Ижтимоий тармоқларда Андижондаги мактаб ўқувчилари ташкил этилган тадбирда устки кийимсиз ташқарида байроқ ҳилпиратиб тургани акс этган суратлар тарқалди.
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат жорий йилнинг 22 ноябрь куни Андижон шаҳар 43-умумтаълим мактабидаги тадбирга тегишли.
Ҳозирда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ҳолат ўрганилмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича расмий муносабат берилади, дейилади расмий муносабатда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган Қорақалпоғистон тиббиёт институтида талабалар совуқ ҳавода мадҳия айтишга мажбурланганлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм каналида муносабат билдирилди.
"Олий таълим муассасалари томонидан «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» шиорига асосан кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказиш бўйича бир ой муддатта Республикадаги барча олий таълим муассасалари, касб-ҳунар колледжлари ва академик лицейларда ҳар куни дарс бошланишидан аввал Давлат мадҳиясини ва танаффус вақтида Ватан ҳақидаги қўшиқлар ва шеърлар ижро этилиши белгиланган.
Бу тантанали тадбирнинг ижроси Қорақалпоғистон тиббиёт институтида бошланди ва ҳар дарс олдидан ижро этилиши белгиланган. Бу тадбир ҳаво ҳарорати илиқ кунларда ташқарида ўтказилган. Кун совугандан сўнг бу жараён ўқув биноларининг ичида, ўқиш аудиторияларида масофани сақлаган ҳолда ва ниқобда амалга оширилмоқда", - дейилади муносабатда.






