my5
Sevimli

Кадастр агентлиги тизимидаги 57 фоиз ходим аттестациядан ўтолмади. Бу нима дегани?!

ЖАМИЯТ 26.11.2020, 21:17
Кадастр агентлиги тизимидаги 57 фоиз ходим аттестациядан ўтолмади. Бу нима дегани?!

Аввалроқ, Кадастр агентлиги томонидан тизимда коррупцияга карши курашиш ва бу борадаги қонунчилик нормалари мавзусида матбуот анжумани ўтказилгани хақида хабар қилгандик. Унда Бош прокуратура масъул ходими Абдураҳим Муҳиддинов тилга олган тизимдаги суиистеъмолчиликлар каби қатор ҳолатларга Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид Мирмақсудов изоҳ берди... 

–Бу мавзуда 14 та ҳудудда ва ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ҳам матбуот анжуманлари ўтказдик. Лекин шунга қарамай, яна ушбу коррупцияга қарши курашиш мавзусига қайтаяпмиз.Сабаб нима? Сабаб – муаммонинг нақадар аҳамиятли эканини халқимизга тушунтириш. Бу соҳада коррупция асосан ер билан боғлиқ ҳолатларда кузатилади. Бу нафақат бизда балки бутун дунё миқёсида шундай. 

Нега? Чунки Ер инсон ҳаётида шунчаки сотиб олинадиган ва сотиладиган, ишлаб чиқиш, экин етиштириш ва шунчаки эксплуатация қилинадиган воситагина эмас, унданда кўп аҳамиятга эга. 

Дунё бўйлаб коррупция даражаси бўйича тадқиқотлар олиб борадиган “Transparency International” нодавлат халқаро ташкилоти қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам одамларга таъсир кўрсатадиган ер билан боғлиқ коррупциянинг қуйидаги шакллари мавжудлигини таъкидлаган:

• ер ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида пора бериш;

• ерга эгалик қилиш ҳуқуқини бериш эвазига аёлларга жинсий характердаги номақбул таклифлар, товламачилик ишларини амалга ошириш;

• одатий жараёнларда аёллар ва ёшлар ерга бўлган ҳуқуқларни осонликча ололмаслиги, расмийлаштира олмаслиги;

• хусусий инвесторлар ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги ер билан боғлиқ битимларида жамоатнинг иштирок этишдан четлатилганлиги; жумладан жамоатчиликка мансуб ҳудудлар тақдирида жамоатчиликнинг иштирок этмаслиги;

• шаҳарсозлик режаларининг ҳисобга олинмаслиги ва ер борасида чайқовчилик содир бўлишига имконият борлиги;

• одамлар ўз ерларидан чиқариб юборилганда ёки давлат манфаати юзасилан бўшатишга тўғри келганларида, уларнинг компенсация тўлови адолатсиз равишда қопланиши, қарор қабул қилишда қатнашишдан четлаштирилиши ва тегишли маълумотларга эга бўлишларига имкон бўлмаслиги.

Нега гапни айнан дунёда ер билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар билан бошладик?

Биринчи мақсадимиз муаммо фақат бизнинг юртимизда эмас, балки бутун дунёда глобал эканини тушунтириш. Кўплаб давлатлар айнан бу йўналишда коррупцияга қарши курашнинг ҳар хил усулларини қўллашган.

МАСАЛАН:

Боливиянинг Ла Пас шаҳри мери Хуан Дел Гранадонинг Коррупцияга қарши сиёсати коррупцияга қарши курашишда комплекс ёндашувнинг муваффақиятли намунасидир (1999 йилдан 2010 йилгача). 

Дел Гранадонинг коррупцияга қарши сиёсати учта асосий мақсадни кўзлаган: коррупция хатти-ҳаракатларини қаттиқ таъқиб қилиш, иқтисодиётни тиклаш ва фуқароларнинг давлат муассасаларига ишончини тиклаш. Ушбу уч вазифа шаҳар ҳокимияти томонидан амалга оширилган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва институционал ислоҳотларни белгилаб берган. Институционал ислоҳотларнинг бир қисми коррупция тўғрисидаги шикоятлар ҳақида хабар беришнинг турли механизмларига эга бўлган шаффофлик бўлинмаларини яратиш ҳисобланган.

2013 йилда эса Покистоннинг Лаҳор шаҳри маҳаллий ҳукумати Ерни рўйхатга олиш хизмати ҳузурида коррупция ва ходимларнинг нотўғри иши билан боғлиқ шикоят механизмини яратди. Ушбу механизм туфайли фуқароларнинг шахсий телефонларига қўнғироқ қилиб, фикр-мулоҳазалари олинган. Ҳукумат ушбу маълумотдан муаммоли жойларни аниқлаш учун фойдаланган ва дастур бошлангандан сўнг уларни ҳал қилган. Тахминан 1 миллион одам билан алоқа ўрнатилган ва 175 мингга яқин фуқаролар сўровга жавоб берган. Шулардан 6000 таси коррупция ҳақида хабар берган. Ҳукумат ушбу шикоятларбўйича иш тутган. 

Бу мисолларни нега келтираяпман? Чунки, бизда ҳам юқорида айтиб ўтилган мисоллардаги ишларни амалга оширувчи комплаенс-назорат хизмати иш бошлади. 

Комплаенс-назорат хизмати фаолиятининг шаффоф юритилишини таъминлаш мақсадида унинг барча бўғиндаги ходимларни лавозимга тайинлаш ва озод этиш фақат Агентлик директори ваколатига берилган.

Коррупцияга қарши ҳуқуқий асосларсиз  курашиш бу қуролсиз жангга чиқишдек гап. Шунинг учун биз:

  • Кадастр агентлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати; 
  • Кадастр агентлигининг комплаенс-назорат хизматитўғрисидаги низом;
  • Кадастр агентлиги тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисида низом; 
  • Кадастр агентлиги ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидалари; 
  • Кадастр агенлигининг одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқдик ва қабул қилдик.

Комплаенс-назорат хизматиташкил қилинган кундан шу кунга қадар юридик ва жисмоний шахслар томонидан Кадастр агентлиги тизими ходимларининг коррупцион ҳаракатлари устидан жами 65 та мурожаат ва шикоят хатлари келиб тушган. Мазкур мурожаатлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, 23 нафар айбдор ходимларига нисбатан турли хил жазо чоралари қўлланилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 июнидан 18 ноябрига қадар Агентлик тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг 829 нафари билан меҳнат шартномалари бекор қилинди. Шулардан 3 нафари суд хукмига кўра ва 7 нафари хизмат текшируви натижасига кўра меҳнат шартномалари бекор қилинган.

Президентимизнинг 2020 йил 7 сенябрдаги ПҚ-4819-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги тизимида меҳнат фаолиятини олиб борувчи ходимлар аттестация ўтказилмоқда.

ЖУМЛАДАН:

Кадастр агентлигининг туман-шаҳар раҳбар ва ходимлари бўйича аттестация натижаларига кўра, жами 338 нафар ходимдан 87 нафари яъни 25 фоиз ходим аттестациядан ўтди. 59 нафари, яъни 18 фоиз ходим аттестациядан шартли ўтган бўлса, 192 нафари, яъни 57 фоиз ходим аттестациядан ўтмаган.

Буни айримлар “соҳани тозалаш ишлари”, деб таърифламоқда. Қандай таъриф бўлишидан қатъи назар биз аҳолимизга ситқидилдан ва сифатли хизмат кўрсата оладиган халол муҳитни шакллантиришимиз керак. “Шунча ходим ишдан олинган бўлса, уларнинг ўрни қандай тўлдирилади?” деган савол пайдо бўлади. 

Биз яқинда ишга танлов бўйича эълон бердик. 3 кунда бизга 200 дан ортиқ ариза келиб тушди. Бугунга қадар 1000 га яқин аризалар қабул қилинди. Хозирда улар билан суҳбатлашяпмиз ва талабга жавоб берадиган кадрларни ишга оляпмиз.  Шу билан бирга олийгоҳни тамомлаган олий маълумотли ёш кадрлар бу йил соҳамиз бўйича 300 га яқин. Уларга онлайн диплом топшириш конференциясида шахсан иштирок этганман ва ишга таклиф этганман. Қувонарли томони шундаки иш сўраганларнинг аксарият қисмини ёшлар ташкил этади. Бу соҳада янгиланиш бўлади дегани. 

“ЎЗИ КАДАСТР СОҲАСИДА КОРРУПЦИЯНИНГ КАМАЙИШИ МАВЖУДМИ?”

Бу бугуннингэнг муҳим саволларидан бири.Ишонч билан айта оламанки, бугунги кунда камаймоқда. Буни таҳлиллар ҳам кўрсатади. 

2019 йилда Кадастр агентлиги тизимидаги 54 нафар ходимларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. 

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида эса ходимлар билан боғлиқ 21 та коррупцион холатлар аниқланган.Жорий йилнинг 1 июнидан 18 ноябригача бўлган вақт мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан 12 нафар ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Энг ачинарли томони шундаки, аксарият коррупцион ҳолатлар кадастрнинг собиқ ходимлари томонидан содир этилмоқда. Ишдан кетганига бир неча йил бўлган бўлса-да, одамларнинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан бойлик орттирмоқчи бўлганлар талайгина. 2019 йилда ана шундайларнинг 62 таси фирибгарлик жинояти билан қўлга олинган. 

“ХАЛҚИМИЗ КИМ ПУЛ ОЛИШИНИ-Ю, КИМ ОЛМАСЛИГИНИ ЖУДА ЯХШИ БИЛАДИ”

- Кадастр агентлиги томонидан аҳолимизга кўрсатиладиган барча хизматларни қабул қилиш Давлат химзатлари марказлари ёки интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилишни таъминлаганмиз. Мақсаднима? Инсон ва инсон омилини камайтириш. Коррупция айнан шундан келиб чиқади. 

Бундан ташқари кадастр ҳужжатларини тайёрлаш муддатлари ва нархлари бўйича регламентлар ишлаб чиқилди, жойларда ишлар ташкил этилган. Муддатлараниқ, уни бузган жавобгар бўлади, тўлов суммаси аниқ.Ундан ташқари, пул талаб қилганлар ҳам жавобгарликка тортилади. Биз томондан ҳаракатлар аниқ белгиланди. Энди иккинчи томон қолди,бу – халқимиз. Халқимиз бизга қаерда юқорида айтилган талаблар бузилганини, таъмагирлик ҳолат содир бўлаётганини айтса, биз уни бартараф этамиз. Ҳеч нимадан қўрқиш керак эмас, қонун сизтомонда!

Халқимиз ўша идорада ким пул олишини-ю, ким олмаслигини жуда яхши билади. Фақат буни яширишади. “Нега?” деб сўрасангиз “Нима қиламан ёмолик қилиб,болалари бор”, дейди. Аслида шуни олдини олмай, унга ёмонлик қилиб қўймаяпмизмикан? Эртага пора билан қўлга тушиб қамалиб кетса, ўша фарзандлари тирик етимга айланиб қолади-ку. Нафақат бизнинг соҳамизда балки барча соҳаларда ҳам жамиятимиз коррупцияга қарши курашишда бирлашмас экан, натижага эришиш жуда қийин бўлади. Оғир бўлса ҳам айтишим керак жамиятимизда коррупцияни келтириб чиқарадиган аҳоли қатлами мавжуд. 

Булар кимлар? Ноқонуний ишлар орқадисан даромад кўрувчилар. Яъни, ижарага берилган мулкни сотиш, ерларни ноқонуний эгаллаб олиш, экин ерларини сотиш ёки ўзбошимчалик билан иморат қуриш, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва буларнинг барчасини ҳужжатлартиришга ҳаракат қилиш коррупцияни келтириб чиқаради. Негаки ноқонуний нарсани қонунийлаштириш қонунни айланиб ўтиш дегани, аниқроғи бунинг имкони йўқ. Буни ҳуқуқшунос сифатида жуда яхши биламан. 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Шарҳлар