my5
Sevimli

Қалампир вирусни йўқотадими?

САЛОМАТЛИК 28.11.2020, 00:57
Теглар: қалампир, вирус
Қалампир вирусни йўқотадими?

ҚАЛАМПИР ВИРУСНИ ЙЎҚОТАДИМИ?

Кейинги вақтларда вирусни кучсизлантирувчи, иммунитетни кучайтириб, касалликни бартараф этувчи мевалар, сабзавотлар, кўкатлар хусусида турли тавсиялар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. Мазкур маҳсулотлар сафига қалампирни ҳам киритиб, унинг фойдали жиҳатларини билиб оламиз. Совуқ тушиши билан негадир баъзида аччиқ қалампирга таъбимиз тортади.

 Қадимда Абу Али ибн Сино узунчоқ қалампирни “дар фулфул” деб атаган. Уни энг содда ва фойдали дорилар қаторига қўшиб, “учинчи даражали иссиқлик ва иккинчи даражали қуруқ нарса” дейди. Қалампир “...Эритувчи ва совуқдан бўлган касалларни кетказувчидир...”  деб таъкидлаган. Демак, мазкур зиравор, албатта, дори нарса, бироқ у касал кишига эмас, соғлом одамларга кони фойда. Аммо шамоллаган кишини зўр терлатади. 

Қалампирни тарихига назар солсак, ватани Ҳиндистондир. Бир вақтлар Европадан Ҳиндистонга борган саёҳатчилар турли дориворлар қаторида қалампирдан ҳам олиб келадилар. Ҳиндилар қалампирни барча овқатларига қўшишар ва айрим касалликларни даволашда ишлатар эканлар. Улар бу ўсимликни “қалампирнинг ичида олов худоси бор” деб билишган. Европаликлар аввалига элаки қилинган қалампирнинг қип-қизил порошогини овқатга солишга қўрқишган. Йиллар ўтиб, кейинги борган саёҳатчилар унинг уруғидан олиб келадилар ва дастлаб Италияда экишади. Ейиш учун эмас, тувакларда кўкартириб дераза токчаларига қўйиш учун. 

Бугунги кунда тиббиёт унинг таркиби ва хусусиятларини чуқурроқ ўрганди. “Ичида олови бор” ўсимлик инсонни қиздириб, кучли терлатиш хусусиятига эгалиги боис, совуқ кунларда кўп истеъмол қиламиз. Шунингдек, йўқотиб бўлмайдиган иримимиз бор. Бу ҳам қалампир билан боғлиқ. Бир шодасини дарвозахона ёки уйнинг остонасига  “кўз тегмаслик учун”осиб қўйилиши, унинг манзарали, гўзаллигида эмасми?

Қалампир ҳақида  Dori-darmon AK ахборот хизмати тайёрлаган маълумотга кўра, Гарвард университети олимлари ўтказган тадқиқот натижаларига таяниб,  қизил қалампирни мунтазам истеъмол қилувчи кишилар юрак-қон томир, нафас олиш тизими ва хатарли ўсимталар муаммоларига камроқ рўбару бўлишар экан. Шунингдек, узоқроқ умр кўриши аниқланди.Олимлар етти йил давомида 30 ёшдан 79 ёшгача бўлган қарийб ярим миллион кишининг ҳаёт тарзини кузатишган.Ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, аччиқ таъмли овқатни хуш кўрувчилар бошқаларга қараганда 12-14 фоизга кўпроқ умр кўришади. Аччиқ қалампирни истеъмол қилишларини айтган кишилар қатор касалликлардан камроқ вафот этишган.

Мавзуга доир маълумотни эслатиб ўтамиз, қалампир киши умрини узайтириши ҳақида аввалроқ тавсия бериб ўтган эдик.

 

 

 

Шарҳлар