2020 йилнинг 18 ноябрь куни соат 21:20 ларда Шаҳрисабз шаҳар “А.Темур” хиёбонига киришдаги 3 та асосий йўл четида ўрнатилган автотранспорт воситаларини киришини тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилганлигига қарамасдан Шаҳрисабз шаҳрининг “Зингирон” МФЙда яшовчи Н.Н., “Қушхона” МФЙ да яшовчи С.А., “Наврўз” МФЙда яшовчи Н.А. ва “Қўшховуз” МФЙда яшовчи А.С.лар бошқарувида бўлган автотранспорт воситаларида хиёбон ҳудудига пиёдалар йўлакчаси орқали кирган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ АХборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, улар дастлаб, Оқсарой тарихий ёдгорлиги, сўнгра Амир Темур ҳайкалининг олд қисмидаги зиналарга автомобилларнинг орқа ғилдирагини чиқариб, транспорт воситалари ёрдамида хавфли манёврларни амалга ошириб, жамоат тартибини ва фуқароларанинг осойишталигини бузишган.
Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ҳолати хиёбон ҳудудида ўрнатилган кузатув камерлари орқали аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ЙҲХГ ЙПХ инспекторлари Ш.Носиров ва Н.Хўжаевлар томонидан йўл харакати қоидаларининг 3.1 тақиқловчи белгисига амал қилмаганлиги сабабли фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди, дейилади хабарда.






