛАНГАН?

Ойлик маошлар оддий ўрта-махсус маълумотига эга ходимлар учун 1,3 млн. сўмдан бошланиб, олий маълумотли техниклар, дастурчиларчи ва бошқа ходимларимиз 5-8 млн. сўм атрофида белгиланган. 

ПРЕЗИДЕНТ ТОМОНИДАН ҚАНДАЙ ТОПШИРИҚЛАР БЎЛДИ?

Президентимиз замонавий ишлаб чиқариш ва кадрлар масаласига урғу бердилар. Шунингдек, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биз ва биз каби корхоналар ўртасида ўқувчи ва талабаларга ўқув-амалиётлари ўтказиш юзасидан топшириқлар берилди. Лифт хўжалиги йўналишида ҳам топшириқ бўлди. Яъни кўпчилигимиз биламиз, бугунги кунда республикамиз кўп кақатли уйларидаги лифтларнинг аксарият қисми яроқсиз ҳолга келган. 25 йил ва ундан ҳам кўп йиллар давомида лифтлар носоз ёки тез-тез бузилиш ҳолатига келиб қолган. Шинингдек, улар электр токидан оладиган юқори кучланиш билан ишлайди. Бизнинг технологиялар эса энергия тежовчи технологияларга дастурлаштирилган. 

ЎРТА ОСИЁДА ЯГОНА

Ушбу лойиҳанинг яна бир мақтовга лойиқ жихати шундан иборатки, лойиханинг хавфсизлик ва сифат кўрсаткичларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш мақсадида жамият ҳудудида баландлиги 60 метр бўлган синов минораси ташкил қилинганлигидир. Ушбу турдаги ишлаб чиқариш мажмуаларининг ажралмас бўлаги ҳисобланган бундай синов минораси Ўрта Осиёда ягона ҳисобланади.

СОЛИШТИРИШ ВА МАЪЛУМОТ УЧУН

Тошкент авиация заводи ишлаб турган 2010 йилда 50 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 30 миллион долларлик экспорт қилинган бўлса, Технопаркдаги барча лойиҳалар натижасида 2021 йилда 520 миллион долларлик маҳсулот тайёрланади ва 105 миллион долларлик экспорт қилинади.Шунингдек, илгари 3 мингдан зиёд иш жойлари бўлган, Технопаркда 6 минг 700 га яқин бўлади. Яъни, маҳсулот ишлаб чиқариш 10 баробар, экспорт 3,5 баробар, иш жойлари 1,7 баробар кўпаяди.

 

Сардорбек Раҳмонқулов тайёрлади

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+-1° туман
Валюта курси
10414.86
USD 23.93
12344.73
EUR 50.18
136.69
RUB 2.35